ҲАР БИР ЁШ БОРКИ, АЛБАТТА БИР КУНИ КЕКСАЛИК УНИНГ ЭШИГИН БИР ҚОҚИБ ЎТГУСИДИР!

30-06-2020, 21:32 admin Мақолалар 706

Кексалар деганда авваломбор, ёши улуғ зотлар, қолаверса сиз билан бизни дунёга келтирган нуроний отахон-уонахонларимиз кўз олдимизга келади. Қарилик бир беморликдирки, ҳеч ким у беморни кўришга бормас, қарилик бир иллатдирки, ўлимдан бошқа ҳеч бир киши унинг иложисини топа олмас. Юз ёшга кирган, қадди ёйдек букилган қўлига хасса тутган бир отахон йўлда кетаётган эди. Барваста ёш йигит уни масхара қилиб “Эй шайх ушбу ёйни неча тангага олдинг? Айтгин мен ҳам олай”-деб масхараомуз гап отди. Шунда отахон “Агар умринг етишса, сабр қилсанг, бу ёйни сенга текинга беришади”- деб жавоб қайтарди. Инсон қариларнинг дардини, аҳволини ёши ўтавергач кўпроқ тушуниб бораркан. Катталарни ҳурмат қилиш Аллоҳ таолонинг инсонлар ўртасида жорий қилган инсоний фазилатларидан биридир. Ҳар бир иш авваломбор катталардан бошланиши лозимдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Катталарни ҳурмат қилмаганлар биздан эмасдирлар”-деб марҳамат қилдилар. Кексаларни ҳурмат қилиш Аллоҳ жорий қилган ҳақдир. Бундай инсонларимизни дуолари юртни турли хил балою офатлардан сақлайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар, эмизикли чақалоқлар бўлмаганда эди, бошингизга балолар селдек ёғилар эди”- деган эдилар. Шу ўринда бир воқеани айтиб беришликни жоиз деб топдим. Бир куни бир танишимизни айтишича узоқ тумандан қайтаётиб, ёш бир йигит кўчада кекса отахонни соч-сақолларидан тортқилаб, аёвсиз равишда дўппослаётганини гувоҳи бўлишибти. Зудлик билан машинани тўхтатиб оғзи-бурни қонга тўлган, баданлари моматалоқ бўлиб кетган отахонни ҳалиги йигитнинг қўлидан аранг ажратиб олишибти. Маълум бўлишича ичкиликка муккасидан кетган ўғил отасидан нафақа пулини топиб беришини талаб қилиб дўппослаётган экан. Қуръони каримда “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишига буюрдик” – деб мархамат қилинади. (Анкабут сураси-8 оят, Луқмон сураси – 14 оят, Аҳқоф сураси – 15 оятлар). Шунингдее, ҳадиси шарифларда ҳам ота-оналарга яхшилик қилиш ва уларни ҳеч қачон хафа қилмаслик тўғрисида панд насиҳатлар қилинади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан амалларни қай бири яхшироқ дейилганда “Вақтида ўқилган намоз ва ота-онасига яхшилик қилиш”- деб жавоб бердилар. Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилишни ибодат даражасига кўтарди. Негаки уларнинг сочлари фарзандлари ғамида оқарди, нурли юзларидаги ажинлар фарзандлари юзасидан тушди, нурафшон кўзларининг нурлари эса фарзандлари йўлида зоя бўлди. Халқимиз орасида “Ота – она рози – Худо рози”- деган нақл бор. Шариатимиз фарзандларни ота-онасига яхшилик қилишга буюради. Оталар сўккан бола оқ бўлади, отасини сўккан фарзанд эрта боласидан калтак ейди, отасини урган фарзанд эса бора-бора боласини қўлида ҳалок бўлади. Ҳою-ҳавас, хирсни орқасидан қувган фарзандлар ота онасини йиғлатиб хор-у зор бўладилар, маломатларга қоладилар, қурган данғиллама иморатлари корларига ярамайди, наинки олган янги машиналари ўзларига буюрмайди.
Анас (р.а.)дан ривоят қилинади. “Қайси бир ёш инсон бир кексани кексалиги учун иззат қилса, Аллоҳ унга ҳам шу кекса ёшига етганда уни иззат қиладиганларни тақдирига битади”. (Термизий ривояти). Халқимизда “Қариси бор уйнинг париси бор” – деган ажойиб нақл бор. Хонадонларимизнинг файзи бўлган отахонларимиз, азизу-мукаррам момоларимиз, меҳрибон ота-оналаримиз, дунёдаги барча яхшиликларга чиройли сўз, меҳр, ардоқ ва ғамхўрликка лойиқ зотлардирлар. Кексаларнинг динидан, ирқидан, миллатидан қатъи назар мусулмон бўлган киши ёши улуғларга бараварида хурмат кўрсатишлиги лозимдир. Шариат ота-онага хизмат қилишни фарз даражасига кўтарган бўлса, кексаларимизнинг ҳуқуқлари давлатимиз ҳимоясида эканлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Шу билан биргаликда Қомусимизнинг 45-моддасида “Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар, ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир”- деб белгилаб қўйилган. Аллоҳ ҳар бир инсонни кексаларни, ота-онасини дуоси бирла, йиллар давомида машаққат билан етолмаган орзуларига бир лаҳзада етиштиради. Азизлар ҳаётимизни маъноси бўлган кексаларимизни ва ота-оналаримизни асраб авайлайлик, хизматларида бўлиб, вақтида қадрларига етайлик, зеро хаёт чархпалаги бизни ҳам қарилик остонасида амалларимизга қараб кутиб турганлигини ёдимиздан чиқармайлик.


ЎМИ Навоий вилояти вакиллигининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси: У.Холова
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш