Никоҳ ёшининг ўрни

11-02-2017, 11:05 Istamjon Khamrayev Мақолалар 1 817

Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз ташаббуслари билан оилаларни мустаҳкамлаш ва уларда вояга етаётган ёш авлодни таълим тарбияси масалалари борасида давлат, жамият миқёсида кўплаб тадбирлар амалга оширилди. Жумладан: 1998 йилни “Оила” йили деб эълон қилиниши, “Оила” номли илмий-амалий марказнинг ташкил этилиши, Республика оилалар манфаатига қаратилган махсус Давлат дастурининг қабул қилиниши, унинг мантиқий давоми сифатида 1999 йилни “Аёллар йили”, 2000 йилни “Соғлом авлод йили” 2016 йилни “Соғлом она ва бола йили”деб эълон қилиниши, шунингдек, вилоятларда оилага хизмат қилувчи турли маслаҳатхоналарнинг ташкил этилиши ҳам фикримизнинг ёрқин исботидир.
Давлатимиз Биринчи Президенти таъкидлаган эдилар:
«Мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланиш ва тараққиёт сиёсатининг мақсади юртимизда истиқомат қилувчи барча инсонлар учун муносиб ҳаёт шароитини яратиб бериш, ривожланаётган демократик мамлакатлардаги кафолатланадиган турмуш даражаси ва эркинликларини таъминлаш, ахлоқий жиҳатдан мустаҳкам оила бўлган адолатли жамиятни шакллантиришдир».
Шу боис, оила мустаҳкамлигини сақлаш, муқаддаслигини келажак авлод руҳига сингдириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидандир.
«Никоҳ» луғатда «қўшиш», «жамлаш», «яқинлик» маъноларини англатади. Шариатда эса, никоҳ бир боғланиш бўлиб, у туфайли ҳузурланишни қасд этиш, яъни, эр кишининг никоҳида шаръан монелик бўлмаган аёл кишидан ҳузур олишини ҳалол қилишдир. Бу таъриф баъзи Ҳанафий уламолар томонидан айтилган бўлиб, бошқа таърифлар ҳам кўп, ҳаммаси бир-бирини тўлдириб келади. Таърифдаги «аёл» сўзидан аёл кишидан бошқа билан никоҳ боғлаш мумкин эмаслиги, яъни, фақат бир эркак ва бир аёл орасида никоҳ боғланиши бўлиши мумкинлиги келиб чиқади. «Никоҳида шаръан монелик бўлмаган» деганидан шариат никоҳини ҳаром қилган аёлни никоҳлаб бўлмаслиги чиқади. Бутпараст аёл, маҳрам–яқин қариндош аёллар шу жумлага киради.
Аллоҳ таоло: «Бас, ўзингиз хуш кўрган аёллардан икки, уч, тўртини никоҳлаб олинг. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани», деган (Нисо, 3).
Шарҳ: Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мўмин-мусулмон бандаларга пок йўл билан никоҳда бўлишни амр этмоқда. Шу билан бирга, икки, уч ёки тўртта хотин олиш учун уларнинг орасида адолатли бўлишни шарт қилиб қўймоқда. Ким адолатли бўла олмасликдан қўрқса, биттага уйланиши кераклиги уқтирилмоқда. Бу никоҳга бўлган кучли тарғибдир. Ҳар биримиз оилаларимизнинг мустаҳкамлиги учун қайғуриш бурчимиз эканлигини англаб етишимиз ва бу борада қўлимиздан келган чора-тадбирларни кўришимиз вазифамиздир.
Жамиятимизда келин-куёвликка номзод ёшларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаш ишларини тартиб билан керакли ҳажмда ва савияда йўлга қўйишимиз жуда ҳам зарур.
Аввало, эркак киши рафиқа танлашда аёл кишининг дини, одоб-ахлоқи, оиласи, касб-кори, насл-насабига эътибор беради. Бу нарса ислом динида кафоат деб аталади. Кафоат бу – тенглик деганидир. Яъни турмуш қуришда дин, диёнат, насаб, мол-давлат, ҳунар каби нарсаларга аҳамият қаратилади. Шундай экан, келин-куёв танлашда никоҳ ёшига ҳам диққат қилиш, никоҳланувчи икки инсон бир-бирига муносибми, йўқми шуни ҳам ёддан чиқармаслик лозим. Сабаби, орзу-ҳавасга берилган, фарзандларининг бошини тезроқ “иккита” қилишга шошилувчи ота-оналар – улар никоҳ ёшига етмаганларини кўпинча инобатга олмайдилар.
“Эрта оила қуриш” икки хил маънони англатиши мумкин. Биринчиси, ҳали балоғатга этмаган, турмуш қуришга тайёр бўлмаган йигит ва қизларнинг ўз хоҳиши ёки мажбуран оила қуриши. Бу иш динимизда қораланган. Иккинчиси, йигит ёки қиз балоғатга этгач, оила қуришга ҳар тарафлама тайёр бўлгач, кечиктирмасдан никоҳ қуриш. Ислом мана шундай никоҳга тарғиб қилган. Баъзи инсонлар Ислом қизларни барвақт узатишга чақиради, бу уларга нисбатан зулм, дея нотўғри тушунчада бўладилар. Албатта бу асоссиз гап. Исломда ҳали балоғатга этмаган, турмушга тайёр бўлмаган ўсмирларни узатиш ёки никоҳлаш лозим, деган гап йўқ. Ҳатто балоғатга этган, жинсий тарафдан турмушга тайёр йигит, агар оилани боқа олмаса, унинг учун уйланиш шарт бўлмайди. Исломнинг оила қуришга қилган тарғибини тўғри тушуниш, холис баҳолай олиш керак.
Динимиз Исломда балоғатга этган ва ҳар тарафлама қодир бўлган эркак ва аёл никоҳланишга, шу йўл билан фарзанд орттириш, жамиятга манфаат келтиришга буюрилган. Бундай амрларни Қуръонда ҳам, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида ҳам кўп учратиш мумкин. Савол эрта никоҳ ҳақида берилганини инобатга олиб қуйидаги ривоятни кўриб чиқамиз.
عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ يَزِيدَ قَالَ: دَخَلْتُ مَعَ عَلْقَمَةَ وَالأَسْوَدِ عَلَى عَبْدِ اللهِ فَقَالَ عَبْدُ اللهِ: كُنَّا مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ شَبَابًا لاَ نَجِدُ شَيْئًا فَقَالَ لَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَا مَعْشَرَ الشَّبَابِ ، مَنْ اسْتَطَاعَ الْبَاءَةَ فَلْيَتَزَوَّجْ فَإِنَّهُ أَغَضُّ لِلْبَصَرِ وَأَحْصَنُ لِلْفَرْجِ وَمَنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَعَلَيْهِ بِالصَّوْمِ فَإِنَّهُ لَهُ وِجَاءٌ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَصْحَابُ السُّنَنِ وَالدَّارِمِيُّ وَأَحْمَدُ.
Абдураҳмон ибн Язиддан ривоят қилинади: “Мен Алқама ва Асвад билан Абдуллоҳ ибн Масъуд олдига кирдик. Шунда Абдуллоҳ: “Биз Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ўсмир эдик, (уйланишга) бирон нарса топа олмасдик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга: “Эй ёшлар жамоаси, сизлардан ким никоҳга қодир бўлса, бас, уйлансин. Зеро у кўзни пастга қаратувчи ва фаржни зинодан сақловчидир. Кимда-ким қодир бўлмаса, рўза тутсин. Сабаби бу унинг учун бичилиш (сақловчи)дир”, дедилар”, деб айтди” (Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари, Доримий ва Аҳмад ривояти).
Биз ривоятда “никоҳ” деб ўгирган сўз арабча матнда “баъа” деб келтирилган. Мазкур лафз тилимизда “никоҳга ҳар тарафлама – ҳам жинсий, ҳам иқтисодий, ахлоқий тарафдан тайёр бўлиш” маъносини англатади. Демак, банда балоғатга этиб, ақлини таниб, никоҳга ҳар томонлама тайёр бўлса, унга уйланиш, никоҳланиш фарз бўлади. Акс ҳолда қодир бўла туриб, оила қурмай юриш, зино ва шу каби бузуқ ишларга йўл очади. Бу эса жамиятнинг бир бўғини бўлган оилалар тинчлигига, йигит ва қизларнинг нотўғри йўлларга кириб қолишига сабаб бўлади.
Бу ривоятда оила қуришга иқтисодий тарафдан қодир бўлмаганлар учун ҳам фойдали тавсия берилмоқда. Бундай йигитлар рўза тутишлари керак. Шунда шаҳвоний ҳирс бироз бўлса ҳам сусаяди, зинодан сақланиш, кўзни тийиш осонроқ бўлади. Лекин бу вақтинча ҳолат. Барибир ҳаракат қилиб никоҳланиш, фарзанд кўриш, аҳли оиласи билан бахтли ҳаёт кечиришга ҳеч нарса этмайди.
Исломда никоҳ ёши қандай эканини билиш учун юқоридаги ривоят лафзларига эътибор қаратамиз. Биз “ёшлар” деб ўгирган сўз ривоятнинг арабий матнида “шабоб” деб ифодаланган. Мазкур сўз тилимизда “балоғатга этган ва ўттиз ёшгача бўлган йигит” маъносини англатади. Демак, балоғатга этган, ақлини таниган ва оила қуришга тайёр бўлганда ёшларни уйлаб қўйиш, қизни узатиш лозим. Ривоятларнинг бирида кечиктириб бўлмайдиган ишлар сирасига бўйига этган қизни узатиш ҳам киритилган.
Балоғат ёши ҳақида алоҳида мақолада тўхталиб ўтамиз. Бу эрда шуни айтиб ўтиш керакки, балоғат ёши турли минтақа ва замонларда ҳар хил бўлиши мумкин. Масалан, авваллари қизлар 13-14 ёшда, болалар 16-17 ёшда ҳам оила қуришга тайёр бўлган. Буни 80-90 ёшли боболаримиз, момоларимиздан сўраш мумкин. Турли сабабларга кўра, сўнгги вақтларда ёшларнинг оилага этуклиги кечикмоқда. Авваллари ҳолат қандай бўлганини Асри саодат даври мисолида кўриб ўтиш мумкин. Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо 6-7 ёшларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга унаштириб қўйилганлар. Ҳижрий 2 йилнинг Шаввол ойида уларнинг тўйлари бўлиб, улар бирга яшай бошладилар. Демак, Оиша розияллоҳу анҳо онамиз Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга 9-10 ёшларидан завжалик қила бошлаганлар. Бундан келиб чиқадики, авваллари қизлар ҳам, йигитлар ҳам барвақт балоғатга этиб, оила қуришга тайёр бўлишган. Ҳозирда эса бу муддат чўзилмоқда. Ҳозир 16-17 ёшли қизлар ҳам турмушга тайёр эмаслиги, туғруқ ҳолатида қийналиб қолаётгани кўз юмиб бўлмас ҳақиқатдир.
Шу сабаб ҳам ҳозир қизларни 19-20 ёшларда турмушга бериш лозим кўрилмоқда. Йигитлар эса 20-22 ёшларда оила қуришлари тавсия қилинмоқда. Бу ўртача олинган. Аммо ҳозир ҳам соғлом муҳитда катта бўлган баъзи қиз ва йигитлар эрта балоғатга этиб, оила қуришга тайёр бўлишлари кузатилади. Бундан келиб чиқадики, қиз ва йигитнинг оилага шайлиги унинг тиббий, иқтисодий, маънавий-руҳий ҳолатига боғлиқ. Яна бир муҳим нарсани айтиб ўтиш лозим. Исломда қиз ёки ўғилни мажбурлаб никоҳлаш мумкин эмас. Зеро қиз ва ўғилнинг розилиги билан никоҳ қилинади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, биз қиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, отаси унинг розилигисиз турмушга бераётганини айтганида, у зот қизга ўз ихтиёри билан турмушга чиқиши мумкинлигини айтганлар.
Демак, ёшларни мажбуран, ота-она ўзлари хоҳлаганларига беришлари жоиз эмас. Бунда фарзандлари розилиги билан иш тутилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Баъзи жоҳил оталар: “Қиз меники, уни хоҳлаганимга бераман” ёки “ўғлим сўзимни икки қилмайди”, деб ўз билганларича иш тутадилар. Тўғри фарзандлари отанинг гапини ерда қолдирмай, тавсия қилинган қизга уйланишлари ёки турмушга чиқишлари мумкин. Аммо бу ерда кўнгил, мойиллик, деган нозик туйғулар ҳам борки, оила мустаҳкамлигида булар асосий омиллардан саналади.

У.Холова
Кармана тумани бош отинойисискачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш