Хайр - моҳи Рамазон!

22-05-2020, 13:16 admin Мақолалар 642

Аллоҳ таолога битмас туганмас ҳамду саноларимиз бўлсин. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловату, салому шарифларимиз бўлсин. Халқимизнинг маънавий ҳаёти, миллий қадрият ва анъаналаримизнинг ажралмас бир қисми бўлган, муқаддас ислом динимизда инсонпарварлик моҳиятини ўзида яққол ифода этадиган Рамазон ойи тугаб, ҳайит байрами яқинлашиб келмоқда. Мана азизлар ўн бир ой кутилган оғир иштиёқдан сўнг ниҳоят эзгулик ва хайр мавсуми, ибодатлар фасли, саҳовату-дуо ойи бўлмиш моҳи Рамазон ойи якун топмоқда. Жаннатмакон ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари бу улуғ фазилатли ойни шодлигу-қувонч билан кутиб олдилар. Кимдир Рамазон рўзасини тўлиқ тутиб, кимдир таровеҳга муҳаббат боғлади, кимдир савоб илинжида, яна кимдир бу саноқли кунлар мобайнида Қуръони каримни тўлиқ ўқиб тушириш иштиёқида бўлди, яна кимдир ўз хатоларини тузатиш, ҳасад, гинаю-қудрат каби иллатлардан қалбини мусаффо этса, яна кимлардир хайрли, савобли, меҳр-мурувват, саховат, силаи-раҳм каби олижаноб ишларга вақтини сарфлади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Рамазон ойида одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган” – (Бақара сураси 185 оят). Ушбу оятда Рамазон ойининг бошқа ойлардан афзал ва устун эканлигига далолатлар бор. Бу ой раҳмат ойларидандир.
Рамазон ойининг фазилатларини санаб тугатиб бўлмайди. У буюк фазилатлар ва улуғ имтиёзлар ойидир.
Рамазон Қуръон ойидир. Тафсир китобларида келишича, Қуръони карим Рамазон ойининг Қадр кечасида Лавҳи маҳфуздан дунё осмонига туширилган ва йигирма уч йил мобайнида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга индирилган. Салафи солиҳларимиз бу муборак ойда Қуръони карим учун жуда ҳам эътиборли бўлиб, жуда кўп вақтларини Қуръон ўқиш учун ажратганлар. Рамазон ойи хайр-саховат ойидир. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бу муборак ойда бошқа ойларга қараганда янада саҳийроқ бўлиб кетар эдилар. Шунинг учун ҳам мусулмонлар Рамазон ойи кирганида ҳаргалгидан ҳам саховатлироқ бўлишга одатланганлар. Закот ва шу каби садақа эхсонларини айнан шу ойда беришга бел боғлаганлар.
Рамазон рахмат ойидир. Бу ойда Аллоҳ таолонинг рахмати жўш уради. Рахмат эшиклари очилади. Махфират кунлари айнан рамазон ойида ўтади.
Рамазон ойи дўзахдан озод бўлиш ойидир. Унда жаннат дарвозалари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади. Шунинг учун ҳам хайрли ва солиҳ амаллар кўпроқ бажарилади. Гуноҳ, масият, уятли ишлар тўхтатилади. Бу ой тунда намоз ўқиб ва нафл ибодатлар қиладиган ойдир. Бунда суннат бўлган таровиҳ намозлари ўқилади.
Рамазон – дуо ойи ҳамдир. Айниқса ифторликдан бир оз олдинги муҳлатда дуо қилинса бу шаксиз ижобат бўлади. Бу тўғрисида Росулуллоҳ саллолоҳу алайҳи вассаллам “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: Адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси” - дедилар(Ибн Можа,Термизий, Аҳмад ибн Ҳамбал, Байҳақий ривоятлари).
Хуллас, Рамазон ойининг фазилату-хусусиятларини санаб охирига етиб бўлмайди. Аллоҳ раҳмат, мағфират дуолар ижобат бўладиган Рамазон ойида қилган амалларимизни даргоҳида ҳусни мақбул айласин.
Мана Рамазон ойининг сўнгида хурсандчилик куни ҳайит байрами эшик қоқиб кириб келмоқда. Бунда ёшу-қари бирдек шоду-ҳуррам, бир-бирларига хурсандчилик улашадилар, табриклар изҳор қиладилар. Шу билан биргаликда ҳайит байрамларимизнинг ҳам ўзига хос одоблари бор. Аввалом бор яхши ният қилиш, бунда мусулмон киши бошлаётган ишини яхши ният билан бошламоғи керак.
Ғусл қилиш – демак покланиш билан тайёргарлик кўриш.
Хушбўйланиш – ювиниб тоза бўлгач мушку-анбарлар билан хушбуйланиш бу чиройли одатларимиздан бири. Яхши кийимлар кийиш. ҳайит байрамлари иложи борича янги кийим кийиш мустаҳаб амалларидан биридир. Бу яна бир хурсандчилигимизни ёрқин намоён этади.
Фитр садақаларини адо этиш – яъни рўзани чиқиш муносабати билан бериладиган садақаларимизни адо этишлик.
Ҳайит куни оғиз очиқлигини билдириш мақсадида ширинлик, ёки хурмо еб олиш суннат амалларидан ҳисобланади.
Хозирги пайтдаги бутун ер юзида пандемия тарзида тарқалган Корона вирус карантини туфайли ҳайит байрами одобларидан бир қанчаларига чекланишлар қўйилди. Булар ҳайит намозини ўқиш, таҳлил-такбир айтиш, бир-бирлари билан кўришиб ҳайит билан муборакбод этиш, қавму-қариндошларни зиёрат қилиш кабилардир.
Халқимизда бир нақл бор “Ўзини асраганни Аллоҳ асрайди”- деган. Ҳар биримиз ўзимиз ва яқинларимиз саломатлиги учун маъсул бўлиб муқаддас байрамимизни уйимизда нишонлаймиз. Зеро, карантин муддатини узайиши ва соғлигимиз ҳар биримизнинг ўз қўлимиздадир. Лекин, ҳозирги синовли кунларда ҳар бир мусулмон ўзини, оиласини, қўни-қўшни, қариндошларини соғлиги, юртимиз, халқимиз тинчлигини ўйлаб байрамни оила аъзолари билан биргаликда нишонлашлари зарур. Байрамда аёлларимизни бироз маъсулиятли бўлишларига тўғри келади. Қайноналар келинларини ёнларига олиб, байрам дастурхони учун турли пишириқ, ширинликлар, тансиқ, тотли таомлар пишириб дастурхон безатсалар, қизу-келинларга пазандаликдан сабоқ берсалар. Дастурхон устида эзгуликдан, тўғриликдан, сабр, меҳр-оқибатдан сабоқ берсалар, оталар-оналар, бобо-бувижонлар насиҳатлари билан намуна бўлсалар бир дунё ажр-савобларга эга бўладилар. Бу орада ширинлик ва таомларимиздан яқин қўни-қўшни, оғир-беморлар, ночор оилалар бўлса карантин қоидаларига мос равишда бирровгина йўқлаб қўйсак бу янада нур устига аъло нур бўлади.
Азиз юртдошлар! Синовлар ўпқонида турган бу кезларда саховатли, меҳр-мурувватли ва тавба-тазарруда бўлайлик. Эртанги ҳайит байрамини тўкин дастурхон атрофида оилавий байрам қилиб, фарзандларимизга эзгулик, поклик, иймондан қайта-қайта насиҳат қилайлик. Барчаларимиз биргаликда юртбошимиз атрофида жипслашиб шароит тақозоси билан чиққан кўрсатмаларга амал қилиб, ҳайит байрамини уйда оиламиз бағрида нишонлайлик.
Кириб келаётган ийди Рамазон барчаларимизга муборак бўлсин.
Меҳрибон Зот азза жалла бу синовли кунлардан эсон-омон ўтишликни ва навбатдаги ҳайит байрамларини биргалашиб байрам қилишлигимизни насиб рўзи айласин. Омин.




ЎМИ Навоий вилояти бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси У.Холова
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш