Қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари!

3-12-2019, 12:08 muslim Мақолалар 742

Агар жамиятда катталар эътиборсизлиги туфайли ёшлар нўтўғри йўлга кириб кетса, “Мен сенга тегмайман – сен менга тегма” қабилида иш тутилса – парокандалик авжига чиқади, маънавият йўқолади, тарбия издан чиқади, яшашнинг қизиғи қолмайди.
Шу ўринда яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ масаласига эътибор қаратишни лозим топдик. Ислом уламолари ва фақиҳлар истилоҳида “ал-муҳаррамот минан-нисо”, яъни “уйланишлик мумкин бўлмаган аёллар” ибораси мавжуд бўлиб, бу иборада маълум кишига нисбатан никоҳга олиш ҳаром қилинган аёллар тушунилади. Бу аёллар тоифаларини Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Нисо” сураси 23-оятида баён қилган:
“Сизларга (никоҳи) ҳаром қилинган (аёл)лар – бу, оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган «она»ларингиз, эмишган «опа-сингил»ларингиз, қайноналарингиз, жинсий яқинликда бўлган хотинларингизнинг қарамоғингизда бўлган қизлари – жинсий яқинликда бўлмаган бўлсангиз, сизларга гуноҳ бўлмас – яна, ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларидир. Икки опа-сингилни қўшиб (никоҳлаб) олишингиз (ҳам ҳаром қилинди). Магар илгари ўтган бўлса (Аллоҳ афв этар). Албатта, Аллоҳ кечиримли ва марҳаматли зотдир”. Ояти каримадан кўриниб турибдики, бу чекловнинг асосий сабаби яқин қариндошлик бўлиб, у қуйидаги воситалар орқали вужудга келади: Насл-насаб; Эмизишлик; Уйланишлик, қудалик.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида кимлар ўртасида никоҳ жоиз бўлмаслигини баён этганлар: “Ҳеч бир аёл ўз аммаси, холаси, ака-укаларининг қизлари, опа-сингилларининг қизлари устига никоҳланмасин. Агар никоҳлансалар, қариндошлар ўртасидаги силаи раҳмни (қариндошлик риштасини), узган бўладилар”
(Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Биз миллий анъаналаримизда ҳам мазкур оят ва ҳадис тақозо этган ҳукмга риоя қилинишини қайд этиш билан биргаликда мамлакатимизда амалда бўлган қонун ва қоидаларда ҳам бу маъно таъкидланганини кўришимиз мумкин. Оила кодексининг I бўлим, 16-моддасида:
“Насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек, фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида никоҳ тузишга йўл қўйилмайди”, дейилган. Ислом дини уйланиш борасида қариндош бўлмаган оилалардан уйланишни афзал кўради.
Аммо тиббий томондан олинадиган бўлса, ирсий касалликка мубтало бўлган оилалар қариндош-уруғлар ўртасида қиз олиш ёки бериш бўлса у вақтда фарзандлар заиф, паст бўйли, ақли оз бўлиб туғилиши ўз исботини топган. Насаб жиҳатидан бир-бирига бегона бўлган шахслар ўртасидаги никоҳдан туғилган болалар эса ҳолати заиф бўлмайди. Бунга сабаб сифатида яқин қариндошга уйланганда ўртада бўлган шаҳвоний интилиш у қадар кучли бўлмаслиги эканини ҳам мутахассилар қайд этганлар.
Бу ҳақда Ҳазрати Умар (р.а) ас-Соиб авлодларининг бир-бирлари билан қуда-анда бўлишларини кўрганларида: “Фарзандларингиз заиф ва озғин бўлмаслиги учун бегоналардан уйланингизлар”, деганлар (Иброҳим Ҳарбий “Ғариб ал-Ҳадис” китобидан).
Имом Ғаззолий ўзининг “Иҳёу Улум ад-дин” китобида Пайғамбар алайҳиссаломдан қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: “Яқин қариндошларга уйланмангизлар, фарзанд нимжон бўлиб дунёга келиши мумкин”. Шунинг учун ҳам яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳ оқибатида фарзандлар нимжон ва заиф таваллуд топиши кўпроқ кузатилган.“Ирсият етти пушт суради”, деган гап бекорга айтилмаган. Қиз берганда ёки ўғил уйлантирганда етти пуштини суриштириш ҳам шундан келиб чиққан бўлса, ажаб эмас. Статистик маълумотларга кўра, қариндош бўлмаган оилаларда туғилаётган ҳар мингта гўдакдан иккитаси ногирон бўлиб дунёга келса, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳдан туғилган болалар мажруҳлиги икки-уч баробар кўп экан.Миллат келажаги соғлом, ақлли фарзандлар қўлида бўлмоғи лозим. Фақатгина соғлом, баркамол, ақли етук авлодгина буюк келажакни қура олади. Фарзандни тўғри йўлга йўналтира билиш ва керагида унга ишонч билдиришни ўрганиш лозим. Токи, шундай глобаллашаётган замонда фарзандларимиз ҳар тамонлама бизнинг юзимизни ёруғ қилишсин. Ахир Аллоҳ таолонинг шариатига, давлатнинг қонун қоидаларига чиройли риоя қилиб яшашга нима етсин?!

"Тошмасжид" жоме масжид имом хатиби Рахматов Жамшидбек
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш