Очиқ либослар ҳақида очиқ гаплар

6-05-2020, 11:33 admin Мақолалар 592

Бу мавзу бугунги тамаддун юқори чўққига чиққан давримизда ёшлар тарбиясида бош масалалардан бирига айланди. Ғарб давлатларидан интернет сайтлари орқали кириб келаётган “оломонча маданият” бугун айрим онги паст, билими саёз, ўзлигини унутган, асрий ўлмас урф-одатларимизни билмайдиган ёки менсимайдиган ёшлар ўртасида кенг ёйилмоқда. Шаҳардаги ёш қизларнинг ярим яланғоч юриши, киндигини, белини кўрсатиб тор шим-юбкалар кийиши, айрим жойлари йиртиқ, ўзларича “мода” деб атайдиган кийимларда бўлиши, энг ёмони, ёқаси кенг очиқ кофта, кўйлакларни кийиб беҳаёларча юриши ҳаммани ташвишга солмоқда, ўйлантирмоқда, мушоҳада қилишга ундамоқда.
Бу ҳол ҳатто қишлоқларга ҳам етиб келмайди, деб кескин айта олмаймиз. Бирингизнинг қизингиз, келинингиз ёки неварангиз қайсидир шаҳарда ўқиса, ишласа, унинг қандай кийиниб юрганини, ҳаё чегарасидан чиқиб кетган-кетмаганини қаёқдан биласиз?
Ахир, ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шарафли ҳадисларидан бирида: “Ҳаё иймондандир” деб марҳамат қилганлар-ку...
Бугунги кунда нима учун ажрашишлар кўпайиб бормоқда? Нега ёш оилалар арзимаган сабаблар билан жанжаллар гирдобига тушиб қолаяпти? Нега қайнота, қайноналар келинининг кийинишидан ор қилиб, нолиб МФЙга мурожаат қиляпти?..
Бунинг сабаби, бизнингча, айрим ёшларимиз тўқ ва фаровон, енгил-елпи умр кечириб, фақатгина бойлик, молу дунё ҳирсига тушиб, “мода” деган балонинг орқасидан эргашиб, маънавий қашшоқлашиб бормоқда. Баъзилар эса дунёвий дабдабалар, “оммавий маданият” тузоғига илиниб қолмоқда. Муҳтарам Президентимиз Мирзиёев Шавкат Миромонович ёшлар тарбияси, уларнинг билим олиши, порлоқ келажаги учун қанча-қанча хайрли ишлар қилмоқда. Истиқболли лойиҳалар, жуда катта имтиёз ва имкониятлар ёшларни бахтли келажак сари чорламоқда. Ўз вақтида пухта билим олиш, Аллоҳнинг ҳар бир бандасига берган омонат умридан, айниқса, ёшлик давридан оқилона фойдаланиб, илм ва ҳунар эгаллаш, халқ ва давлатимиз учун хизмат қилиш энг яхши ва хайрли йўл эмасми?!
Аслида, шариат илмида аёл кишининг оёғи (тўпиққача), икки қўли (чиғаноққача) ва юзидан бошқа жойи аврат ҳисобланади, уни очиб юриш гуноҳ бўлади. Мен ҳижобга киришни, ўраниб юришни асло тарғиб этмоқчи эмасман.
Мўминалар онаси Фотима онамиздан розийаллоҳу анҳо, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи муҳтарамалари Хадичаи кубро розийаллоҳу анҳо, Ойша сиддиқа розийаллоҳу анҳо оналаримиздан бизгача суннат ва ибрат бўлиб келган кийиниш маданиятига менталитетимиз, иқлим ва асрий урф-одатларимиздан келиб чиқиб амал қилсак, ёмон бўлмасди. Тиззадан бир қарич баланд эмас, бир қарич паст тикилган кўйлак кийсангиз, ўзингизни ноқулай сезмайсиз, транспортга чиқиш ва тушишда, ариқдан ҳатлашда муаммога дуч келмайсиз, кулгига қолмайсиз.
Қизларжонлар! Унутманг, энг зиёли, маданиятли йигитлар ҳам очиқ-сочиқ юрадиган қизлардан кўра, одмироқ, ёпиқроқ кийинадиган ҳаёли қизларни умр йўлдошликка танлашини ҳаёт кўрсатмоқда. Йигитлар ўртасида сўровномалар ўтказилганда ҳам олтмиш-етмиш фоиз йигитлар ҳаёли ва иймонли қизга уйланиш орзусида эканлигини айтган.
Азиз аёллар, сингилжонлар! Қизингизни ўзга оилага узатмоқчи бўлаяпсиз. Сеп қилиш тараддудида юрибсиз. Қизингизни ёнингизга ўтқазиб олиб, энди унинг бўлажак келинчак, янги уйга келин, бўлажак она бўлишини ётиғи билан тушунтиринг. Бемаъни орзу-ҳаваслар билан шунча пул сарфлаб, сотиб олган ёки тиктирган кийими шунчаки сандиқда қолиб кетиши, тор бўлиб қолиши, очиқ-сочиқ кийимда юрган келиннинг ҳурмати бўлмаслиги, қарияларга, қайнона-қайнотасига малол келишини айтиб, қалб кўзини очинг. Очиқ-сочиқ кийинганларга баъзи эркаклар шаҳват кўзи билан қарашини, бу эса зино билан баробар эканлигини уқтиринг. Ёмон назар, суқланиш туфайли соғлигига зарар етишини тушунтиринг. Ана шундай қилсаккина, келин бўлган хонадондаги қудаларингиз қизингиз ҳақида: “Барака топсин, онасига раҳмат!” – дейишади.
Илло, муҳтарам Юртбошимиз қайд этганидек, ёш ўғил-қизларимиз диний ва дунёвий илмлардан хабардор қилинса, замонамизга муносиб фарзандлар бўлиб етишади. Хотин-қизларимиз ҳам ибрат олса арзигулик кийиниш маданияти, илми ва меҳнати билан минглаб, юзлаб ёшларни ортидан эргаштиришига ишонамиз.

Хатирчи тумани “Чангир” МФЙ отинойиси М.МАРДОНОВА,


скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар фаолиятларидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш