Амаллар гўзал бўлсин!

28-08-2019, 05:18 admin Мақолалар 634

Ўйлаб кўрсак бу сўзлар шунчаки айтиладиган сўзлар эмас, айни вақтда ҳамма имкониятлар етарли, ҳатто орзу - ҳавас деганлари ҳам муаммо бўлмай қолди. Юртимизнинг тинчлиги, ободлиги, бозорларимизнинг тўкин – сочинлиги, буларни айтиб адо қилолмайсиз. Ҳурматли юртбошимизнинг тинчлик - осойишталик ва халқимизнинг манфаатлари йўлида қилаётган буюк меҳнатлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги керак.
Айниқса, ҳозирги ривожланиб, юксалиб бораётган бир вақтда масъулиятсизлик қилиб атрофга бефарқ ўтирадиган пайт эмас. Давлатимиз раҳбари томонидан ҳаётга тадбиқ этилаётган ҳар бир қарор, ҳар бир кўрсатма сўзсиз ва изчил амалга оширилиши керак. Куч бирликда, куч адолатда деганларидек ҳар бир қарорни амалга оширишда биргалашиб, одиллик, ҳалоллик билан ҳаракат қилсак, натижа шунчалик самарали бўлади.
Қани энди ҳамма бирдек маъсулиятни ҳис қилса. Вазифамиз туфайли маҳалламиз худудида бўлаётган тўйлар, тадбирлар, аза ва маъракаларда қатнашамиз. Баъзи хонадонларга борганда камчилик ва хатоларни айтсак тўғри тушуниб бу ҳолатларни қайта такрорламасликларини айтишади. Баъзилар эса ҳатто эшитишни ҳам исташмайди, ортиқча исрофгарчилик, бидъат - хурофотга шунчалик кўникиб кетишганки ва буни камига ота-боболарини рўкач қилиб ўзларини хақ эканликларини исботлашга ҳам уринишади.
Айниқса, азадор хонадон эгаларининг ҳалигача 7-20-40 қилишлари, оила аъзоларидан ташқари яна ўнлаб қариндош - уруғларнинг ойлаб ҳатто йиллаб аза кийимларини кийиб юришлари жуда ачинарли. Ҳатто азанинг биринчи куниданоқ жонлиқ сўйиш, дастурхонларни ноз - у неъматлар билан тўлдириб, ташлаш каби ортиқча исрофгарчиликларга йўл қўйилмоқда. Яна ,”Ўлдинг- ўчдинг”ми? “Майитнинг ҳурмати йўқми? “Отам ёки онам шунга арзимайдиларми?” деган баҳоналарни уялмасдан баралла айтишаяпти. Ахир, Аллоҳ инсонни мукаррам қилиб яратди, унинг хотираси ҳам азиз. Лекин марҳумларнинг кексаларимизнинг, ота-оналаримизнинг биздан рози бўлиб кетишини истасак, уларни ҳаётлигида розиликларини, дуоларини олайлик, руҳларини шод бўлишини истасак, солиҳ амалларимизни, хайрли ишларимизни савобини бахшида этайлик, Қуръонлар тиловат қилайлик. Энг ёмони бу ширк амалларга фарзандларимизни ҳам гувоҳ бўлишлари ва уларнинг нотўғри тушунча олишларидир.
Ҳали ҳам бўлса кечиктирмасдан нафақат маҳалла фаоллари, ҳар бир оила бошлиқлари ўртасида, янги ёш оилаларда тушунтириш тарғибот ишларини кучайтиришимиз зарур.
Дунёни гўзаллик қутқаради бунинг замирида меҳр - муҳаббат, ният, амал, ҳалоллик, меҳнат, садоқат тушунчалари ётади. Сиз ота-онангизга, оилангизга, жигарларингизга меҳр-мухаббатли ва садоқатли бўлсангиз, динимиз буюрганларига амал қилсангиз, ҳалол яшасангиз, меҳнат қилсангиз бу қанчалик тўғри бўлади. Инсоннинг қалби, ниятлари, амали, вафоси гўзал бўлса ҳалол яшаса ва бунинг устига бундай инсонлар жуда кўп бўлса, яшаш қанчалар завқли бўларди, дунё нақадар гўзаллашар эди. Чин гўзаллик ва қалб поклиги инсонни ёмонликлардан, нопок ишлардан, ғараз ниятлардан, ҳалол бўлмаган амаллардан қайтаради.
Умр шиддат билан ўтиб бормоқда, келинглар мана шу қисқагина умримизни савобли ишларга сарф қилайлик. Давлатимиз сиёсатини қўллаб қувватлайлик. Албатта, ҳамма нарсага бирдан эришиб бўлмайди, қийинчиликлар, тушунмовчиликлар бўлиши мумкин, ахир, мақсадимиз биздан кейинги авлодга - фарзандларимизга ўзимиздан гўзал, тинч ҳаётни қолдириш, уларни тўғри тарбия қилишдир.
Ибтидоси гўзал ишнинг интиҳоси ҳам гўзал бўлиши шак - шубҳасиздир. Фарзандларимиз ёшлигиданоқ панд-у насиҳатларга қулоқ тутишсин - эшитишсин, гуноҳ ва савобни, яхши ва ёмонни фарқига боришсин.
Ҳар биримиз бу йўлда ҳар қанча меҳнат қилсак арзийди. Мактабларда, ўқув юртларида, коллежларда бўлганимизда жуда кўп камчиликларимиз сезилиб қолади. Масалан кийиниш маданияти, муомала маданиятининг пастлиги, баъзи ўқувчиларнинг устозларга итоатсизлик қилишлари, улардаги тушунчаларни жуда саёзлиги ҳали таълим-тарбия савиясининг жуда оқсаётганини кўрсатади.
Улар бугун ўқувчи, талаба эртага бир оиланинг эркаги, аёли бўлишади. Уларда масъулиятнинг бўлмаслиги ажримга, дилхираликларга, бегуноҳ гўдакларнинг етим бўлишига сабаб бўлади. Ахир, ёш қизларнинг эрта уйғониб қолиши, энг ёмони хомиладор бўлиб қолаётгани, никоҳсиз фарзандлар туғилаётгани, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари, аёллар ўртасидаги жиноятларнинг учраётгани ҳеч кимга сир эмас, булар орасида мактаб уқувчиларининг ҳам борлиги жамият учун оғир фожеадир.
Баъзи ота-оналар вақт ажратиб фарзандларини ёнига чақириб бир соат панд-у насиҳат қилиш, керакли китоб олиб бериш, уларнинг муаммолари билан қизиқишидан кўра, дабдабали тўйлар қилиш, машина олиш, ҳовлилар қуриш режасини биринчи ўринга қўйиб олишмоқда.
Ахир, ортимиздан қоладигани солиҳ фарзанд, яхши амалларимиз эмасми, эртага кеч бўлмасидан, бугун фарзандларимизни сабрли, шукрли , иймон-эътиқодда мустахкам булиши учун жон куйдирайлик, хатоларимизни тан олиб, уни тузатишга харакат қилайлик. Муҳтож, ночор бемор ёлғиз кимсалардан баҳоли қудрат ёрдамимизни аямайлик. Зеро, Ҳақнинг ҳам, халқнинг хам олдида юзимиз ёруғ бўлсин . Иймон - у эътиқодда гўзал хулқимиз билан фарзандларимизга ибрат бўлайлик. Арзимас, кичик хатоларни вақтида тузатсак катта хатоларнинг олди олинади. Ҳолбуки ҳаётимизнинг кўпи мана шу майда ташвишлар, муаммолардан иборат экан, ҳеч биримиз бефарқ бўлмайлик.
Юртбошимизнинг жон куйдириб айтаётган танбеҳлари, кўрсатмаларидан тўғри хулоса чиқарайлик. ”Мен юртим равнақига нима ҳисса қушдим?” деган саволни ҳар биримиз ўзимизга бериб кўрайлик. Режаларимиз, йўлларимиз аниқ, имкониятлар етарли, вақт олий ҳакам, вақтни бой бермайлик, янги таклифлар - режалар билан чиқайлик, руҳиятимизни дунё қарашимизни тафтиш қилайлик, ношкурлик ҳиссидан йироқ бўлиб, амалларимиз яратганни ҳузурида сарҳисоб бўлишини унутмайлик.


Навоий вилояти бош имом хатибининг Хотин-қизлар масалалари буйича ёрдамчиси У.Холова
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш