Махсига масҳ хақида.

18-12-2023, 20:27 admin Мақолалар 182

Махсига масҳ хақида.

Маҳсига масҳ тортишнинг жоизлиги борасида барча уламолар якдил бўлишган. Шунингдек, юпқа пайпоққа масҳ тортиш мумкин эмаслигига ҳам барча уламолар иттифоқ қилишган. Ҳозирги кундаги «пайпоқ-маҳси»ларга масҳ тортиш масаласида эса уламоларимиз турлича фикр айтишган. Қўйида шу масалани ўрганиб, якуний хулоса қиламиз.Ҳозирги кундаги пайпоқ-маҳсиларнинг ҳукмини фиқҳ китобларимизда зикр қилинган «жавроб» масаласидан билиб олиш мумкин.Ҳозирги кундаги замонавий араб тили луғатларида «жавроб» сўзининг таржимаси «пайпоқ» деб берилади. Лекин шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом давридаги жавроблар билан ҳозирги замонавий пайпоқлар бутунлай бошқа-бошқа нарсалардир.
«Жавроб» сўзининг асли «кавроб» бўлиб, араб тилига бошқа тилдан кириб келган. «Қомусул-муҳийт» ва «Лисонул-араб» номли энг мўътабар луғат китобларда «жавроб – кишининг оёқларига ўраладиган нарса», дейилган. Моликий мазҳабининг муҳаққиқ уламолардан Ибн Арабий ҳадисларда келган жавробни қуйидагича изоҳлайди:
«Жавроб – икки оёқни иссиқ тутиш учун жундан тайёрланган, уни (оёқни) ўраб турадиган нарсадир».
(Манба: «Оризатул-Аҳвазий шарҳ «Сунани Термизий» китоби).
Аллома Бадриддин Айний мазкур таърифга қўшимча қилиб, жавробни одамлар одатда ўта совуқ ўлкаларда кийишини таъкидлаб ўтган.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида жорий бўлган жавробга берилган таърифларнинг ҳаммасини ўрганиб чиқиб, хулоса қилинса, у – жундан ёки пахтадан тўқилган қалин матодан бўлган, оёқни иссиқ тутиш учун кийиладиган ёки оёққа ўраладиган нарса бўлгани маълум бўлади. Жавробнинг маҳсидан фарқи шуки, махси ошланган теридан тикилиб тайёрланган бўлса, жавроб қалин матодан тайёрланган. Баъзи уламоларга кўра, жавробнинг ости ёки усти тери билан қопланган.
Замон ўтиши билан турли хил оёқ кийимлар тикила бошлагач, улар ҳам «жавроб» деб аталиб кетган. Жавроблар эса турли ўлкаларда турли кўринишда бўлгани. Шунинг учун фуқаҳоларимиз жавробга масҳ тортишнинг ҳукми ўша оёқ кийимининг ҳолатига қараб белгиланишини очиқ ойдин айтиб ўтганлар. Жумладан, мўътабар фиқҳий манба ҳисобланган «Иноя» китобида шундай дейилади:
«Жавробга масҳ тортишнинг ҳукми уч хил бўлади:
- агар у қалин жавроб бўлиб, остига тери қопланган бўлса, масҳ тортиш жоиз. Бунга уламоларимиз иттифоқ қилганлар.
- теридан бўлмаган юпқа жавроб бўлса, унга масҳ тортиб бўлмайди. Бунга ҳам барча уламолар иттифоқ қилганлар.
- жавроб теридан бўлмаса, лекин қалин бўлса ҳам, Имом Аъзамнинг наздида масҳ тортиш дуруст эмас. Аммо имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммаднинг наздида унга масҳ тортиш жоиз».
Демак, қадимги жавроблар (яъни қалин пайпоқлар) маҳсига ўхшагани, маҳсига қўйилган талабларга жавоб бергани учун уларга масҳ тортилган. Бу талабларга жавоб бера олмаган ҳар қандай оёқ кийимига масҳ тортиш жоиз эмас, деб ҳисобланган.
Жавробга (пайпоққа) масҳ тортиш ҳақида Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ ҳам ўзларининг «Баҳрур-роиқ» номли китобларида шундай дейдилар:
«Ип ёки жундан тўқилган юпқа жавробга масҳ тортиш жоиз эмас. Бу борада хилоф йўқ. Кийилган жавроб худди марвликларнинг пайпоғи каби бир фарсах ёки ундан ортиқ йўл юрса бўладиган даражада қалин бўлса, у ҳолда уламоларнинг фикрида хилма-хиллик пайдо бўлади»[1].
«Бадоеъус-саноеъ» китобида бу борада шундай дейилган:
«Уламоларнинг ижмосига кўра, пайпоқнинг матоси сув сизиб ўтадиган даражада юпқа бўлса, унга масх тортиш жоиз эмас».[2]
Демак, уламолар «Жавроб сув сизиб ўтадиган даражада юпқа бўлса, унга масҳ тортиб бўлмайди» деб ижмоъ қилганлар.
Аллома Ибн Обидин жавробга масҳ тортиш (учун қўйилган шартлар) мавзусида шундай деганлар:
1. Бир фарсах юриш мумкин бўлган даражада қалин бўлиши;
2. Боғичсиз, ўзи оёқда маҳкам турадиган бўлиши;
3. Устидан ости кўринмайдиган бўлиши;
4. Сувни дарҳол ўтказиб юбормаслиги керак.[3]
Шундай экан, жавробга масҳ тортиш жоиз ёки ножоизлиги фуқаҳолар юқорида белгилаган шартларга боғлиқ бўлади. Белгиланган шартлар топилса, унга масҳ тортиш мумкин. Белгиланган шартларнинг биттаси топилмаса ҳам, бундай оёқ кийимга масҳ тортиш жоиз бўлмайди.

Учқудуқ туман бош отинойиси О. Тўрақулова
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш