Ота-оналар фарзандларини дунёдаги оловдан ҳимоя қилишса !

3-06-2019, 15:05 admin Мақолалар 799

Ёш авлодни теран билимли ва етук мутахассис бўлиб етишишларида уларнинг беминнат хизматлари улкан. Дарҳақиқат, муборак динимиз таълимотлари инсон зотини жаҳолат зулматидан нурли ҳаётга етишишда муҳим омил бўлган улуғ устоз ва мураббийлар хизматларига юқори баҳо беради ва Аллоҳ таолодан уларга улуғ мукофотлар бўлиши башоратини беради. Аллоҳ таоло бутун инсониятни зулмат, жаҳолат, залолатдан фақат илму маърифатгина халос этишини Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилган Қуръони каримнинг илк оятларида “Иқро”, яъни ўқинг, деган чақириқларида алоҳида таъкидлаб қўйган.
Инсон ҳаётида билими, маърифати билан жамият аъзолари ўртасида қадр-қиммат ва обрў эътиборга эга бўлади, ҳатто Одам алайҳиссаломни барча фаришталардан ҳам юқори мақомга кўтарган нарса илм-маърифатдир.
Ҳақ таоло Қуръони каримда илмли кишиларнинг ва устозларнинг мартабалари юксак даражаларга кўтарилишини баён қилиб, бундай дейди:
яъни: ... Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир. (Мужодалат -11 оят).Бошқа бир ояти каримада бундай дейилган яъни: “...Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!..” (Зумар – 9- оят)Аллоҳ таоло Олимларнинг нақадар омонатли ва тақволикларини таъкидлаб бундай дейди: яъни: “Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир”. (Фотир – 28 – оят)
Мазкур ояти карималар, Аллоҳ таоло илм эгаллаган ва уни бошқаларга етказишда холис жиддий саъйи-ҳаракат қиладиган улуғ устозларнинг обрў-эътиборларини янада юқори кўтариб қўйишини ваъда қилмоқда.Олимлик, устозлик мақоми нақадар улуғ ва бемисл экани ҳақида Жаноби Пайғамбаримиз бундай марҳамат қилганлар: “Олимнинг, яъни унинг бошқалардан ортиқлиги ойдин кечада ойнинг бошқа юлдузлардан зиёда нурли эканига ўхшайди. Дарҳақиқат, уламо-устозлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар ўзларидан кейин динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар фақат ўзларидан илму маърифатни мерос қилиб қолдиришган. Ким бу мерос илмни олган бўлса, у катта бахту-саодатни қўлга киритибди”. Бу ҳадиси шарифни Имом Термизий, Абу Довуд ва Ибн Можалар ривоят қилишган.
Илм-ирфон тарқатиш, ёшларга таълим тарбия бериш нақадар улуғ фазилат ва савобли иш эканлиги ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган: “Дарҳақиқат, инсонларга яхшилик ва илму-маърифатни ўргатган барча устозларга барча ҳайвонлар, ҳаттоки денгиздаги балиқлар ҳам истиоғфор айтади”.
Луқмони Ҳаким ўғлига бундай насиҳат қилган экан: “Эй, ўғлим! Олимлар билан ҳамнафас бўл, устозлар орасида ўтир, чунки Аллоҳ таоло еру осмонни суви билан обод қилганидай, қалбларни ҳам илму ҳикмат нури билан мунаввар қилади”.
Азизлар! Бугунги кунда илм олиш учун ҳеч қандай монеълик йўқ, барча шарт-шароит ва имконият бор. Юзлаб ўқув юртлари, коллеж ва лицейлар очиб қўйилган. Мамлакатда динимизни ўргатадиган ўн иккита ўрта махсус Ислом билим юрти ишлаб турибди. Жаҳондаги жамики илмларни жамлаган бепоён Интернет тизимига кириш имкони бор. Бу улуғ илм даргоҳларида ўз соҳасида етишиб чиққан иқтидорли, малакали ва тажрибали фидоий устозлар ўз талабалари ва ўқувчиларига фидокорона таълим-тарбия бермоқдалар.
Шунча шароит ва имкониятлар бўлишига қарамай, баъзи инсонларда рағбат йўқ, ихлос суст, ғайрат-ҳаракат етишмаятганлиги сезилиб қолмоқда. Қанчалаб вақтимизни беҳуда амалларга, номақбул ўтириш ва гапларга сарфлаб юборяпмиз. Бироқ озгина илм олишга, ҳеч бўлмаса, оммавий ахборот воситаларда тарқатилаётган хабар-маълумотлар билан танишиб қўйишга ҳам вақт-имкон “топа олмаяпмиз”. Ўтмишда оила дастурхони устида хонадон улуғининг эрталаб ва кечқурунлари илмий-ахлоқий мавзуларда ихчамгина маърифий суҳбат уюштиргани, бизга худди эртаклардагидай эриш туюлади.
Маълумки, улуғ устозлар ҳамма нарсадан илму-маърифатни афзал билишган ва бутун ҳаётларини илмга, шогирдларга таълим беришга бағишлашган. Шунинг учун илм ўқувчи талабадан устозини эъзозлаш талаб этилади. Устозга меҳр қўймаган уни ҳурматини қилмаган шогирднинг илмни пухта эгаллашига ишониш қийин. Бемор киши ўз ихтиёрини бутунлай табибга топширганидай, таълим олувчи шогирд ҳам ўзини батамом муаллим ихтиёрига топшириши, уни эъзозлаб-ҳурматлаши ва доимо хизматида шай туриши керак. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг уловлари тизгинини ушлаб, унга минишларида ёрдам бериб бундай деганлар: “Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб кибрланса, жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли”.
Ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам бизда шогирдларига илм-ҳикматни танитувчи устозлар қаттиқ ҳурмат қилинган. Бу ҳақда шунчалик кўп ривоятлар бор, шу ўринда айримларини келтириб ўтиш фойдадан холи бўлмас:“Ҳидоя” муаллифи, шайхулислом Бурҳониддин Марғиноний ҳикоя қиладилар: “Бухорои шарифнинг улуғ олимларидан бирлари дарс жараёнида эдилар. Дарс асносида гоҳо ўринларидан туриб қўяр эдилар. Зийрак толиблар бунинг сабабини сўрашди. У зот камоли эҳтиром билан: “Меҳрибон устозимнинг фарзандлари кўчада болалар билан ўйнаб юрибдилар. Гоҳида ўйин билан машғул ҳолда эшик олдига келсалар, устозим ҳурматидан дарҳол ўрнимдан туряпман”, деб жавоб қилдилар.
Соҳибқирон Амир Темурнинг бундай гапи бор: “Илм ва диннинг машҳур устозлари ўз маслаҳатлари билан подшоҳларга ёрдам бериб келишган”. Устозлар барчамизнинг, хусусан шогирдларнинг эҳтиромига лойиқ бўлган буюк инсонлардир. “Илм билан мустаҳкамланмаган ҳар қандай улуғликнинг оқибати хорликдир”, деган экан Аҳнаф ибн Қайс.
Ҳукамолардан бири бундай деган экан: “Ота-оналар фарзандларини дунёдаги оловдан ҳимоя қилишса, устозлар эса уларни охират олови дўзахдан муҳофаза этишади”. Устознинг ҳам ўзига хос бурч ва вазифалари мавжуд. Устоз шогирдига шафқатли бўлиши, уларни ўз фарзандидек кўриши, берган илми учун улардан ҳақ талаб этмаслиги, илм бергани учун мукофот ва ташаккур истамаслиги, балки Аллоҳ йўлида холис илм ўргатиши лозим бўлади.Устоз шогирдларига бирон нарсани миннат қилмайди, балки уларнинг қалбларига илмни маҳкамлаш орқали Аллоҳга яқин бўлишни ният қилади, тиришқоқ шогирдларини маънавий тақдирлаш ва рағбатлантиришни афзал деб билади. Шогирдлар бирор одамга экин экиб, деҳқончилик қилиши учун ижарага берилган ерга ўхшашади. Устознинг мукофот талаб қилиши ножоиз, зеро у Аллоҳдан улкан ажрга муяссар бўлади. Ўтган солиҳлар шогирдлардан ҳадя қабул қилишдан ўзларини тийишган.
Лекин устоз шогирдларга насиҳат қилишни тўхтатмайди, улардан маслаҳатини дариғ тутмайди. Имкони борича шогирдларини ёмон хулқлардан ишора йўллари билан қайтаради. Уларга танбеҳ бермайди, зеро танбеҳ ҳайбат, улуғлик пардасига нуқсон етказади. Яна шу каби устоз шогирдининг ақл ва фаҳмлаш миқдорига аҳамият беради. Фаҳми етмайдиган ва ақли олмайдиган мавзуларда дарс ўтмайди. Илм толиблари ва шогирдлар ҳам доимо илму-маърифатлари зиёда бўлиш йўлида Устозлардан билмаган ва тушунмаганларини сўраб-билишда жиддий ҳаракат қилишлари лозим бўлади. Яна ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Илм қалбдадир, унга етишган тақдирингдагина уни ўзингга ўзлаштирасан!”, “Икки тоифа одамлар билимни хор айлади: ахлоқсиз устоз ва жоҳил, илмсиз зоҳид”.
Аллоҳ таоло барчаларимизни билганларимизга амал қилишга, азиз устозларнинг билим-маърифатларидан доимо баҳраманд бўлиб боришга насиб айлаб, барча устозу-мураббий ва муаллимларни Ўзининг ҳифзу-ҳимоясида сақлаб, энг эзгу орзу ниятларига етишишларида ёру мададкор бўлсин. Омин!


Қизилтепа туман бош имом хатиби З.Орипов.

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш