ДУНЁДА ОЛТИТА ЖОНЗОТ БОРКИ, ҲАЗРАТИ РАСУЛУЛЛОҲ (с.а.в.) УЛАРНИ ЎЛДИРИШНИ МАНЪ ҚИЛГАНЛАР
Ҳазрати Расули акрам (с.а.в.о.) қуйидаги сабабларга кўра асалари, чумоли, қурбақа, чумчуқ, ҳудҳуд ва қалдирғочни ўлдиришни манъ қилганлар:
Асалари
Асалари шундай жонзот эканки, фақат ҳалол еб ҳалол қайтарар экан. Шунинг эвазига Худованд асаларини шунчалик мўътабар деб билар эканки, бундай иззат инсу-жинда ҳатто йўқ экан.
Чумоли
Чумолининг Аллоҳ ҳузуридаги иззат-эътибори шунда эканки, ҳазрати Сулаймон ибн Довуд (а.с.) замонларида кучли қирғоқчилик дунёга ҳукмрон бўлганида, одамлар ибодат қилиб Аллоҳдан ёмғир сўраган пайтларида ҳазрати Сулаймон пайғамбар (а.с.) нинг кўзлари бир чумолига тушган экан. Сулаймон (а.с.) икки оёқда тик ва икки қўлини осмонга баланд кўтарган ҳолда турган чумолининг сўзларига қулоқ тутсалар, у Парвардигорга шундай арз қилармиш: “- Эй Худо! Биз ҳам сен яратган бошқа махлуқотлар сингари махлуқларингданмиз. Биз ҳам улар каби сенинг фазлу-карамингдан ноумид эмасмиз. Бизларни ўз ризқу-рўзингдан узоқлаштирма, бемурувват инсонларнинг гуноҳлари туфайли бизларни жазоламагин!”
Қурбақа
Иброҳим (а.с.) ни Намруд подшоҳ оловда ёқиш учун ташлаган пайтда инсонлар ва бошқа жонзотлар Худодан сўрашдан бошқа иш қилмай турганларида, қурбақа сув ютиб, оловни учириш учун оловга кириб танасининг тўртдан бир қисмини куйдириб олиб, оловга сув сепган экан.
Ҳудҳуд
Ҳудҳуд Сулаймон (а.с.) га Балқис мамлакатига бориш учун йўл кўрсатган экан.
Чумчуқ
Одам (а.с.) га Сарондиб юртидан Жидда шаҳрига келишлари учун ҳамроҳлик қилиб йўл кўрсатган экан.
Қалдирғоч
Осмонда чарх уриб парвоз қилганлигининг сабаби инсонларнинг бир-бирларига ситам кўрсатганликлари учун ғам чекаркан ва у тўхтовсиз ибодатда бўлганлиги учун у овоз чиқарган пайтда “валаз зооллийн” деган жумла эшитилар экан.
“Қуръон сирлари” китобидан Саййид Азиз Саййид Исо ўғли