Тил офатлари

22-10-2019, 15:32 admin Мақолалар 805

Аллоҳ таоло биз бандаларига берган энг улуғ неъматларидан бири- бу тил неъматидир. Ҳар бир неъматнинг шукри бўлгани каби, тилимизнинг ҳам шукрини адо қилиш бизларга вожибдир. Бу неъматнинг шукрини тўғри адо қилсак, у сабаб кўпгина яхшиликларга етамиз. Аксинча, тилнинг ҳаққини ўз ўрнидан бошқа ўринларга ишлатадиган бўлсак, бошимизга кўпгина кулфатлар келишига сабаб бўлади.
Ақида китобларимизда бизлар у ҳақда сўраладиган энг муҳим аъзолардан бири тил эканлиги айтиб ўтилган. Чунки тил Аллоҳ таоло тарафидан берилган неъмат бўлиши билан бирга, инсон аъзоларининг энг хатарлиси ҳамдир. Эътиборли жиҳати шундаки, фаришталар ҳар бир гапираётган гапимизни, яхшими, ёмонми қолдирмасдан ҳисоб дафтаримизга ёзиб боришади. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай дейилган "Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир (фаришталар) борлар" (Қоф сураси, 18 оят)
Инсон гапирадиган нарсаларнинг энг яхшиси Аллоҳнинг исмини айтиш ва ҳар бир ишда рост сўзлаш. Энг ёмон сўз эса, Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш сўнгра тилимизга офат бўладиган гаплардан тийилмасликдир.
Ислом дини кишиларни барча офатлардан, жумладан тил офатларидан эҳтиёт булишга чақиради. Тил офатлари эса кўп: бемаъни, бефойда сўзларни гапириш, гуноҳ ишларни сўзлаш, фаҳш, сўкиш, одобсиз, ахлоқсиз ва шунга ўхшаш сўзларни айтиш, бошқаларни мазахлаш ва устидан кулиш, ёлғон сўзлаш, ғийбат ва бўҳтон гапларни сўзлаш ва шунга ўхшаш жамиятни бузадиган, одамлар орасига раҳна соладиган гаплар киради. Мазкур офатлардан қутилишнинг энг осон йўли жим туриш орқали бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам "Гапирсанг яхши гапни гапир, бўлмаса жим тур" деганлар. Бошқа бир ҳадисларида "Киши мусулмончилигининг гўзалликларидан бири- беҳуда нарсаларни тарк этишидир" деганлар. Шундай экан, бу ўткинчи дунёда фақат яхши гап, яхши амаллар билан ўзимиздан ном қолдирайлик. Ана шунда икки дунёмиз обод бўлади, иншооллоҳ. Бобокалонимиз Алишер Навоий ҳазратлари демишлар:
Ҳақ сени севгай эл била, қилсанг
Тилу кўнглунгни эл била якрўй,
Нукта сурсанг шукуфтау хандон,
Зист қилсанг кушодау хушхўй.
Яъниким, агар тилинг ва дилингни бир қилиб, халқ билан бирга бўлсанг, очиқ кўнгил ва хушхулқ бўлиб яшасанг, эл-юрт сабабли Ҳақ таоло сени севади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни тил офатларидан паноҳида асрасин, фақат Ўзининг зикри ва фойдали сўзлар билан машғул бўлишимизни насиб айласин ва шу тариқа икки дунё саодатига эришишда Ўзи мададкор бўлсин!

Қизилтепа туман Боязид Бастомий жоме масжид имом хатиби Завқиддин Орипов
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш