Қурбонлик – шукроналик ифодаси!

15-08-2018, 06:25 admin Мақолалар 1 411

(Қурбонлигим – қалбим қувончи!!)
(Қалбларни қувонтирган қурбонликлар!!!)

Ҳикматларга йўғрилган, эзгулик, фидокорлик, ҳамжиҳатлик, кўплаб сон-саноқсиз неъматларга шукроналик, билиб билмай қилган гуноҳларимизга каффорат, рўзғоримизга барака ва кенгчилик олиб келувчи Қурбон Ҳайити байрами азалий қадриятларимиз сарасидир. Бу кунда ота-оналар, қавму қариндошлар зиёрат қилинади ва бева-бечоралар ҳолидан хабар олинади. Ўзаро аразлашганлар ярашади, ёшларимиз хизматда, кекса нуронийлармиз иззатда бўлишади. Беморлар ҳолидан хабар олиниб, муҳтожларга ҳиммат қилинади. Олийҳиммат инсонлар учун молиявий ибодат имкони келиб, дуои хайрларга сазовор бўлишади. Бу куннинг яна бир савобли ишларидан бири қурбонлик суйишликдир. Яшаётган ҳар кунимизга шукр қилиш, ҳаёт аталмиш неъматни ато қилувчи Зотни улуғлаш ва Унинг кўрсатмаларига мувофиқ умр кечириш билан бўлади. Шунга кўра, қурбонлик сўйиш ҳар жиҳатдан берилган барча неъматларга шукроналик ифодаси ҳисобланади. Ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш вожиб амалдир. Қурбонлик қилиш ҳур, оқил, муқим ва закот нисобига молик бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Кавсар” сурасида шундай марҳамат қилади: “Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй”.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Одамзот қурбонлик куни қон оқизишдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш қилган эмас. Қиёмат куни улар (қурбонлик қилинган ҳайвонлар) шохи, жуни ва туёқлари билан келишади (ва гувоҳлик беришади. Қурбонлик сўйилган пайтда) қон ерга тушмай туриб (унинг савоби) Аллоҳнинг ҳузурига етиб боради. Уни чин кўнгилдан қилинглар”. Термизий ривоят қилган.

Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Кимки қурбонликни дили хурсанд ва савоб умидида қилса, у (қурбонлик) у учун дўзахдан парда бўлади” дедилар” (Табароний ривояти).
Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога:
“Қурбонлигингиз олдида туриб, гувоҳ бўлинг. Чунки қурбонлик қонининг биринчи қатраси томчиши билан ўтган гуноҳларингиз мағфират қилинади” дедилар. Шунда у (Фотима онамиз):
“Эй, Аллоҳнинг Расули бу фақат биз оли байт учунми ёки биз ва барча мусулмонлар учунми?” дедилар.
Шунда у зот: “Биз ва барча мусулмонлар учун” дедилар”

Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолатда ривоят қилинади:
“Ёш, навқирон, бақувват жониворларни қурбонлик қилинглар. Чунки, улар (қиёмат куни) сирот устидаги уловларингиздир”.

Қурбонликка оид муҳим ҳукмлар.

Қурбонликка яроқли чорва ҳайвонлари: олти ойлик қўй, бир ёшли эчки, икки ёшли мол, беш ёшли туя.

Қурбонлик қилиш шартлари: сотиб олишга қодир бўлиш, чорва ҳайвонларидан бўлиш, нуқсонсиз бўлиш, шариат белгилаган вақтда қилиниш.

Қурбонликни сўйишдаги макруҳ ишлар: ҳайвонни кўз олдида пичоқни қайраш, бошқа ҳайвонни кўз олдида сўйиш, ҳайвоннинг оёғи ёки бўйнини синдириш, ток билан карахт қилиш, пешонасига болта билан уриб озор бериш.

Қурбонлик қилишга монеълик қиладиган нуқсонлар: ҳайвоннинг бир кўзи мутлақ кўрмаслиги, касал, баданида қўтир ва жароҳати бўлиши, ҳаддан ташқари чўлоқ бўлиши, бошқа янада каттароқ нуқсони бўлиши.

Аллоҳ Таоло Қурбон ҳайити кунларида қилаётган барча эзгу амалларимизни даргоҳида қабул қилиб, хонадонларимизга тинчлик-тотувлик, файзу баракаларини ёғдирсин!

“Зарафшон” жоме масжиди имом-хатиб
Комилжон Шодмонов
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш