Япония вирусни қандай назоратда ушлади?

3-04-2020, 17:43 admin Мақолалар 615

Бутун дунёни қамраб олган коронавирус Японияни ҳам четлаб ўтмади. 29 март ҳолатига кўра, мамлакатда 1693 киши вирус юқтирган ва улардан 52 нафари ҳалок бўлган. Тўғри, буни кам деб бўлмайди, аммо вазият бундан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин эди. Хитойга яқин жойлашган бу давлатда вирус январдаёқ тарқала бошлаганди. Лекин япон халқининг яшаш тарзи вирус зарари каттароқ бўлишига йўл қўймади.
Қурбонлар кўп бўлиши мумкин эди... Айни вақтда вирусдан энг кўп фуқаросини йўқотган давлат Италия бўлиб турибди. Мамлакатда вирусдан зарарланишнинг 92 мингдан ортиқ ҳолати қайд этилган. Улардан 10 мингдан ошиғи ҳалок бўлди. Италияда кўп одам вафот этаётганининг асосий сабабларидан бири сифатида мамлакатда қариялар сони кўплиги келтирилмоқда. Аммо аҳолиси орасида қариялар сони кўплиги бўйича дунёда Япония етакчи ҳисобланади. Кунчиқар юртда 130 миллионга яқин одам яшайди. Уларнинг 36 миллиондан кўпи 65 ёшдан катта инсонлар. 70 ёшдан ошганлар сони эса 27 миллионни ташкил қилади.
Италияда 65 ёшдан катталар аҳолининг 22 фоизини ташкил қилса, Японияда бу кўрсаткич 31 фоиз атрофида. Италия аҳолиси (61 миллион) Японияникидан (130 миллион) икки баробар кам. Яъни, Японияда кекса ёшдаги кишилар сони Италиядагига қараганда анча кўп. Кунчиқар юртда эркаклар ўртача 80, аёллар эса 84 йил умр кўради. Шундай бўлса-да, вирус Японияга катта талафот келтира олмади.
Яна бир омил, Япония вирус тарқалган Хитой билан жуда қалин алоқаларга эга. Бу икки мамлакат ўртасида борди-келди ҳам шунга яраша кўп. Январь ойида Японияга 925 минг хитойлик борган, февралда эса 89 минг. Мантиқан олиб қараганда, Японияда қариялар кўплиги ва Хитойдан бунчалик кўп одам келгани вируснинг ақл бовар қилмас даражада кўпайиб кетишига олиб келиши керак эди, аммо бундай бўлмади. Нега?
Қонга сингган тозалик. Коронавирус сабабли деярли барча мамлакатларда одамларга қўлларини ювиб юриш, ниқоб тақиш каби тавсиялар берилмоқда. Аммо булар Японияда одатга айланиб бўлган. Бир фактга эътибор беринг, японлар коронавирус пайдо бўлишидан аввал йилига 5,5 миллиард дона ниқоб ишлатишган. Бу ҳар бир фуқарога ўртача 43 донадан ниқоб тўғри келади дегани. Жамоат транспортида юрсангиз, жуда кўп ниқоб таққан одамларни кўриш мумкин эди. Японлар учун ҳар куни чўмилиш, қўлни нам сочиқчада артиш, имкон бўлиши билан қўлни ювиш кундалик одатга айланиб бўлган.
Японлар қўл бериб кўришмайди. Улар ўз одатига кўра таъзим билан саломлашади. Бу эса вирус юқиш эҳтимолини камайтиради. Вирус жуда кўп ҳолатларда қўлдан қўлга ўтади. Японияда яшаётган биолог Владимир Белоусов Японияда вирус жуда кенг тарқалиб кетмаганининг жуда оддий сабабларини келтирди. Гигиена, ниқоб ва овқат. Нимага Японияда карантин ёки фавқулодда ҳолат эълон қилинмаяпти?
Мамлакатда уч ҳафта аввал карантинга чиқарилган мактаблар яна очилмоқда. 1 апрель куни (Японияда одатий ўқув йилининг бошланиш вақти) япон ўқувчилари одатий тарзда мактабда ўқишни бошлайди. Ҳозир дунёда гигиенанинг жадал тарғибот жараёни кетмоқда. Бутун бошли мамлакат президентлари одамларга қўлингизни ювинг, қўлингиз билан юзингизга тегманг, қўл бериб кўришманг, қучоқлашманг, деб айтмоқда. Японияда эса ҳаммаси бошқача. Келинг бир бошидан санаймиз.
1. Гигиена. Японияда бўлганлар билишади, бу ерда одамлардан, умуман ҳеч нарсадан ҳид тарқалмайди. Албатта, қандайдир ҳид сезилади ва бу одатда одамлар сепган енгил атир ҳиди бўлади. Чунки японларда кунига уч марта душ қабул қилиш оддий ҳолат (камида икки марта). Имкон туғилганда қўлни ювиш ҳам одатга айланган.
2. Японлар тез-тез кийимларини алмаштиришади. Ич кийимларини эса кунига бир неча мартагача янгилашади.
3. Одамларга тегиш беодоблик ҳисобланади. Қўл бериб кўришиш, қучоқлашиш жуда яқин одамлар ўртасидагина кузатилади. Ҳар қандай ҳолатда саломлашиш учун таъзим ишлатилади.
4. Оралиқ масофа. Японлар ҳаётнинг ҳар жабҳасида оралиқ масофани ушлашга одатланган. Дўкондаги навбатда, жамоат транспортида, банкомат олдида ҳеч ким қулоғингиз тагида нафас олмайди. Агар имкон бўлса, 1 метрдан кўпроқ оралиқ масофа сақланади.
5. Санитар тозалаш. Қандайдир вирус хавфи чиққан вақтда эмас, умуман бутун йил, кун давомида Японияда ҳамма ер тозалаб турилади. Жамоат жойлари, жамоат транспортлари, одам кўп тўпланадиган ерлар доим тозалаб, ювиб турилади.
6. Ҳожатхоналар. Бутун мамлакатда ҳожатхона текин ва улар ақл бовар қилмас даражада тоза. Ҳар қандай бинода тоза ҳожатхонага кириб ювиниб олишингиз, кийимларингизни, ҳатто ич кийимларингизни алмаштириб олишингиз мумкин. Улар кийим алмаштириш учун етарли даражада кенг (шу ўринда Японияда жамоат жойларидаги деярли ҳамма ҳожатхона унитазлари иситилишини айтиш керак - тарж.).
7. Ҳамма дўконларда қўл ювиш учун раковина ва суюқ совун бор.
8. Дўконлардаги барча егуликлар целофан қопчаларга ўралган бўлади. Ҳатто сабзавотлар битта-битта ўраб қўйилади. Шоколад олсангиз, у аввал герметик целофан билан, кейин ялтироқ қоғоз билан ўралган бўлади.
9. Японлар касал бўлса, албатта ниқоб тақади. Бунинг уят томони йўқ. Ҳеч ким уни қўлини бигиз қилиб кўрсатмайди.
10. Японлар бошқа мамлакатларга боришни хушламайди. Уларга дунё хавфли бўлиб кўринади.
11. Японияда егуликлар сифати жуда баланд ва улар қисқа вақтли яроқлилик муддати билан чиқарилади. Японияда егуликлар сифатига талаб баланд, чунки улар пишириш ёрдамида кам таом тайёрлайди. Шу сабаб егуликлар сифати шунчалик баландки уларни иккиланмай хом ҳолатда ейиш мумкин. Егуликларга уларни хом ҳолатда ейиш мумкин деб ёзиб ҳам қўйилади.
12. Японлар жуда кўп ҳаракат қилишади. Улар доим спорт билан шуғулланиши катта ёшда ҳам тетик бўлишини таъминлайди.
13. Японлар орасида семиз одамни деярли учратмайсиз. Ҳатто катта ёшлилар орасида ҳам. Айниқса семиз аёлни деярли кўрмайсиз.

Бир сўз билан айтганда, бутун дунё карантин чоралари деб қаттиқ талаб қилаётган нарсалар японлар учун оддий ҳаёт тарзидаги эҳтиёж. Бу ерда яшаб яна бир нарсага гувоҳ бўлдим, Японияга келган европалик аёллар узоқ умр кўради ва тенгдошларидан ёшроқ кўринади. Айтмоқчиманки, япон аёлларининг ёш кўриниши ген билан боғлиқ эмас. Бутун шароит (ҳаво, озиқ-овқатлар, ҳаёт тарзи, косметика ҳаммаси) ҳаммаси бирлашиб Японияда яшаётган одамларга таъсир қилади, дея постини якунлаган биолог Белоусов.
Чиндан японлардаги тартиб-интизом, тозалик бу халқни кўп жабҳада намунага айлантирган. Япон фильмларида одамлар ниқобда юриши, бир-бири билан эгилиб саломлаши, қайси биносини кўрсатмасин, махсус либосдаги одамлар уни тозалаб юргани бизга ғалати кўринган бўлиши мумкин, аммо бугун ўша японлар ҳаёт тарзидаги оддий юмушга айланиб кетган ишлар бутун дунёга тарқалган вируснинг олдини олиш учун энг тўғри чора бўлиб турибди ва японлар вируссиз ҳам кундалик ҳаётда қилиб юрган ишлари бошқа жамиятдагиларга мажбурлаб ўргатилиб бош тортганларга жарима белгиланмоқда.
Аллоҳ покдир ва У покликни севади! Аллоҳ таоло ризқ беришда барча бандасига бирдек муносабатда бўлади. Буни мисолини кофир, мушрик, жоҳилни, қотилни ҳам ризқини бекам-у кўст қилиб берганлигидан ҳам билишимиз мумкин. Шундай экан Аллоҳ таоло покликни севиши ҳақидаги гап, фақатгина мусулмонлар бунга амал қилишлари керак дегани эмас, покликни ким сақласа, озодаликка ким риоя қилса у ким бўлмасин, кофир бўлсин, мусулмон бўлсин унинг устидан турли ҳасталиклар, ёмонликларни кўтариб олаверади, янада аниқроғи касалликлар ҳам, балолар ҳам уларни четлаб ўтади. Юқорида номи зикр этилган Япония мисолида буни кўришимиз мумкин.
Аллоҳ таоло биз бандалари учун бирор бир вазифани буюрар, уни бизга фарз, вожиб ёинки Росулининг суннати ўлароқ жорий қилар экан, албатта бунда Ўзнинг манфаатини истаб қилмайди. Чунки бутун дунё аҳли бўлиб Унга мукаммал ибодат қилсин, Унинг буюклигига заррача манфаат бера олмайди, барча инсоният ибодатдан воз кечсин, куфр ишларга шўнғиб кетсада Унга ҳеч бир зарар келтира олмас! Аллоҳ таоло амрларида мажбурламайди, У таклиф беради. Бандалари хоҳласа қилсин, хоҳламаса юз ўгирсин. Аллоҳ таоло Ўзигагина ибодат қилишни буюрди. Бу савоби энг юқори турадиган амаллардан ҳисобланади. Бироқ шундай бўлса-да, ибодатдан олдинги поклик – таҳоратни ҳам жорий қилдики, усиз намоз ўқиш, Унга сажда қилиш мумкин эмас! Келинг, бироз тафаккур қилсак, кўп йиллик тарихга бир назар солинг ва бугунгимизга қаранг, инсоният бугунгичалик кўринмас душманга бу яқин ўтмишда ҳеч дуч келамаган эди. Бало, офат, вабо – бу Каронавирусидир! У аниқлангани, биринчи кишида учраганидан бери жуда ҳам тез ёйилиб, тарқалиб кетди, у ўзининг янги қурбонларини заҳарлашда тинимсиз давом этмоқда. Ҳатто ўзининг қуроллари, армияси билан энг кучли, етакчи бўлган давлатларни ҳам анчайин чарчатиб қўйди, ҳозирда у дунёнинг ярмисидан кўпини қамраб олди ва у дунёни забт этишда давом этмоқда. Ҳозирча уни буткул йўқотиб юборадиган бирор бир кашфиёт қилинганича йўқ. Бироқ! Уни тез суратларда йўқ бўлишига ёҳуд олдини олинишига бутун дунё бирваракайига ўша Роббимиз севган, фарз қилган – Покликни тавсия қилишмоқда. Бизда ҳам тозалик доим қадрланган. Бугун айниқса гигиенага, тоза яшашга урғу берилмоқда. Умид қиламиз, коронавирус тезда юртимиздан кўтарилади ва у билан бирга ҳар хил танани танага теккизиб кўришиш, мажлисбозлик, маъракабозлик каби одатлар ҳам кетади-да, ўрнига шамоллаганда ниқоб тақиб юриш, тез-тез қўлни ювиш, доим ҳўл сочиқдан фойдаланиш, ҳамма ерни тоза сақлаш каби яхши одатлар қолади...

Навоий вилояти бош имом-хатиби Т.Рўзиев
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш