Судхўрлик улкан гуноҳ ёҳуд унинг аянчли оқибатлари

19-09-2017, 20:39 admin Мақолалар 2 972

Судхўрлик улкан гуноҳ ёҳуд унинг аянчли оқибатлари

Барчамизга маълумки, инсонлар ҳаётининг аксар қисми молиявий муомалалар асносида ўтади. Чунки турмуш шароити шуни тақазо этади. Айниқса, кишиларнинг кундалик эҳтиёжлари ортиб бораётган ушбу замонда. Агар молиявий муомалалар, олди-бердиларга оид зарурий қонун, қоидалар ишлаб чиқилмаганида эди, турмуш қийинлашиб, одамлар ўртасида келишмовчиликлар кўпайиб кетган бўларди.

Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсинким, ушбу масалалар ечими, буюк аждодларимиз амал қилиб келаётган муқаддас Ислом динимиз кўрсатмаларида ҳам ўз тасдиғини топган. Инсонлар орасида қарз бериш ва қарз олиш каби муомалалар ҳам мавжуд. Албатта, қарз бериш савоб ишлардан ҳисобланади. Аммо қарз беришнинг шундай бир тури борки, унда қарз берувчи, бераётган қарзини кўпайтириб қайтарилиши эвазига, яъни, фоизга беради. Қарз беришнинг мазкур тури “судхўрлик” деб номланиб, шариатимизда қатъий қораланган ва қайтарилган ишлардан биридир.
Мақоламиз мавзуси ушбу долзарб масалага бағишланади.
Аллоҳ таоло айтади: يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَأْكُلُواْ الرِّبَا أَضْعَافاً مُّضَاعَفَةً وَاتَّقُواْ اللّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

“Эй мўминлар! (Берган қарзларингизни) бир неча баробар қилиб (олиш билан) судхўрлик қилмангиз! (Шунда) шояд нажот топгайсизлар.” (Оли Имрон сураси-130).
الَّذِينَ يَأْكُلُونَ الرِّبَا لاَ يَقُومُونَ إِلاَّ كَمَا يَقُومُ الَّذِي يَتَخَبَّطُهُ الشَّيْطَانُ مِنَ الْمَسِّ ذَلِكَ بِأَنَّهُمْ قَالُواْ إِنَّمَا الْبَيْعُ مِثْلُ الرِّبَا

Судхўр бўлган кимсалар (қиёмат кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалган мажнун каби турадилар. Бунга сабаб уларнинг: “Байъ (олди-сотди) ҳам судхўрликнинг ўзи-ку деганларидир.” (Бақара сураси-275).
Яъни, улар Аллоҳ ҳаром қилган иш – судхўрликни ҳалол билдилар. Шу сабабли қиёмат қоим куни Аллоҳ барча одамларни қайта тирилтирганда, судхўрлардан ташқари, барча одамлар қабрларидан тезда туриб кетадилар. Судхўрлар худди тутқаноғи бор одамдек, ўринларидан туришлари билан йиқиладилар. Уларнинг дунёда судхўрлик орқали еган ҳаром нарсаларини Аллоҳ қиёмат кунида қоринларида кўпайтириб қўяди. Ва бу уларга оғирлик қилади. Улар турмоқчи бўладилар-у, бироқ йиқилиб тушаверадилар.

Самура ибн Жундуб розияллоҳу аънҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кечқурун (тушумда) икки кишини кўрдим. Улар мени муқаддас ерга олиб чиқишди. Юриб-юриб қонли дарёга дуч келдик. Дарёда бир киши бор эди. Соҳилда бошқа киши қўлида ҳарсанг тош ушлаб турарди. Дарёдаги киши келиб чиқмоқчи эди, соҳилдаги киши оғзига тош билан уриб, келган жойига қайтариб юборди. У қачон келиб чиқмоқчи бўлса, оғзига тош билан урар ва у яна олдинги жойига қайтиб кетарди. Дарёда киши ким деб сўраган эдим, “Судхўр” деб жавоб беришди.” Бухорий ривояти.

Судхўр ўлган вақтидан то қиёмат кунигача, қонли дарёда сузиб тош билан “сийланади”. Бу азоб қабрда бўлади. Бундан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Судхўрни (фоиз еювчини), олувчини, котибини ва гувоҳ бўлувчининг ҳаммаси (гуноҳда) баробар” – деганлар. (Муслим ривояти). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қайси қавм орасида зино ва судхўрлик авж олса, улар ўзларига Аллоҳнинг азобини ҳалол қилган бўладилар. (Абу Яло ривояти). Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу аънҳу айтганлар: “Фоиз олувчи, “судхўр” ҳам берувчи ҳам дўзахдадир”. Қатода розияллоҳу аънҳу айтадилар: “Судхўрлар қиёмат кунида жинни ҳолида тириладилар. Бу уларнинг аломати бўлиб, маҳшаргоҳдагилар уларни шундан таниб оладилар.”

Ушбу мавзуда бежизга қалам тебратмадик. Чунки бундай қабиҳ гуноҳ ишлар билан шуғулланувчи ҳамшаҳарларимизнинг борлиги, уларнинг кўпчилигини эса, оналик шаъни билан улуғланиши лозим бўлган аёлларимиз ташкил этишлари жуда ачинарли ҳолат. Кўплаб оилаларни қарз ботқоғига ботиб, шу сабабли, оила ажримлари бўлаётганлигига гувоҳ бўлаяпмиз. Аллоҳ таоло барчаларимизни фақат эзгу амаллар билан шуғулланишимизни насиб айласин.

“Зарафшон” жоме масжиди
имом-хатиби Комилжон Шодмонов

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш