Қабристон зиёрати одоблари

26-11-2019, 14:29 muslim Мақолалар 1 703

Оиша розийаллоҳу анҳо ҳузурларига бир аёл келди ва ўзининг қалби қаттиқлашиб қолаётганидан шикоят қилди, Оиша онамиз розийаллоҳу анҳо:
- Албатта, қабрлар зиёрати сенга ўлимни эслатади ва ўлимни кўп эслашлик қалбни юмшатади, сен ҳам қабрлар зиёратида бўл, ўлимни кўп зикр қилишлик қалб қаттиқлигига даводир.
Аёл кетди, орадан бир қанча вақтлар ўтиб қайтиб келди ва қабрлар зиёратида бўлгани – қалбининг юмшагани ҳақида хабар берди.
Ислом дини келмасидан илгари жоҳилият даврида яшаган араблар қиёмат ва ҳисоб - китоб кунига, қилган яхши ва ёмон амаллари учун жаннат ёки дўзах билан тақдирланишга ишонмас эдилар. Шу сабабдан бирон бир киши вафот этса, дунёни бошига кўтариб, дод – вой солардилар. Қабристонни зиёрат қилишга борганларида ҳам ёқаларини йиртиб йиғлашар эди. Ислом дини уларни бу номақбул одатлардан қайтарди. Дастлабки пайтда уларни бундай жирканч одатлардан халос этиш мақсадида қабристонлар зиёрати ман қилинди. Пайғамбаримизнинг мўъжизаларини ўз кўзлари билан кўриб, қалблари иймон нури билан тўлгач, қабристонлар зиёратига рухсат берилди.
Ислом динида ҳар бир нарса, ҳар бир амалнинг ўз тартиби ўз кўрсатмаси бор, худди шунингдек, қабрларнинг зиёрати, қабрлар зиёратига бориш-келишдаги одоблар ҳам шулар жумласидандир. Шариятимизда қайсики бир солиҳ амални қилишга киришишда ўзининг мезонларига, кўрсатма ва қайтариқларига, яъни одобига амал қилинса, шунча савоблироқ бўлади.
Аввало, Қабрлар зиёратига боришдаги аниқ мақсадни аниқлаштириб олмоғимиз, илло қабрлар зиёратидаги тегишли илмни билиб, ўрганиб олмоғимиз лозим бўлади. Энг биринчи ўринда ниятимизни тўғирлаб олишиз зарур, киши бу иши билан Аллоҳнинг розилигини кўзламоғи лозим. Зеро, ҳар бир амал ниятга боғлиқдир. Қабристонлар зиёратида одатда икки нарсани мақсад қилинади:
1. Охиратни эслаш, дунёнинг ўткинчилигини ҳис этиш;
2. Қабр аҳли ҳаққига дуо қилиш, уларга мағфират сўраш, тиловат етказиш. Қабристонга келиш одобларидан намуналар:
- Қабристонга имкон қадар таҳоратли, пок ҳолда кирган афзал. Бу ҳам зиёрат одобидандир.
- Қабр аҳлидан мадад сўраш, уларга дуо қилиш, сиғиниш жоиз эмас, ширк амал, балки уларнинг ҳаққига дуо қилиш лозим.
- Қабрстонга шариатда тўсиш талаб қилинган жойларини тўсиб турадиган кийим билан кириш керак. Аврат очиқ ҳолда кириш мумкин эмас.
- Қабристонга дабдаба билан, ясан тусан қилиб кириш макруҳ, чунки бу жой охиратни эслаш, хоксорлик изҳор этиш ўрнидир.
- Қабр аҳлига назр қилиш, жонлиқ сўйиш, шам ёқиш, латта боғлаш каби ишлар оғир гуноҳдир, иймонга хатардир.
Албатта, ҳар бир масканга киришда ўқиладиган ўзининг махсус дуолари бўлгани каби, қабристонларга киришда ҳам ўқилиши лозим бўлган дуолари бўлади. (Дуодаги маъноларни тўла ҳис этишга интилинг!)
Дуо:
Ассалому алайкум, мўмин мусулмонлар диёри аҳли! Биз ҳам, иншааллоҳ, сизларга қўшиламиз. Сизлар бизниннг ўтмишдошимизсиз, биз эса сизларнинг ўринбосарингизмиз. Аллоҳдан бизга ҳам, сизга ҳам офият сўраймиз.
Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Сизни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Батаҳқиқ, Муҳаммадга онасини зиёрат қилишга изн бўлди. Бас, у (қабр)ларни зиёрат қилинг. Албатта, улар охиратни эслатади”, дедилар”. Бешовларидан фақат имом Бухорий ривоят қилмаган. Лафз Термизийники.
Қабристонда ўсган дарахт ва мевалардан фойдаланиш, у ердаги ўт-ўланларни ўриб, ҳайвонларга бериш ёки ҳайвонларни қабристонда ўтлатиш мумкин эмас. Ҳаттоки баъзи уламолар қуриган шохлардан ҳам фойдаланишни макруҳ санаганлар. Шунингдек, қабр устидаги майсаларни, қуримаган бўлса, ўриш макруҳ. Чунки майсалар қуригунича маййит ҳақига тасбеҳ айтиб туради.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Менинг қабримни сайлгоҳ қилиб олманглар, уйларингизни қабристон қилиб олманглар, қаерда бўлсангиз ҳам менга салот айтинг, чунки сизларнинг салавотларингиз менга етади”. Имом Аҳмад ривояти.
Азиз авлиёларнинг қабрларини зиёрат қилиш мустаҳаб амал бўлиб, зиёрат қилса савоб, зиёрат қилмаса гуноҳ эмас. Ҳозирги кунга келиб, ўзларидан аввал ўтган фазилатли шайх ва авлиё – анбиёлар, шаҳидлиги маълум кетган инсонлар, саҳобалар қабри зиёратларига бориб ҳатто ўз тилак ва мақсадларини тилаб-сўраб олаётганлар ҳамда қилган дуоларини ижобатига қаттиқ ишониб қолаётганлар ҳам йўқ эмас. Аммо бу ўта кетган илмсизлик ва жаҳолатдан ўзга нарса эмасдир, чунки, магарки қайсидир қабр қаршисига бориб, ундан тиланиб, ёлвориб, дуолар қилиб, жонлиқлар суйилиб дуолар ижобатини кутилса, бунга албатта, аввало, қайсидир машҳур шайх-валий, шаҳид-саҳобалар эмас, икки олам сарвари – сарвари коинот Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақлироқ бўлур эдилар. Ҳолбуки, одамарнинг энг яхшиси, энг гўзали, мукаммали, Аллоҳнинг энг суюклиси, биринчи муаллим Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ушбу амалдан, ҳаттоки бу ўзлари учун бўлса-да бундан ман этмоқдалар.
Ҳозирги кундаги хунук бидъатлардан бири бўлган - Қабрлардан шумланиш ҳам тез-тез қулоққа чалинадиган, илми йўқроқ, Ислом динидан бехабарроқ одам эшитгудек бўлса, дарров шунинг амалига ишониб қоладиган ёки бунга эргашиб кетадиган «Ўлик тортади», деган нотўғри эътиқод билан қабрни очиш, ўликни уриш, жасаднинг бирор жойига шикаст ва ҳоказо ишларга қўл урилиши кузатилмоқда ёки баъзан ушбу ҳолатларга гувоҳ бўлгудек бўлсак ҳам лоқайд-бепарво қарамоқдамиз. Аслини олганда эса, баъзи бир шаръий ҳукмларсиз маййит кўмилган қабрни очиш, уни ўзбошимчалик билан текшириш ҳатто мумкин эмас. Юқоридаги соҳта даъво ва эътиқодлардан эса эҳтиёт бўлмоғимиз керак бўлади. Бу ишлар амали – ҳаром ҳисобланади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилиб айтадилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина деворларидан бирининг ёнидан ўтиб кетаётганларида қабрларида азобланаётган икки кишининг овозини эшитдилар. Сўнг: “(Бу икки қабрнинг соҳиблари) азобланмоқдалар. Уларнинг азобланиши катта гуноҳ туфайли эмас”, - дедилар. Кейин гапларида давом этиб: “уларнинг бири ўзининг сийдигидан сақланмас эди. Иккинчиси, чақимчилик қилиб юрар эди”, дедилар. Сўнг бирон қуримаган шох келтиришни буюрдилар. (келтирилгач) шохни икки бўлакка бўлдилар-да, иккаласини икки қабрга суқиб қўйдилар. “Ё Расулуллоҳ, нима учун бундай қилдингиз?” – деб сўраганида у зот: “Шояд шохлар қуригунича у иккаласидан азоб енгиллатилса”, - дедилар.” Имом Бухорий ривояти.
Иккита шохнинг тасбеҳидан ҳосил бўлган савоб маййитларнинг азобини енгиллатса, бир неча ой давомида ўсиб турадиган ўтлар, майсалар тасбеҳидан маййитларга қанчалар фойда бўлади буни тасаввур этиш қийин эмас. Шунинг учун ҳам қабр устидаги ўт-ўланларни юлиб ташлаш макруҳ саналади. Чунки ўт-ўланлар қуригунича Аллоҳга тасбеҳ айтиб туради, улар туфайли маййитга раҳмат нозил бўлади. Ердан ўсиб чиқадиган ҳар бир гиёҳ Аллоҳ таолога тасбеҳ айтади. Ўсимликларнинг тасбеҳи, Аллоҳ таолога қилган ибодатлари – намози “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” деган сўздан иборатдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг кўп оятларида бу тўғрида хабар берган: “Осмонлардаги ва ердаги бор мавжудотларнинг барчаси Аллоҳга тасбеҳ айтур”. Инсонни шунча савобдан маҳрум қилиб, тош бостириш ё бетонли қоришма қоплаш билан тупроғини беркитмаслик керак. Унинг ўрнига гул, райҳон экинг, ҳеч бўлмаганда сомон сувоқ қилиб қўйинг, ҳар йили баҳорда майсалар униб чиқсин. Шунинг учун Ислом олимлари қабр устини сомон сувоқ қилишга рухсат берганлар. Қабрни белгилаш учун тош ёки шунга ўхшаш табиий, содда нарсалар қўйиш мумкин. Исроф, дабдаба жоиз эмас. Бундан мақсад – қабрни йўқотиб қўймаслик бўлиши керак, холос. Кўриб турганимиздек, ҳозирги кундаги қабр тошларининг турли ранг ва шаклдагилари, у қабр тошларига Қуръон оятларининг уйиб ёзилиши, турли шеърий мисралар, маййитга атаб ёзилган ҳар турли марсиялар ва дуо ва тилаклар, худди унинг қиёфасига ўхшатиб ясатиб қўйилган ҳайкаллар ҳам ортиқча даб-дабабозлик ва исроф, айни пайтда эса, ушбу бидъат – кераксиз амалларнинг илдизи Аллоҳга хуш келмайдиган гуноҳларга бориб тақалиши бир зиён бўлса, бу ишларнинг ҳеч бири на ўзимизга, на бир маййитга фойда келтирмаслиги – фойда келтира олмаслиги бир зиёндир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларга чироқ ёқишдан қайтариш билан бирга шундай иш қилувчиларни лаънатлаганлар. Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни ва қабрлар устига масжид қуриб, чироқ ёқувчиларни лаънат қилсин”, дедилар”. Сунан эгалари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадисда аёл кишиларнинг қабрлар зиёратига бориши яхши эмаслиги қаттиқ таъкидланмоқда. Хотин-халаж қабристонга борганда дод-фарёд кўтариб, ўзларини ҳам гуноҳга ботиради, маййитни ҳам азобга қўяди. Овоз чиқармасдан кўз ёши билан йиғласалар, ўзларига ҳам, маййитга ҳам Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилади. Шундай йиғлаган кишиларга лаънат эмас, раҳмат айтилади. Аёлларнинг қабристонга бориши ҳақида: Аҳмад Иззуддин Байёнуний «Қабрларни зиёрат қилиш» бобида айтади: «Қабрларни зиёрат қилиш эркаклар учун жоиз бўлганидек, агар фитна хавфи бўлмаса (мастура ҳолатда), охиратни эслаб, ўлимдан ибрат олиш учун аёллар ҳам зиёратга борсалар жоиз».
Ўзининг шариат кўрсатмалари асосида тутган аёллар учун қабрларни зиёрат қилиш, ҳанафий мазҳабига кўра, жоиздир.
Уламолар наздида қабристон зиёратига душанба, пайшанба, жумъа ва шанба кунлари бориш энг афзалдир. Жумъа куни намоздан кейин борилса, яна ҳам яхши. Лекин баъзи олимлар қабристон зиёратига бирор кунни хосламасдан бораверган яхши, дейишади.
Қабристон ҳовлисига киргач, қабрларни босмасдан, махсус ўтиш жойлари ёҳуд зиёратчилар юриши учун тайёрланган йўлакчалардан юрилади. Зиёратчи ўзи зиёрат қилмоқчи бўлган қабрга оёқ тарафидан келиб, қабрнинг ўнг тарафига туради ва қабрга юзланиб, қиблага орқа қилган ҳолда қабр эгасига салом беради ва тиловат қилади. Қабр зиёратида Ёсин, Фотиҳа, Таборак, Такосур сураларини ҳамда Ихлос сурасини уч ёки етти, ёҳуд ўн марта ўқиш мустаҳабдир. Аллоҳ дўстларининг қабрларига бориб зиёрат қилинганида Қуръони каримдан тиловат қилиниб, уларнинг ҳақига дуо қилиш яхши амаллардан ҳисобланади. Аҳли сунна вал жамоа уламолари эътиқодига биноан маййит дунёда қолган аҳли ва ёр-биродарларининг ҳол-аҳволини билиб туради, унга уларнинг ҳоли кўрсатилади. Маййит уларни кўради. Яхши нарсалардан хурсанд, ёмон нарсалардан хафа бўлади.
Ота она, устоз шогирдлар ва шу каби яқинлар бир жойга қўйилган бўлиб, уларнинг ҳаммаларини бирваракайига зиёрат қилиш ният қилинса, аввал катталаридан бошлаб зиёрат қилиб, салом бериш ҳам одобдандир. Зиёратчи дуо қилганда, Қуръон савобини ўз марҳумига бағишлаганда қабристон аҳлини ҳам унутмаслиги лозим бўлади. Бундан эса нафақат ўзининг дунёдан ўтган биродари, балки бошқа қабристон аҳллари ҳам бирдек манфаатдор бўладилар, тиловат қилувчининг ҳам, ўқилгувчилардан ҳам бирор бир ажр-савоб камаймайди. Тағин, зиёрат қилгувчи қабр аҳлига Аллоҳдан мағфират сўрайди, хайрли дуо қилади. Дуо қилганда қабр эгасига эмас, балки қабр эгасининг ҳаққига дуо қилаётгани намоён бўлиши керак. Маййитлар ётган жой ўзига хос бир маскан бўлганидан, у ерда кулиш, ҳазил-ҳузул қилиш, дунёвий гапларни гаплашиш одобдан бўлмайди. Шунингдек, заруратсиз югуриш, ортиқча ҳаракатлар қилиш ҳам беодобликдир.
Қуйидагилар эса:
– Дунё машғулотларини тарк этиб, охиратни ўйлаш;
– Қабр аҳлларига салом бериш;
– Қабристонда виқор билан, сокин юриш;
– Қабрларни босмаслик, уларнинг устига ўтирмаслик;
– Зиёрат қилмоқчи бўлган қабрга оёқ тарафдан келиб, ўнг тарафига туриш ва унга юзланиб, қабрга орқа қилган ҳолда салом бериш;
– Тик туриб дуо қилиш (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бақиъ» қабристонига чиққанларида шундай қилганлар);
– Марҳумларнинг яхши сифатларини эсга олиш;
– Ўзини сарҳисоб қилиш, қабрга қанчалар тайёр эканини ўйлаш;
– Зиёратдан қайтишда вазмин, тафаккур ва тадаббурда қайтиш; Қабр зиёратининг одобларидан ҳисобланади.
Қабристонда қуйидаги ишларни қилишдан қаттиқ сақланишимиз шарт бўлади, улар:
– Қабрга чироқ, шам, олов ёқиш;
– Қабрдаги маййитдан шифо, ҳожат сўраш;
– Бола кокилини аташ ширкка яқин гуноҳдир. Зеро, бундай ишлар Аллоҳ таолодан бошқадан ҳожат сўраш демакдир.
– Қабр тоши ва темирларини ўпиш;
– Латта боғлаш;
– Қабрни айланиб тавоф қилиш;
– Қабр ёнида суратга тушиш;
– Баланд-баланд овозда, хушчақчақ гаплашиш;
– Қабр бошида таом қолдириб кетиш;
– Еб-ичиш;
– Уввос солиб, айтиб йиғлаш жоиз эмас, чунки бу билан маййитга озор бериб қўйиш мумкин.
Оғиримизни енгил қилиши, қайсидир бир ишимизга манфаат бериши учун бир техника-машина олсак ҳам, албатта унинг йўриқномаси-дастуридан фойдаланамиз, мабодо шундай қилмас эканмиз у бизнинг фойдамизга эмас, зараримизга ишлай бошлаши мумкин, шундай экан, ҳар бир амални қилишга киришишимиздан аввал шариятга мурожаат қилинса ҳеч қандай адашишлик, ҳеч қандай гуноҳ-маъсият бўлмайди, албатта ҳар бир амал аввалида Ислом дини – шариати устувор бўлса, абад Аллоҳ таоло рози бўлади ва Унинг наздидаги даражамиз ҳам юксала боради, иншааллоҳ!

Навоий вилояти бош имом хатиби Т.Рўзиев
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар фаолиятларидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш