Барчангизга маълумким, кейинги вақтларда ибодатга келиб-кетиш жараёнида диндошларимиз томонидан автотранспорт воситаларини тартибсиз ҳолатда дуч келган жойларга жумладан, йўлнинг қатнов қисмига қаровсиз ҳолатда қолдириб кетиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Бу эса табиийки, кенг жамоатчилик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари (ЙПХ) ходимлариниг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, муборак ҳадиси шарифларда “(Исломда) Зарар кўриш ҳам зарар бериш ҳам йўқ”лиги алоҳида таъкидланиб, ушбу шаръий қоидага кўра ҳайдовчи ўзгаларнинг жони, молига етказган зарари учун жавобгар бўлиши белгилаб берилган. Афсуски, орамизда бунга бефарқ қарайдиганлар ҳанузгача учраб турибди. Юқоридаги эътирозлардан келиб чиққан ҳолда вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ томонидан ҳар бир масжидлар атрофида тирбандликни олдини олиш ҳамда хавфсизлик нуқтайи назаридан транспорт воситаларининг ҳаракати чекланиши, ибодатга келувчилар имкон борича пиёда келишлари сўралмоқда. Суратдаги махсус харитада эса йўлнинг ёпилиш жойлари алоҳида кўрсатилган. Сизлардан илтимос ҳам талаб бўладики, муқаддас динимизнинг одоб-ахлоқ нормаларига ва жонажон ватанимиз қонун-қоидаларига тўлиқ риоя қилинглар! Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биргина «Мен олийжаноб ахлоқларни батамом этиш учун юборилдим», деган сўзларининг ўзи бу борада керакли хулоса чиқариш учун етарлидир.