Тил одобини сақлайлик!

28-10-2019, 08:51 admin Мақолалар 822

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Ёлғон гувоҳлик бериш уч маротаба Аллоҳга ширк келтиришга тенглаштирилган” дедилар ва кейин “Ёлғон сўз – увоҳликдан узоқ бўлинглар” оятини тиловат қилдилар (Табароний ривояти).
Хуросон ҳукумдори Ҳусайин Бойқаро илм толибларга сабоқ бераётган доно вазири Мир Алишер Навоийга якинлашиб , кўрсатгич бармоқлари билан бошини кўрсатди. Навоий ҳазратлари кўрсатгич бармоқлари билан тилларини кўрсатдилар. Ҳукумдор бу ишорадан бош чайқади-ю, илм толиблар даврасига яқинлашмай изига қайтди. Бу ҳолатни кузатиб турган шогиртлар устозидан имо –ишоранинг маъносини сўрадилар . Устоз бу жумбоқни ечишниуларнинг ўзларига ҳавола этдилар. Улар қанча ўйланишмасин, тайинли жавоб топа олишмади. Шунда жавобни Навоий ҳазратлари ўзлари бердилар: —— Имо ишорада мураккаб маъно яширинмаган. Жавоб жуда оддий: Дўстим Ҳусайин мендан “Бошга балони нима келтиради ?- деб сўрадилар. Мен эса унга “Тил ” деб жавоб қилдим.
Ҳар нарсанинг асли – сўз, у ҳақиқатнинг сояси ва парчасидир. Сўз Одам алайҳиссалом билан баробар яратилган. Сўз (калом) барча илмларнинг асоси, инсонларнинг ўзаро алоқа ва муносабат воситаси қилиб танланган. Оламдаги барча нарсалар сўзловчи гувоҳлардир. Аллоҳнинг китоблари сўз-калом воситасида туширилган. Сўз инсоннинг қиймати қадар қадрлидир ва Аллоҳ таоло ҳар бир айтиладиган сўзга эътиборли бўлишга буюрган.
Сўз Аллоҳ таолонинг инсонга ато этган энг улуғ неъматларидан.
У инсонларнинг ўзаро муомала-муносабат воситаси, тафаккур қуроли, бандаликни адо этиш омилидир. Одамларни яхшиликка ундовчи, ҳидоятга чорловчи, ахлоққа чақирувчи сўзлар уларнинг энг гўзалидир. Аксинча, ўзгаларга озор етказувчи, ғийбат, ёлғон, фисқ-фужур ва фаҳш сўзлар уларнинг энг ёмони ва қораланганидир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:
яъни: “Бас, (эй Муҳаммад), Менинг шундай бандаларимга хушхабар берингки, улар сўзни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир”. (Зумар 17-18)
Яна бир ояти каримада чиройли сўзловчининг фазилатлари зикр этилиб, ундай дейилган: яъни: “Аллоҳ (йўли)га даъват этган ва ўзи ҳам солиҳ амал қилиб, “Мен мусулмонлардандирман”, деган кишидан ҳам чиройлироқ сўзловчи ким бор?” Фуссилат -33
Инсонлар ортиқча сўзлашдан, беҳуда ва фисқ сўзларни айтишдан қайтарилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши сўз айтсин ёки жим турсин” деганлар (Имом Бухорий). Пайғамбар алайҳиссалом умматни яна қийлу қолдан (ортиқча, бемаъни сўзлардан) қайтарганлар (Имом Бухорий).
Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Набий алайҳиссалом тилларига ишора қилиб: “Сен тилингни тий”, дедилар. Шунда мен: “Гапирган нарсаларимиздан ҳам сўраламизми?” десам, у зот: “Онанг сени йўқотиб қўйсин, кишиларнинг дўзахга юзтубан ёки кўксилари билан ағдарилишлари фақат тиллари орқали қилган гуноҳлари сабабидандир”, дедилар” (Имом Термизий). Одам тили билан ҳайвондан устун, аммо уни нолойиқ сўзлардан тиймаса ҳайвондан тубан бўлади.
Сўзларнинг энг фойдалиси Аллоҳ таолонинг зикри, кишиларни яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтаришдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир ўринга ўтирсаю Аллоҳни зикр қилмаса, унга Аллоҳ томонидан нуқсон етади. Ким бир ўринга ёнбошласаю Аллоҳни зикр этмаса, унга ҳам Аллоҳ томонидан нуқсон етади”, деганлар (Имом Абу Довуд).
Бошқа бир ҳадисда:
яъни: “Бу дунёда беъмани гапларни кўп гапирадиган одамнинг гуноҳи қиёмат куни кўп бўлур”.
Тил (сўз) офатлари кўп: бемаъни, бефойда сўзларни гапириш, ботил, гуноҳ ишларни сўзлаш, сергаплик ва одамларга ёқиш учун сўзамоллик қилиш, фаҳш, сўкиш, одобсиз, ахлоқсиз ва шунга ўхшаш сўзларни айтиш, ўзгаларни мазахлаш ва устидан кулиш, сирни ошкор қилиш, ёлғон сўзлаш, ғийбат, чақимчилик ва бошқалар тил офатларидир.
Буларнинг ҳаммаси қораланган ва инсонлар булардан қайтарилган.
Чунки бу сўзларнинг манбаи ёмонлик ва маломатдир.
Динимизда кўп сўзлашдан қайтарилган, чунки сўз кўпайганда мақсад унутилади. Ёмон, фаҳшни билдирувчи сўзларни айтиш эса қаттиқ қораланган. Пайғамбар алайҳиссалом фақат рост сўзни айтардилар ва умматни шунга чақирганлар. “Ростгўйликнинг энг паст даражаси зоҳир билан ботиннинг баробар бўлишидир”, деган Абулқосим Қушайрий.
Тил офатларининг энг ёмони ёлғон гапириш, ёлғон гувоҳликка ўтишдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Ёлғон гувоҳлик бериш уч маротаба Аллоҳга ширк келтиришга тенглаштирилган” дедилар ва кейин “Ёлғон сўз – гувоҳликдан узоқ бўлинглар” оятини тиловат қилдилар (Табароний ривояти). Ёлғондан гувоҳлик бериш жамиятдаги тинчликни бузишга, одамларга зулм, жафо етказишга, улар ўртасида адоват ва хусумат туғилишига сабаб бўлади.
Ахлоқимиз талабларига кўра, бир биродарингиз ортидан ундаги нуқсон ва камчиликларни гапириш ғийбат саналади, бордию унда бу камчиликлар бўлмаса, унга нисбатан бўҳтон ҳисобланади.
Абу Ҳомид Ғаззолий: “Одамларни ўзлари йўғида ёмонлаш қалбларга қилинган хиёнатдир”, деган. “Ғийбат қабиҳ феъллардан биридир. Ғийбат оз бўлса-да келтирадиган зарари денгиз каби бепоён. Бирор кишининг орқасидан гапириш, айбини топиш, ёмонлаш, бола-чақаси, хотини, бойлиги, хулқи ҳақида бемаза гапларни сўзлашнинг барчаси ғийбат саналади”, деган.
Хаёлиддин Ҳасаний. “Фавокиҳ ул-жуласо” китобидан бундай ёзилган: “Бирор киши олдингга келиб биров ҳақида ғийбат гапларни гапирса, ундай одамнинг гапларига ишонма, чунки у сени ҳам бировга ёмонлаб, устингдан ғийбат қилиши мумкин”.
Сўкиш қабиҳ саналган нарсани очиқ-ойдин сўзлар билан ифодалашдир. Аччиқ-тизиқ ва кесатиш сўзлари рост бўлса ҳам нутқдаги фаҳш ва қабиҳликдан бошқа нарса эмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонни сўкиш ҳалокат жари ёқасига келиш кабидир”, деганлар (Баззор ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонни сўкиш фосиқлик, ўлдириш эса куфрдир”, деганлар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Шунинг учун ҳам мусулмон киши зинҳор ва зинҳор бировни сўкмаслиги, шалоқ сўзларни оғзига олмаслиги керак. Бундай шармандалик ва одобсизликнинг яқинига ҳам йўламаслик зарур.
Имом Заҳабийнинг “Кабоир” деган китобида келтирилишича, бир кишидан: “Одам боласининг қанча айби бор?” деб сўрашибди. У бундай жавоб берган экан: “Бу айбларнинг саноғига етиб бўлмайди. Ўзим санаганимда саккиз мингта чиққан. Аммо бир хислат борки, у барча айбларни беркитиб туради. У – тилни тийиш”. Тилни ихтиёрига қўйиб юбориш инсонни ёлғон, ғийбат, чақимчилик, риё, ихтилоф, адоват, ахлоқсизлик, фаҳш ишлар ва бошқа турли ёмонликларга олиб боради. Шунинг учун “Ким тилини тийса, нажот топади” дейилган. Тил офатларидан сақланишнинг энг осон йўли турли бемаъни ўтириш-зиёфатлар, ғийбат-хусумат мажлислари, нодон, ахлоқсиз кишилар суҳбати кабилардан узоқроқ юришдир. Аллоҳ таоло барчаларимизни тил офатларидан паноҳида асрасин, фақат Ўзининг зикри ва фойдали сўзлар билан машғул бўлишимизни насиб айласин ва шу тариқа икки дунё саодатига эришишда Ўзи мададкор бўлсин!

Қизилтепа туман ҳамда Боязид Бастомий жоме масжид имом хатиби З.Орипов
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш