Қизларга аталган сўзлар
Доим ўзингга инсоф сўра.
Ёшлик бегуноҳликдир, шу даврда гўзал ниятлар қилишни бил. Инсон қисматининг илдизи унинг ниятида. Ҳаётининг яхши-ёмон бўлиши ҳам шундан. Кўзу қулоқ, қўлу тилни дил, ният бошқаради. Худбин одам, хасис одам, бахил одам ҳам катта ният қилади, аммо нияти худбинона, хасисона, бахилона бўлади. “Ўғри ҳам Худо дейди, тўғри ҳам” деган гап бор. Ёмоннинг ҳам тилаги ижро бўлиши мумкин. Қуръони каримда бундайлар ҳақида дейиладики: “Бу дунёингиз учун нима сўрасангиз, берурмиз. Аммо у дунёда жойингизни кофирларнинг қаторидан кўрсатурмиз”.
Болажоним, сен Худодан аввало, “Мени ўзинг рози бўладиган ниятлар тилашга қодир қилгин”, деб сўра! Бу билан ўзингга иймон, инсоф тилаган бўласан.
Аввало, ҳамма яхши нарсаларни барчага тила, кейингина ўшаларнинг қаторида ўзингга сўра. Боиси, Яратган ҳамма бандаларини бирдай севади, сен аввал ўзгалар учун куйишни билгин, сен учун эса унинг Ўзи қайғуради.
.......Болалигимни эслайман. Биз яшайдиган ҳовлида яна бир оила ижарада турар эди. Эри ўзбек, аёли рус – Вера опа дердик. Россиянинг Самара тарафидан эди. Мен ёлғиз бола, укаларим кетма-кет қазо қилган пайтлар. Онажоним бу ўрис келинга (онам уни шундай атарди) эринмай гоҳ ўзбекча гапиришни машқ қилдирар, гоҳ чопон қавишни ўргатар, гоҳида юртини, онасини соғиниб йиғлаб қолса, у тушунса, тушунмаса, астойдил сўзлаб, юпатишга тушар, гоҳо ўзи ҳам биргалашиб йиғлаб ўтирарди.
Вера опа ўғил кўрди. Дадам унга Баҳодир деб исм қўйдилар. Шу болачага чилласи чиқар-чиқмас бир яра тошдики, баданининг соғ жойи қолмади. Агар елкасидан сиқсангиз, тирсагидан йиринг чиқар, тирсагидан ушласангиз, билагининг пастидан яна шундай бўларди. Ёш она шўрликнинг боласини қўлга олишга қўрқаётгани, тепасида юм-юм йиғлаётганини кўрган онам болани шартта кўтарди-да, “Болага мен қарайман, деразани тақиллатсам, эмизгани чиқиб турасан”, деб бизникига олиб чиқди. Оҳ, онажоним-а! Ўша ҳаракатларини ҳозир кўриб тургандай эслаяпман. “Художон, шу мусофиргинага раҳм қил, боласини асра, фарзанд ўтини мен кўряпман, бошқалар кўрмасин-ей!” деб бўзлаганлари қулоғимга шундоққина эшитилиб турибди!
Онам ярага беланиб ётган боланинг ҳали у ёғини, ҳали бу ёғини сесканмай ушлаб, қандайдир сувларда чўмилтирар, нималардир сепар, суртар ва ўраб-чирмаб, ёстиққа ётқизиб, оёқларида эрталабгача тебратиб чиқарди. Онаси ҳадеганда деразадан мўралайверса, “Бор уйингга, ухла!” дея ҳайдаб берарди. Шу тарзда онам Вера опанинг Рустам, Аҳмаджон, Раҳматжон исмли болаларини ҳам ёнида туриб, катта қилиб берган....
Бошпанасиз қолган Зайнаб опа исмли нўғой аёлни уйимизга олиб келиб раҳнамолик қилганлари, “Сизни ҳунарли қиламан, йўлингизни топиб кетасиз”, деб чопон тикишни ўргатганлари, кейин лойиқ-қобил одам топиб, турмушга берганлари, “опам-опам” деб, топганини унинг орқасидан ташиб юрганларини эслайман.
Мавжуда исмли бир Тошкентлик аёл бўларди. Ўзи бева бўлиб, боласи ҳам йўқ эди. Бизникига тез-тез келар, у келганда онам негадир ҳазилкаш, ҳангомачи бўлиб қолар, “Мавжудахон, Мавжудахон”лаб, уни ўтқизгани жой топмас, албатта, ётиб қолишга ундар, унга ёқадиган бир нарсаларни пишириб-куйдиришга тушарди. Гоҳида, у кетгандан кейин маъюс тортиб қолар, “Дунёга келиб, нима кўрди шу шўрлик”,дея кўз ёш қилар эди.....
Онамнинг бу феълларида ҳикмат бор экан. Сен ўйламаки, гўё бизникида тўкинлик эди ва ошиб-тошиб кетганлари учун шундай ҳиммат қилар эди деб! Аксинча, уйимизда энг мўл нарса эҳтиёж эди. “Эплаб бугунни ўтказиб олайлик, эртага ё Раззоқ!” деган шиор ота-онамнинг бир умрлик ҳамроҳи бўлди! Менгача ва мендан кейин туғилган қатор болалари ўлган онамга Аллоҳ шу феъллари учунми, 43, 45 ёшида икки ўғлон берди. Минг шукрки, улар омон қолдилар. Уларнинг роҳатларини кўриш ота-онамга ҳар қалай насиб этди.
Ҳикмат шуки, бу болалар бирор марта ҳам касалхонага тушмай, онамни қийнамай катта бўлдилар. Феъллари ҳам мақбул бўлди. Ота-онам кета-кетгунларича улардан фахр ва ризолик билан ўтдилар. Буни онамга Аллоҳнинг қайтими деб биламан. Мен ҳам бугун биргина даврага маъқул келиб, бир тўпгина китобхондан дуо ололган бўлсам, бу онамнинг оппоқ дили, одамларга кўрсатган ҳимматлари жавоби эканлигини уқиб тураман.....
Ният – қалтис! Аввалги бир китобимда ҳам келтирган эдим, онажоним етти йилгача фарзанд кўрмайди. Табиийки, жигарлари дадамнинг бефарзанд ўтишини истамайдилар ва оилада яхши-ёмон маслаҳатлар бошланади. Ниҳоятда азият тортган онаи зорим ўт устида бир номақбул ният қилиб қўяди. “Эй Худо, шу “туғмас” деган номдан қутқар, бола берсанг бўлди, кейин қайтиб олсанг ҳам майли!” дея бўзлашга туради. Ва онамнинг қисмати шундай бўлади: олти нафар ўғил-қиз кўради, аммо улар бирин-кетин ўлаверади!
Онажоним умрининг охиригача: ҳар қадамда ҳар биримизга “Ниятни бутун қил, фарзанд сўрасанг, умри билан, ризқи билан, ҳусну чиройи, эс-ҳуши билан, ота-онаси, жигар-бағирларининг бутунлиги, бахту тахти билан бер деб тилагин”, дея надомат билан бўзлаб ўтди.......
Ҳар ишда астойдил бўл!
Ҳеч ким рўзғор ишларига тап-тайёр бўлиб бормайди. Аммо бўйинг кўрингандан бошлаб астойдил ният қилавер: “Бир жойга келин бўлсам, зеҳним билан ғайратимни астойдил ишга соламан, Худо мадад беради, иншоолоҳ, ҳамма ишнинг устаси бўлиб кетаман”, дегин! Бунинг оти – ихлос! Эътибор берганмисан, ўз уйида сезилмайгина юрган, ҳатто дангасагина бўлган айрим қизлар келин бўлганда, таърифлари тилга тушиб кетади. Инсон қилган ишни инсон, албатта, уддалайди, фақат астойдиллик керак! Рўзғорнинг қайси буюмини ушласанг, муҳаббат билан ушла. Овқат тайёрлар пайтингда қозонга меҳр билан эгил. Ҳар ишни бошлашдан аввал “Уни албатта аъло даражада бажараман”, деб ният қил ва шундай қилишинга ишон, мана кўрасан, шундай бўлади ҳам!
Ниятинг ҳаммага ёқиш бўлсин!
Қизойим, одамлар ҳам рангли қалам каби хилма-хил. Қандай аёлга келин бўласан, Худо билади! Астойдил тилаб борки, истарангни иссиқ кўрсатсин. Чунки ҳамма ишинг шу ҳовлига тушиб турибди – сен бу ерга кучингни эмас, умрингни кўчириб келяпсан.
Чаманзорми, тиканзорми, то юзга киргунингча шу ер энди сенга Ватан! Қиз боланинг борган жойида тинчини берсин Худойим! Бировнинг уйига сингиб кетиш жуда оғир жараён. Келин бўлиб борар экансан, ўзингни яхши-ёмон ҳолатларга созлаб боргин. Феъли текис бўлмаган қайнонани ҳам ёмон кўрмайман, эритиб оламан, шу уйга, албатта, кўникиб кетаман, деб ният қилгин! Бу ният сенга кечиримлилик, сабр ва кўнгил топишда изланувчанлик беради.......
“Ўғлим, қизим, сенга айтаман”китобидан.Т.Содиқова.
Зарафшон шаҳар “Геолог” ва “Баҳор”МФЙ отинойиси Х.Худжиярова.