МАРҲАБО, МАҒФИРАТ ВА РАҲМАТ ОЙИ

21-04-2020, 02:42 admin Мақолалар 518

Шу кунларда барчамиз Рамазон ойи рўзасини тутиш тадоригини кўрмоқдамиз. Бу йилги раҳмат ва мағфират, тавбалар қабул қилинадиган муҳташам ойнинг бутун дунёга тарқалган пандемия – карантин даврига тўғри келишида ҳам ажиб бир ҳикмат бор, чамамда.
Зеро, ҳар қандай қийинчилик ўзимизнинг хатоларимиз туфайли юзага чиқади. Уни даф қилишнинг ягона чораси эса Яратганга сидқидилдан ибодат қилиш, гуноҳлардан тийилишдир.
Бачамизга маълум, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг махсус қарори ҳам қабул қилинди. Яъни, бу йилги Рамазонни ўтказиш бўйича берилган фатвога кўра рўза тутишга қодир бўлганлар тутаверишади. Таровиҳ намозларини эса ҳар бир киши уйида адо этади. Жамоавий эҳсонлар, яъни ифторликлар ҳам ўтказилмайди. Аммо, “мен ният қилиб қўйганман” деб одамларни чақиртириб, умумий фатвога ҳамда карантин қоидаларига риоя қилмаса, бу энди савоб эмас, аксинча ҳолат бўлади. Хусусан, “Нисо” сурасида “Эй иймон келтирганлар, менга итоат қилинг ва мени пайғамбаримга бўйсунинг ва ўзларингдан бўлган бошлиқларга бўйсунинг”, дейилади. Бу Оллоҳ таолонинг бандаларига хитоби. Оддий гап эмас. Демак, юқоридаги оят билан раҳбарларимизга итоатсизлик орқали Яратганга хилоф иш қилиш билан баробар бўлиб қолишидан чекланишимиз керак. Карантин тадбирларига қатъий риоя қилишимиз лозим. Ифторлик “оғиз очиб бериш” дегани. Аслида хайр-у саҳоват. Карантин ҳолатида буни уйга меҳмон таклиф қилиб эмас, балки марказлашган хайрия жамғармалари, хусусан вилоят “Вақф” фонди орқали амалга оширса ҳам бўлади. Хайрияларнинг барчаси бугунги кунда қийин аҳволда қолган, камбағал оилаларга тарқатилмоқда. Бу амалимизнинг савоби эса янада улуғ бўлади, иншаоллоҳ.
Шунингдек, хатми Қуръонларимиз ҳам онлайн тарзда ўтказилади. Бугунги кунда вилоятимизга ҳам қорилар бириктирилган. Вилоятдлошаримиз тиловатларни идорамиз веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги расмий манзилларимиз орқали тўғридан тўғри кузатиб боришлари мумкин.
Шу ўринда Рамазоннинг фазилати, қаршимизда турган буюк бир даҳаларнинг фазилати ҳақида фикр билдирсак. “Рамазон” сўзи беш ҳарфдан иборат. Унинг ҳар бир ҳарфига уламолар шундай маъно берганлар: “ро” – “раҳмат”, “мим” – “мағфират”, “зод” – “зимонун лилжаннат” (жаннатга кириш учун кафолат), “алиф” – “аманун минаннар” (дўзахдан омонлик), “нун” – “нурун миналлоҳ” (Аллоҳдан нур) маъноларини англатади. Ушбу фикрни Имом Термизий ривоят қилинган: “Рамазоннинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озодлик кунларидир”, ҳадиси шарифи ҳам қувватлайди. Яъни: “ро” ҳарфи рамазоннинг аввали бўлган раҳмат кунларига, “мим” ўртадаги мағфират кунларига, “зод” ва “алиф” ҳарфлари охиридаги “дўзахдан озод бўлиш” кунларига, “нун” ҳарфи эса бутун рамазоннинг натижасида ҳосил бўладиган нурга далолат қилади.
Бу ойнинг дастлабки ўн куни – “раҳмат” даҳасида рўйи заминга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади. Яратганнинг ўзи қодир қилганича рўза тутиб, таровиҳ намозларини адо этамиз.
Иккинчи ўн кунлиги – “мағфират” даҳасида холис ният билан рўза тутган бандаларнинг олдинги қилган гуноҳлари кечирилади, дейилган.
Охирги ўн кунлиги эса “Итқун минан-нийрон”, яна “Қадр даҳаси” ҳам дейилади. Ким Рамазон ойининг рўзасини пок ният билан тутган бўлса, у бандага Аллоҳ ваъда қилган ажрларини ато этгай. Рамазон ҳайити куни эса Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини тутган, таровиҳ намозларини ўқиган, Қадр кечасини бедор ўтказган бандаларига Ўзи тайёрлаб қўйган мукофотларни кўпайтириб берадиган кундир.
Бу ойда имон-эътиқод билан қилинадиган дуолар мустажоб бўлади. Чунки муборак ойда Аллоҳ таоло бандаларига осмон эшикларини очиб, ҳар бир дуо қилгувчининг дуосини қабул қилади.
Нафс тарбиясида рўза асосий ўрин тутадиган ибодатдир. Рўза нафсни ўз ҳолига қўймай, уни маҳкам жиловлаш деганидир. Унда имон ва эътиқод бир тараф, хоҳиш-истак ва шайтон иккинчи бир тараф бўлиб кураш олиб боради. Жаннатдан қувилганидан бери шайтон инсон зотига қарши аёвсиз курашиши ҳақида Аллоҳ таоло айтади: “У (аламидан) деди: “Қасамёд этаманки, мени янглиштирганинг туфайли Сенинг Тўғри йўлинг (Ислом дини) узра улар (одамларни чалғитиш) учун ўтираман. Сўнгра уларга олдиларидан, ортларидан, ўнг томонларидан ва сўл томонларидан (чалғитиш учун) келаман. (Натижада) уларнинг аксариятини шукр қилувчи ҳолда топмайсан” (Аъроф, 16-17). Аллоҳ таоло шайтон иғвосини рад этади: “Менинг бандаларим устидан сен учун ҳеч қандай салтанат (ҳукмронлик) йўқдир, илло сенга эргашган гумроҳларнигина (йўлдан оздира олурсан)” (Ҳижр, 42).
Дарҳақиқат, мурувват, хайр-у саҳоват, яхшилик қилиш, дўстлик ва ҳамкорлик, аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири мукофот билан фазилатланган бу муборак ойнинг неъматлари умр-у ҳаётимизга зийнат бўлишидан барчамиз умидвормиз. Зотан, бу ойда кундузлари фарз рўзаларини тутиб, кечаларни тоат ва ибодатларда ўтказиб, иймон ва ихлосларимиз янада зиёдалашди. Яна закот ва бошқа садақалар бериб, бу ишларимиз билан ҳам юртимиз файз-у барокотига, қай бир эҳтиёжманд юртдошимизнинг мушкули осон бўлишига ўз ҳиссамизни қўшолсак, бу амалимиз ҳам Буюк Зотнинг розилигини қозониш учун васила бўлади, деган ниятдамиз. Ана шундай файз-у футуҳли амаллар ичида бўлиш барчамизга насиб этсин.
Сўзимиз сўнгида барчани фазилати бисёр, тинчлик ва файз-у бараканинг улуғвор намойиши бўлган Рамазон билан чин дилдан муборакбод этамиз ҳамда эл-у юртимизга хайр-у барокот ва яхшиликларни тилаган ҳолда Аллоҳ таолодан мамлакатимиз ҳамиша обод, халқимиз тинч ва фаровон бўлишини сўраб, дуойи хайрлар қиламиз!

Навоий вилояти бош имом-хатиби Тоҳир РЎЗИЕВ

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш