Никоҳ тўйи харажати ва рўзғорни бутлаш кимнинг зиммасида?

17-12-2024, 15:30 admin Мақолалар 69

Никоҳ  тўйи  харажати  ва  рўзғорни  бутлаш  кимнинг  зиммасида?
Оилада ўғил фарзандлар туғилса, суннати қилинса, вояга етиб уйланса дастурхон ёзиб дуо олиш шу фарзандни дунёга келтирган оиласи зиммасидадир! Ўғил фарзанд йигит ёшига етгач уни уйлантириш зиёфати бериш, келадиган келин учун хона ажратиш ва уни жиҳозлаш каби харажатлар кечаги кунга қадар ўғил фарзандлилар оиласи тарафидан бажарилар эди. Нимага энди бугунги кунларда никоҳ тўйи қилиш келин бўлаётган қизнинг отаси томонга юкланмоқда? Нафақат никоҳ тўйи, келин бўлиб бораётган хонадонини жиҳозлаш ва рўзғор буюмлари билан кам – кўстсиз таъминлаб бериш ҳам янги тушадиган келин тараф зиммасига юклаб қўйилмоқда? Бу ҳам етмагандек келин тараф ёзган дастурхонга куёв тарафдан меҳмонлар келиб уларнинг ёзган дастурхонидан худди ўзлари ҳамма маҳсулотларни ошириб - тошириб юбориб қўйгандек “камчилик” изламоқдалар.Нуфузли олийгоҳларни битирган мўмайгина маош тўлайдиган жойларда ишлайдиган куёвтўраларимиз ҳам ориятлари йўл қўйган ҳолда бемалол келин этган жиҳозлардан фойдаланиб, у олиб борган сарполарини киймоқдалар. Нима учун куёв ва унинг тарафи бу борада урф- одатларимизга кўра ўз вазифаларини унутиб қўйганлар? Бундай ҳолат эркаклик ориятига ва азалдан амал қилиб келинаётган қадриятларимизга хиёнат эмасми? Шариатимиз ҳукмларига ва қадриятларимизга кўра келин олувчи ва қиз чиқарувчи тарафларнинг ўз вазифалари белгилаб қўйилганку ! Аллоҳ таоло :“Эркаклар хотинлар устидан ( оила бошлиғи сифатида доимий ) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол- мулкларидан сарф қилиб туришларидир ...” ( Нисо сураси, 34- оят)
Шариат кўрсатмасига биноан никоҳ тўйини қилиш уйланадиган йигит зиммасида бўлиб исботи ўлароқ шундай ҳадис келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланган эркак саҳобаларга никоҳ тўйи қилишни буюрганлар. Пайғамбар алайҳиссалом қизлари Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳони куёвлари Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга турмушга бераётганларида куёвлари ўша пайтда камбағал бўлишларига қарамасдан никоҳ тўйи қилишни ва келин учун маҳр бермоқликни таъкидлаганлар.
Ҳадис қуйидагича баён қилинган: “…Эртасига Али ибн Абу Толиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинроқ жойга турди ва у зот эшитадиган қилиб:“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларига совчилик қилмоқчи бўлувдим. Ўзимнинг бирор нарсам ҳам йўқ эди. Аммо яқинлик ва меҳрларидан умидвор бўлиб сўраган эдим”, – деди.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол буни мулоҳаза қилдилар ва у кишига оғир ботмайдиган қилиб:“(Маҳрга) бирор нарсанг борми?” – дедилар.“Йўқ, ё Расулаллоҳ”, – деб жавоб берди Али.“Ҳутамийя совутинг қани?” – дедилар. “Ўзимда, ё Расулаллоҳ”, – деди.“Бўлмаса ўшани бер”, – дедилар.Али ибн Абу Толиб совутни олиб келди.Тўй кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам куёв бўлмиш Али ибн Абу Толибга:“Эй Али, келинга бир тўй ҳам қилмоқ керак”, – дедилар.Шунда Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу:“Менда бир қўчқор бор!”– деди.Ансорийлардан бир гуруҳи бир неча соъ жўхори жамлаб келишди. Ана ўша нарсалардан тўй зиёфати уюштирилди...”.
Ҳар бир замоннинг вазиятига қараб, эркак кишининг топиш- тутишидан келиб чиқиб никоҳ зиёфати бериш, аёлини уй - жой, рўзғор буюмлари ва кийим – кечак билан таъминлаш эркак кишидан талаб этилган, бундай талабдан ҳеч қайси эркак бўйин товламаган. Оилага бошлиқ бўлиш ва тўй харажатлари,оиланинг таъминотини қилиш бу борада Аллоҳнинг буйруғига ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига амал қилиш эркак киши учун ибодатдир.
Шариат кўрсатмаларига амал қилмаслик, урф- одатларни менсимаслик миллатимизга хос бўлмаган амалларни қилишга, адашишга нафақат ўзини, бутун жамиятни тўғри йўлдан адаштиришга олиб келади. Агар сиз тўй бошлаган куёв ва келин тарафга бориб Ислом шариати ва урф - одатларга амал қилиб тўй- маъракаларни ўтказиш тўғрисида гап бошлар экансиз, авваламбор шундай эътироз билан куёв томонидан: “Ҳа, энди биз шариат ҳукмларини ва урф- одатларини унчалик тушунмасакда, бизларни ҳам ўз орзу- ҳавасларимиз бор,тўйни қандай қилиш қудам билан бизнинг ихтиёримизда”- деб истеҳзоли равишда кулиб, лаб буришади.
Қиз узатадиган томонга бориб қадриятларга амал қилиш ва ортиқча чиқимни олдини олиш тўғрисида маслаҳат берсангиз :”Келинг шу қоидаларни бизлардан бошламанг, қудаларим хафа бўлишади. Қўйинг энди бу гапларни ,қизим борган жойида тинчисин, банкдан кредит олибми? Ёки қарз олиб бўлса ҳам эл қатори сепу- сарпо қиламан, кейинчалик узилишиб кетармиз, қизим ҳеч кимдан кам бўлмасин”- деган фикрларни айтадилар. Қиз ўзатувчиларни қизларининг бахти тўкис бўлмоқлиги учун қудалари инсофли, дину- диёнатли, куёви ориятли, оила масъулиятини англаган бўлса, тамагир бўлмаса ундай қизлар албатта ҳеч кимдан кам бўлмасдан бахти тўкис бўлади.
“Кам бўлмасин”- дейишликларининг яна бир сабаби орамиздаги кибр отига минган молу - давлатлиларга бориб тақалади. Уларга Аллоҳ синов тариқасида берган молу- давлатларини манманликка ва дабдабабозликка сарфлаб ўзлари каби молу- давлатлари бисёр бўлмаганларга ўзларини кўз- кўз қилиб уларнинг кўнглини ўкситмоқдалар. Улар ўз молларидан эҳсон ёки закот бермасдан дабдабабозликка берилмоқдалар. Айни шу ўринда айтиш жоизки улар каби молу – давлатли бўлмаган кишилар кибри - ҳаво, ҳою- ҳавасга берилганларга ўзларни тенглашга уриниб кейин қийналиб қолмоқдалар. Қийинчилик ва азиятини кетказмоқлик учун ўзга юртларда сарсон бўлиб меҳнат мигрантларига айланмоқдалар. Мана шу каби муаммолар ҳақида ўйлаш керак !


Навбаҳор тумани бош имом хатибининг хотин- қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси: С.Хушматова.скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш