Яхшилик қил-у дарёга ташла...

22-07-2020, 09:30 admin Мақолалар 899


Маълумки, ислом дини чин меҳр-муҳаббат , соф иймон, эътиқод, биродарлик , дўстлик, буюк инсоний фазилат, ахлоқий сифат, таълим-тарбия асосига қурилган. Имони мукаммал киши ақоид ва фароизни бажариш билан бирга ўз ака-укалари, қўшнилари, қариндошлари, бева – бечоралар, етим-есирларга меҳр-шафқат ва мурувват кўрсатиши лозимдир. Қуръони Каримнинг : “ Мўминлар бир-бирлари билан оға-инидирлар” каби оятлари ана шу асослар учун далил, ҳадислар эса уни мазмунан бойитади.
Ҳадис: “ Ла юъмину аҳадукум ҳатта юҳиббу лиахийҳи ма юҳиббу ли нафсиҳи” Яъни: ” Орангизда ҳеч бир кимса ўзи севган нарсани ўз биродарига раво кўрмагунча иймони мукаммал бўлмайди”

Бу ҳақида ҳазрат Навоий шундай дейдилар:
“Мўъмин эрмастур улки иймондин,
Токи рўзгорида юз сафо кўргай,
Токи қардошиға раво кўрмас-
Ҳар неким ўзиға раво кўрғай”

Азалда мўъмину мусулмон халқимиз яхшилик қилишни , бировнинг ҳаққидан қўрқишни , омонатга хиёнат қилмасликни дастуриламал қилиб келишган. Шу ўринда бир ривоятни келтирамиз.
-Қадимда бир савдогар йигит ўтган экан.Унга отасидан катта мол-давлат мерос бўлиб қолган, йигит меросни асраб авайлаб сарфлар экан.Кунлардан бир кун савдо карвони Шом тарфга кетаётганини, бугун эрта йўлга чиқишини эшитибди.У яқинда уйланган, ҳали куёвлик чилласи ҳам чиқмаган экан. Роса ўйлаб охири келинчакка айтишга қарор қилибди.
- “Бегим, ахир сиз ўйнагани кетмаяпсизку,тирикчилигимиз шунга боғлиқ бўлса , бунинг асло касри йўқдир. Мен тангридан сизга омонлик тилаб , сизни сабр билан кутгум”-дебди келинчак кўзига ёш олиб ва эрига таъзим бажо келтирибди.
Савдогар йигит карвон билан кетибди.Карвон бир неча юртдан ўтиб, Яман деган жойда тўхтабди.Савдо жуда баракали бўлибди ва улар юртларига қайтмоқчи бўлишибди. Шунда улардан биттаси: -“ Дўстлар,шунча жойдан келиб, бир неча кунликкина йўл қолган Маккаю Мадинага бориб ҳаж қилмай кетсак,ғофиллардан бўлиб қолмаймизми? “- дебди. Унинг гапи барчага маъқул бўлиб,бориб ҳаж амалларини бажаришибди.
Бу жойлар савдогар йигитда катта таассурот қолдирибди.Каъбадан қайтар чоғида оёғига нимадир илинибди.Қараса, доналари дуру забаржадлардан ясалган тасбеҳ экан. Уни олиб кўзларига суртибди ва барча ишларини йиғиштириб, тасбеҳ эгасини қидира бошлабди.Бормаган жойи қолмабди, аммо эгаси топилмабди.Афсус билан ҳориб чарчаб ётоғига қайтаётганда , йўлда нимадандир жуда паришон бўлиб турган нуроний кишига кўзи тушиб,ундан ҳол сўрабди.
-“Ооо, бўтам, нимасини айтасиз, ҳар донаси бир юртнинг хирожига тенг келадиган тасбеҳимни тушириб қолдирибман.Нолимайману, у менга ота-бобомдан мерос эдида.Унутилмас ёдгорлик эди”-дебди.Савдогар йигитнинг кўнгли ёришиб кетибди.”Мен ҳам эрталабдан буён бир омонатнинг эгасини қидираман, мабодо мана бу эмасми?”-деб сўрабди . Ҳалиги киши йигитни маҳкам бағрига босибди.
-Офарин ,сизни ҳалол ва олижаноб қилиб тарбиялаган ота- онангизга савоблар ёғилсин”-деб уни мукофотламоқчи бўлибди.
-“Эй, мўътабар зот! Биз ўзи қаерда турибмиз? Агар нодир фазилатимизни пулласак, бу ерга нега келдик”- дебди йигит.
-Эй, олижаноб йигит,қўлингизни очинг, тақдир менга бу яхшиликка яхшилик билан жавоб беришни насиб этсин”- дебди.
Улар ўз йўлларига кетишибди. Йўлда савдогарлар карвони қароқчилар босқинига учрабди.Молларини олиб, ўзларини қул қилиб сотиб юборишибди.Йигит бир неча йил бир бойнинг хонадонида қул бўлиб ишлаб юрибди.Ниҳоят пайт пойлаб қочиб Ҳабашистонга келибди ва денгиз кемаларида юк ташувчи бўлиб ишлаб пул тўплаб, Яманга кетадиган кемага тушибди.Буни тақдир уни яна синовга солибди.Кема денгизда гирдобга дуч келиб чил- парчин бўлибди.Сув савдогарни қирғоққа чиқариб ташлабди.Ҳушига келиб қараса бегона жойда ётганмиш.Очликдан силласи қурибди.Шу пайт новвойлар саркори мунғайиб афтодаҳол турган йигитни кўриб қолибди.”Ҳа, йигит, бизга хизмат борми?”-деб сўрабди. “Биласизми оға,мен карвондан адашган бир мусофирман.Очликдан силлам қуриган. Илтимос , бир оз нон берсаларингиз,кечгача юмушингизни қилиб,ҳаққини оқласам”-дебди. Саркорнинг юзига табассум югурибди.
-“Буни қаранг, касал тузалгиси келса,табиб ўз оёғи билан келаркан.Сизни худо юборди бизга.Ўт қаловчимиздан икки кунки дарак йўқ. Марҳамат , нон-чойни ичиб, куч тўплаб, ишга тушинг”-дебди. Савдогар қорнини тўйғазиб ишга тушибди.Кечаси ҳамма уйига кетибди. Йигит ўша ерда ётиб қолибди. Саҳарда ишга келганлар ўз ишхонасини танимай қолишибди.Ҳаммаёқ чиннидек тоза, ораста, ярақлаб турганмиш.Улар жуда хурсанд бўлишибди.
Бир куни йигит саркорнинг нимадандир тажанглигини сезиб, ҳол сўрабди. “Эй , нимасини айтасиз, ҳисобчимиз бетоб бўлиб қолди.Эртага ширкатга бориб ҳисоботни топширишим керак, лекин калла қурғур ишламаяпти”-дебди.
“Шу холосми?-дебди йигит жилмайиб - майлими бир кўрсам.
“Йўғ-е !”
“Ҳа, ишонаверинг”-дебди йигит.
“ Майли, худо хайрингизни берсин”-дебди саркор.
Эртасига у ғоят дид билан тайёрланган ҳисоботни кўриб ҳайратда қолибди.
”Ҳисобчимиз тузалгунча шу ишни қилиб туринг. Ўт ёқадиган одамни ҳар қадамда топса бўлади.”-дебди саркор.
Ширкат раиси шохобчалардан тушган ҳисоботларни кўздан кечириб туриб йигит дид билан тайёрлаган ҳисоботга кўзи тушибди.”Ким бўлса ҳам , ширкатбоп киши экан, уни чақиртириб суҳбатлашишим керак экан”- дебди.
Бир куни саркор оғзи қулоғида бўлиб кириб келибдида, йигитни раис чақираётган- лигини айтибди. Йигит бориб ҳайрону лол туриб қолибди. Бу киши ўша, тасбеҳ эгаси эди! Улар бир-бири билан қучоқлашиб анча туриб қолишибди. Аллоҳ Таолонинг ҳақ ва ягона-лигига , ҳамма нарсага қодирлигига яна бир марта имон келтиришибди. Каъбатуллоҳда туриб қилинган дуони ёдга олишибди. Хўжайин унга янги қимматбаҳо кийимлар кийди- рибди,унинг шарафига катта зиёфат уюштирибди. Йигит бошидан ўтганларини айтиб берибди, ўтирганлар кўзларига ёш олиб тинглашибди.
Хўжайин унга жуда катта мулк ҳадя қилибди ва уни уйига кузатиб қўйибди....
Бу ривоятнинг давомида йигитнинг уйида садоқатли аёли мўйлови сабза урган йигитча билан ухлаб ётганида келиб қолиб сал бўлмаса ўз ўғлини ўлдириб қўяёзганлиги ҳикоя қилинади. Аммо биз яхшилик ҳкқида гап очганлигимиз боис давомини келтирмадик. Савдогар йигит қилган яхшилигининг мукофотини ўн –ўн беш йилдан кейин бўлсада олди. Демак, холисанлилло қилинган яхшилик ва сабр –қаноат бахт-саодат гарови экан. Афсуски, ҳозир бу нарсага кўпчилигимиз эътибор бермаймиз.Бировга нақд пулни қандай -дир фоизларга қарзга бериб, фойдани кўзлаймизу қилинган яхшиликка ўн баробар қайта- рувчи борлигини унутиб қўямиз. Аллоҳ Таоло ризолигига элтувчи ҳалол йўлни қўйиб ҳаром қилинган йўлдан юрамиз. Ривоятда ҳар икки тараф яхши инсонлар мисол қилинган. Аммо , муҳтож бўлиб қарз сўраб келганида, холис яхшилик қилиб жонига оро кирган одамни пулини бермай йиллаб сарсон қилиб, охири “кечдим шу пулдан “ дейишга мажбур қилганлар озми? Биродар , у кечса ҳам аллох таоло кечмайди ,у алам устида айтган- лигини қодир аллоҳ кўриб турибди, қиёматда адолат қарор топади , ишонаверинг, унда сизга қийин бўлади. Бир мисқол савоб жонингизни қутқарадиган кунда уни қандай тўлайсиз? Айтишадику, “ухлатиб кетдим” деб қувонма, йиғлаб-йиғлаб тўлашинг бор деб. Меҳрибон аллоҳ ҳеч кимнинг ҳаққини бировда қолдирмайди. Аллоҳ таолонинг адолати барқарор бўладиган кунга тайёр булишимиз лозим. Шундай экан, азизларим ,беғараз яхшилик қилишдан ҳеч қачон чарчамайлик. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло бунинг мукофотини шу дунё ёки охиратда албатта беради. “ Яхшилик қилу дарёга ташла, балиқ билмаса холиқ билади “-деган гап бежизга айтилмаган.

Навбаҳор тумани "Сарбозор" МФЙ отинойиси. K. Жабборова
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш