УСТОЗГА ЭҲТИРОМ - ВОЖИБ!

30-09-2019, 13:01 admin Мақолалар 742

Дейдилар, дунёда асли ким Азиз,
Айтдилар устоздир, устоз бегумон,
Тағин айтдиларки, Азиз шубхасиз,
Устозлар қадрига етолган инсон.


Устозлик олий рутба, юқори мақомга эга. Халқимизда ҳам “Устоз – отангдек улуғ”, - деган ҳикматли сўз бежиз эмас. Бир фарзанд-у аржуманд ўз отасини не чоғлик ҳурмат қилса, уни эъзозласа, севса, устозга ҳам шундай қилмоғи вожиб бўлади. Устозлик мақомини олиш, ушбу касбни танлаш кишидан катта масъулиятни, буюк иродани, юқори савиядаги маънавиятни талаб этади. Чунки бир ота ўзининг феъл – атворига ўхшаш бир ёки тўрт – беш болани тарбия қилса, устозларга бу иш бир мунча оғир ва мушкул бўлади, сабабики, ҳар бир боланинг ўзи яшаб келган, туғилганидан тарбия олган бошқа – бошқа муҳити бор. Уларнинг келажакда етук инсон бўлиб етишишида эса айнан устознинг роли беқиёсдир.

Бир ҳаким зотдан сўрадилар:
- Афандим, бу дунёда юки оғир бўлган, ўрганиш мушкул бўлган, илло халққа фойдаси ҳам зарра ҳам улуғ бўлган касблар ҳақида хабар беринг. Ҳаким киши жавоб берди:
- Бу дунёда сен сўраган касблардан иккитасини айтай, зеро, улардан ҳам кўра оғирроқ, улардан ҳам кўра шарафлироқ, уларникидан ҳам мушкул ва юки залворли бир касбни кўрмадим. Улар; табиблик ва устозликдир, деб жавоб берибди. Сўрагувчи киши тағин сўз қотди:
- Тўғриликка тўғри-куя, табиб беморни даволаб, халққа нафи тегса, устозлар илм улашса, уларнинг фақат фойдаси бўлгани ҳолда қандоқ ҳам зарари тегсин?!
Ҳаким зот савол сўрагувчи кишига шундай жавоб берди:
- Эй ўғилгинам, табибнинг бир доруси баъзан шифо, баъзан беморни ўлдириши мумкин. Бир бемори тузалса бир оилада шодиёна бўлади, бир бемори ўлим топса, бир оилада аза бўлади, аммо – лекин, устоз бир илми толибга тўғри таълим берса, бутун жамият манфаат кўргай ўша толибдан, акс ҳолатда бўлса-чи, бир илми толибга янглиш таълим бергудек бўлса, бутун халқ, бутун инсоният зарар кўргай, бу эса бутам, табибнинг аччиқ – ўткир дорусидан-да аччиқроқдур, ахир кўрмайсанми, бадфеъл, жоҳил инсонларнинг қилмишларини, улар фақатгина ўз оилаларига эмас, сенга – менга, халққа зарар бермоқдалар, ахир кўрмайсанми, биздан неча минг мил нарида бўлсалар ҳам биргина жоҳил инсонлар сабаб баъзан қалбларимиз қўрқувга тушишини, ахир билмайсанми, улар ҳам ўқишни – ёзишни билганларданлар, муаллимдан таълим олганларданлар, деди.
Ҳа, азизлар, устозлик касби қанчалик эъзозли бўлса, шунчалар машаққатли ҳам экан. Албатта, устозларнинг, муаллимларнинг энг шарафлиси, шубҳасиз – биринчи муаллим Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.
У зотнинг саҳобаларга таълим - тарбия бериш услублари ҳар бир давр ўқитувчи - мураббийлари учун энг чиройли ўрнакдир. Улардан айримларини санаб ўтамиз:
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтаётганларига энг олдин ўзлари амал қилардилар. У зотнинг яшаш тарзлари шу асосга қурилган эди.
2. Динимиз ҳукмларини тадрижий (босқичма - босқич) ўргатардилар.
3. Таълим жараёнида ўртача йўл тутардилар, шу тахлит тингловчилар зерикишининг олдини олардилар.
4. Ўрганувчиларнинг ўзига хос, фарқли томонларини доимо эътиборга олардилар.
5. Суҳбатда икки тарафлама мулоқот ва савол - жавоб услубига амал қилардилар.
6. Янглиш тушунчалар ўрнини тўғри билимлар билан тўлдириш учун ақл ва мантиққа тўғри келадиган изоҳлар айтардилар.
7. Ўрганувчиларнинг зеҳнларини очиш, билим ва савияларини аниқлаш учун уларга саволлар берардилар.
8. Таққослаш, ўрнак кўрсатиш услубини қўллардилар.
9. Таълим жараёнида ташбеҳ - ўхшатиш каби халқ орасида кенг тарқалган усуллардан фойдаланардилар.
10. Тингловчилар осон тушуниши учун турли шакллар чизиб кўрсатардилар.
11. Сўзларига уйғун равишда юз ҳаракатлари ва қўл ишораларидан фойдаланардилар.
12. Муҳим нарсалар ҳақида сўрашмасидан олдин ўзлари сўз бошлаб, батафсил тушунтирардилар.
13. Суҳбатдошларининг саволларига тўлиқ жавоб берардилар.
14. Айтилган сўз унутилмаслиги ва янглиш тушунчаларга ўрин қолмаслиги учун берилган жавобини такрорлатар эдилар..
15. Сўровчини имтиҳон қилар ва тўғри жавоб берганида мақтаб, рағбатлантирардилар.
16. Баъзан берилган саволга жавоб топишни саҳобаларга ҳавола қилардилар.
17. Ҳузурларида рўй берган воқеаларга гоҳ ўзлари аралашсалар, гоҳида (тасдиқлаш маъносида) сукут қилардилар.
18. Таълим асносида юзага келган имкониятлардан унумли фойдаланардилар.
19. Ўргатишда латифа ва ҳазилни ҳам ўринли ишлатардилар.
20. Ўргатилаётган мавзу муҳимлигини баъзан қасам билан таъкидлардилар.
21. Жуда аҳамиятли сўзларни баъзан уч марта такрорлардилар.
22. Мавзу аҳамиятини билдириш учун ҳолатларини ўзгартирардилар (яъни, ўтирган бўлсалар, туриб олардилар);
23. Баъзида эса саволнинг жавобини кечиктириб, қайта - қайта мурожаат қилардилар. Шу йўл билан айтмоқчи бўлганларига суҳбатдошларини руҳан тайёрлардилар.
24. Суҳбатдошнинг қўли ёки елкасидан тутиб, ҳушёр бўлишига ёрдам берардилар.
25. Тингловчи хотирасига мустаҳкам ўрнашиши учун сўзламоқчи бўлганларини олдин қисқа ва лўнда айтардилар, кейин тафсилотларига тўхталардилар.
26. Зеҳнда яхши қолиши учун айрим нарсаларни тур, тоифага ажратиб санардилар.
27. Ваъз ва насиҳат қилиш, ўгит бериш услубини қўллардилар.
28. Бирор нарсага амр қилсалар ё тақиқ қўйсалар, истиснога йўл қўймасдилар.
29. Инсонларни бирор нарсага ташвиқ қилишда истакларини орттирувчи, бирор нарсадан қайтаришда эса қўрқитувчи ифодалардан фойдаланардилар.
30. Қуръон қиссалари, ўтган қавмларга доир хабарлар билан сўзларига изоҳ берардилар.
31. Кўнглини оғритмаслик, ранжитмаслик мақсадида ҳеч кимни кўпчилик олдида изза қилмасдилар.
32. Айбдорни ҳамманинг олдида уялтирмаслик учун хатосини айтиб, ким қилганини ошкор этмасдилар.
33. Жиддий хатога йўл қўйганларга эса танбеҳ беришни кечиктирмасдилар, аммо шунда ҳам чегарадан чиқмасдилар.
34. Ўрганишда ҳам, ўргатишда ҳам илмни ёзиб боришга ташвиқ қилар эдилар.
35. Баъзи саҳобаларга бошқа тилларни ўрганишни буюрар эдилар.
Аллоҳ таоло ҳар биримизга устозларимизни розиликларини олишни, уларга биздан озор келишини ҳар қандай туридан огоҳ бўлишлигимизни, айниқса буюк муаллим, икки дунё сарвари Муҳаммад Амин соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишликни, бунга рағбат кўрсатишликни, илмни севишни, олим ва уламоларга яқин бўлиб, олган илмларимиз сабабидан Роббимизнинг икки дунё саодатига етишишимизни насиб айласин. Амин Я Роббил Аламийн!

“Қосим Шайх” жоме масжиди имом ноиби И.Хамраев


скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш