САБР ВА ТОҚАТ

17-07-2020, 06:00 admin Мақолалар 803

“Албатта, биз сабр этганларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр билан мукофотлаймиз”
(Наҳл сураси 96-оят)
Сабр – инсоннинг машаққатларга чидаш, иймон тақозо этган ишларни амалга ошириш, Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлишдир. Аллоҳ таоло инсон зотини барча жонзотлардан афзал қилиб яратди. Шу билан бирга уни синов имтиҳонлардан ўтказишни ҳам ирода қилди. Ҳақиқий мўмин киши ҳаётида учрайдиган барча салбий ҳолатларга сабр қилади ва бунинг эвазига Парвардигоридан ажр – савоб ато қилишини сўрайди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Агар мўминга хурсандчилик етса, шукр қилади. Агар унга бирор зарар етса, сабр қилади. Бу ҳам унга хайрлидир.” (Имом Ахмад ва Муслим ривояти)
Сабр ва тоқат инсон учун ҳамиша керак. Яхшилик етганида ҳам зарар камчилик пайтида ҳам, фойда-борчилик пайтида ҳам. Сабр сўзининг маъноларидан бири ҳам – танглик пайтида ўзини тутиб туришдир. Сабр ҳиссий ва ақлий оғирлик ва аламларга чидашдир.
Ҳадиси шарифда марҳамат қилинади: “Сабр уч турлидир. Мусибатларга сабр, тоатда сабр, гуноҳ қилмасликка сабр. Ким бало ўзидан кўтарилгунча чиройли сабр қилса, Аллоҳ таоло унга уч юз даража ёзади. Ким тоатда сабрли бўлса, Аллоҳ таоло унга олти юз даража ёзади. Ким маъсиятга қарши сабр қилса, Аллоҳ таоло унга тўққиз юз даража ёзади”.
Сабр, умматнинг ижмоси билан фарз бўлиб, имоннинг ярми ҳисобланади. Қолган ярми эса шукрдир. Инсоннинг маънан юксалишигина эмас, дунё ҳаётида ҳузур ва саодат ичра яшаши учун ҳам сабр зарур. Биз кўпинча ўтмишни ўйлаб, “агар”, “кошки” лар билан вақт ўтказамиз. Тушкунликка тушиб, ўйланиб ўтиришимизга сабаб ўтмишда бўлган ҳар турли ишлардир. Бу ҳасталик ҳам сабр билан енгилади. Мўмин банда ўтмиш ва келажак ҳақида қайғуга тушмайди, яшаётган лаҳзаларнинг қимматини билади. Ақлнинг зийнати сабр ҳисобланади.
Аллоҳ таолонинг улкан мукофотларига сазавор бўлишини қуйидаги ояти карима мисолида кўришимиз мумкин: “ Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва меъвалар (хосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)! Уларга мусибат етганида: Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва рахмат бордир ва айнан улар ҳидоят топувчилардир.” (Бақара, 155-157- оят).
Демак, сабр қилиш улуғ фазилат экан. Сабрнинг яна бир маъноси ҳар қандай ҳолатда инсон ўзини ушлаб ва тўхтатиб туришдир. Инсон ўз табиатига кўра бошига бирон-бир мусибат тушса, ғам чекади, хафа бўлади. Бу табиий, инсоний ҳусусиятдир, айб ҳисобланмайди. Аммо бу ҳиссиётга қаттиқ берилиш, натижада ҳаддан зиёд дод-фарёд қилиш ва ўзини йўқотиб қўйиш, ножоиз амал ҳисобланади. Мусибатда энг чиройли амал бу – сабр қилишдир.
Дунёдаги ҳолатлар бошқача бўлиши мумкин. Баъзан жиноятчи, золим ва тажавузкорларга омад кулиб боққандек кўринади. Бундай қарасангиз, ишлари зўр, кунлари шод-хуррамликда ва айш-ишратда ўтаётгандек. Улар дунёнинг ярмига, балки ҳаммасига эга бўлсинлар, аммо беш кунлик ўткинчи дунё матоҳларининг қиймати қанча? Унга эришганлар аслида нимага эришадилар ўзи? Аммо сабр қилганлар мардлик ишларини амалга оширган бўладилар ва унинг тўла тўкис ажрини оладилар. Зероки, Аллоҳ сабрлилар билан биргадир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Шубҳасиз, ким сабр қилса, кечирса, албатта бу мардлик ишлардандир” деб марҳамат қилади. (Шуро сураси 43-оят). Бу ояти каримада Аллоҳ таоло сабр қилишга даъват қилиб, яна кечиримли бўлишни ҳам буюрмоқда.
Сабр – нафсни қайғу ва аччиқланишдан, тилни шикоятдан ва аъзоларни ташвишдан тутиб туришдир. Сабр- нафснинг энг гўзал амалларидан бири бўлиб, қилиниши яхши ва гўзал бўлмаган нарсалардан сақланишдан, бало етганида гўзал одоб ила туриш ва истироб пайтида қалбни собит тутишдир.
Аллоҳ барчамизни гўзал сабр қилувчи бандалари қаторида айласин.

Навбаҳор тумани “Оқ олтин” МФЙ отинойиси О.Ҳаккиева.
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш