Исломни ичидан бузиш учун чиқарилган Ваҳҳобийлик мелодий 18 асрда пайдо бўлган фирқадир. Аҳли сунна вал жамоа уламолари, бу фирқа пайдо бўлган дастлабки даврнинг ўзида, уларни адашган фирқа эканлигини таъкидлаганлар. Мазкур фирқанинг номи, унинг асосчиси Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб Тамимийнинг (1703-1792 йил) исмидан олинган.
Шайх Саид Абдуллатиф Фуда ваҳҳобийлар ҳақида шундай дейди:
“Хозирги замонда, кўринишидан янги, асосий қоидаларидан эса қадимий бўлган фирқа зоҳир бўлди. У фирқанинг аъзолари Ибни Таймиядан бошқа бирорта бир уламоларга эътибор қаратмайдилар.
Ибн Таймиянинг сўзларини муқаддас деб биладилар. Ва яна улар тўрт мўътабар мазҳабларнинг (ҳанафий, шофеъий, моликий, ҳанбалий) бирортасига ҳамда эътиқоди хақ бўлган тўғриликлари билан танилган уламолардан бирортасига муқаллид (тақлид қилувчи) эмасликларини, аксинча мустақил эканларини иддао қиладилар. Улар амалда буюк уламоларнинг хеч бирига эргашмайдилар. Балки уларга қарши чиқадилар.
Буюк уламоларнинг хеч бири айтмаган гапларни айтадилар.
Уларнинг ҳар бири ўзича алоҳида бир мазҳабда. Улар ақлларини ишлатмайдилар. Ўзларини хақ санаб, уларга қарши чиққан барчани Аҳли суннадан чиқарадилар. Ваҳоланки, ўзлари суннат аҳлидан чиқиб кетганлар”.
Тарих шу нарсани гувоҳи бўляптики, икки асрдан бери Ваҳҳобийлар фақатгина мусулмонларга қарши уришиб, фитналар ва қирғинбаротларга сабаб бўлдилар. Энди “Ваҳҳобия” номи обрўсизланиб қолганлиги сабабли, янги талқин билан ўзга юртларда билмайдиган одамларни жалб қилиш мақсадида бундан 40-50 йил илгари “салафийлик” деган янги ном ўйлаб топилиб, гўё фақат уларгина исломнинг дастлабки давридаги салафи-солиҳлар йўлида эканлигини даъво қиладилар. Аслида эса унга тескари.
Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади: “Кимга ҳидоят аниқ бўлгандан кейин Пайғамбарга мухолифлик қилса ва мўминлар йўлидан ўзгасига эргашса, биз уни ўзи кетаётган йўлига қўйиб берамиз ва (охиратда) уни жаҳаннамда куйдирамиз. Нақадар нохуш жой у!”
Бу фирқани чиқиши тўғрисида ҳадиси шарифларда аниқ лафзлар билан айтилган. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, мендан кейин менинг умматимдан ёки келажакда мендан кейин менинг умматимдан бир қавм бўлур. Улар Қуръонни қироат қилурлар. Аммо у ҳалқумларидан нари ўтмас. Улар диндан худди ўқ камондан чиққанидек чиқурлар. Сўнгра, то ўқ ўз жойига қайтмагунча улар ҳам қайтмаслар. Ана ўшалар одамларнинг ва ҳайвонларнинг энг ёмонидир”, - дедилар. (Муслим ва Абу Довуд ривояти).
Бу ҳадисни Аҳли сунна олимлари айнан Ибн Абдул Ваҳҳоб ва уни фирқаси тўғрисида эканлигини айтадилар.
Ваҳҳобийлар қабрларни зиёрат қилиш (яъни, ўлимни эслаб туриш ва ўлганларни ҳаққига дуо қилиш учун зиёрат қилиш)ни тўлиқ рад қиладилар. Ҳатто Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилиш ҳам қораланади, авлиёлар, уламолар ва бошқа қабрларни айтмаса ҳам бўлади. Ушбу масалани, ўзларидан бошқа мусулмонларни мушрик ва адашганга чиқариш учун асосий қурол қилиб олганлар.
Шу сабабли ҳам, бугунги кунда Шом ва Ироқ ҳудудларида уруш олиб бораётган ваҳҳобий ақидасида бўлган гуруҳлар томонидан ( ИШИД, “Жабхатун нусра” ва бошқалар) ўзлари эгаллаган ҳудудларда мавжуд бўлган мақбараларни портлатиб юбормоқдалар. Шунингдек мусулмонларни ширкда айблаш учун топган яна бир масалалари – бу шариат чегарасида рухсат берилган васила ва истиғоса (ёрдам сўраш) масаласидир, яъни Суннатга мувофиқ 4 мазҳабда ижмо қилинган ушбу масалаларни нафақат рад қиладилар, балки уни ҳам мусулмонларни мушрикка чиқариб, уларни қони ва молини ҳалол деб эълон қилиш учун яна бир қурол сифатида ишлатиб, Аҳли сунна вал жамоага хилоф қиладилар. Исломдаги илк адашган Хаворижлар фирқаси каби кофирлар ҳақида нозил бўлган оятларни мусулмонларга тўғирлашади.
Яъни, кофирлардан Аллоҳни қўйиб, бут-санамларга сиғиниш сабабини сўрашганда, улар: “Биз уларга Аллоҳга яқинлаштиради (васила бўлади) деб ибодат қиляпмиз” (Зумар сураси, 3-ояти), деб жавоб беришади.
Бу билан Ваҳҳобийлар ҳам аҳли сунна вал жамоани, барча мусулмонларни бировни васила қилиб мушрик бўляпти, Аллоҳни қўйиб бандадан ёки қабрдан ёрдам сўраяпти, деган иддао билан кофирга чиқаришади.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида бундай бузғунчи фирқаларга раддия сифатида Ислом дининнг муносабатини шундай изҳор қилганлар: “Ўзларингизга “саводи аъзам” (улуғ жамоа, Яъни аҳли сунна вал жамоа)ни лозим тутинглар. Чунки, бўри подадан айрилган қўйни ейди”, деб тафриқадан огоҳлантирганлар. Яна бир ҳадисда: “Кимки жамоатдан бир қарич ажралса, батаҳқиқ у бўйнидан исломнинг арқонини ечиб ташлабди”, деганлар.
Арфажа р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳнинг қўли жамоат устидадир. Шайтон эса, жамоатга хилоф (тескари иш)қилганлар билан биргадир”, дедилар.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса у Зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Бирдан икки яхши, иккидан уч яхши, учдан тўрт яхши. Ўзингизга жамоатни лозим тутинглар. Чунки Аллоҳ таоло умматимни залолатга эмас, балки, фақат ҳидоят устида жамлайди,” деб марҳамат қилганлар.
Макканинг шофеъий мазҳаби муфтийси бўлган Аҳмад бин Зайний Даҳлон (1816-1886 й.) ўзининг «Дурарус сания фи радди алал ваҳҳабия» китобларида қўйидаги фикрларни билдирганлар: Ваҳҳобийларнинг адашган жиҳатидан яна бири, “Тавҳид (аллоҳни ягона деб билиш) икки навдир: Тавҳиди рубубият (Аллоҳ барча нарсаларнинг ягона Роббиси эканлиги) ва тавҳиди улуҳият (Аллоҳ яккаю ягона ибодатга сазовор илоҳлиги)”, деб эътиқод қилишидир. Бунга Аллоҳ таолонинг кофирлар ҳақидаги ушбу оятини далил қилиб келтиришади: “ Қасамки, агар сиз улардан: “Осмонлар ва ерни яратган, ой ва қуёшни бўйсундирган Зот ким?”-деб сўрасангиз, албатта улар: “Аллоҳ”- дерлар. Бас, (шундай экан), қаёққа бурилиб кетмоқдалар?!” (Анкабут сураси, 61-оят). Ушбу оятга биноан “кофирлар Аллоҳнинг барча нарсаларнинг Роббиси эканлигига имон келтиришган-у, Яккаю ягона ибодатга сазовор илоҳ эканлигига имон келтиришмай, ибодатда турли илоҳларни унга шерик қилишади. Бу эса, тавҳид икки хил эканлигини билдиради”, дейишади.
Аслида бу қарашлар ботил ҳисобланади. Чунки, тавҳиди рубубиятнинг ўзи тавҳиди улуҳиятдир. Аллоҳ таолонинг ушбу: “Мен сизларнинг Роббингиз эмасманми?!. Улар: Албатта, Сен бизнинг Роббимизсан”-дейишди”(Аъроф сураси, 182), оятига эътибор беринг. Мен сизларнинг илоҳингиз эмасманми, демади. Маълумки, агар бир киши сизга Тавҳиди рубубият (Аллоҳ барча нарсаларнинг ягона Роббиси эканлиги) га иқрор бўлса, аниқки у, Аллоҳнинг яккаю ягона илоҳ эканлигига ҳам иқрор қилган бўлади. Зеро, илоҳсиз робб бўлмайди, балки У илоҳнинг айнан Ўзи бўлади. Ҳадиси шарифда бандани қабрида икки фаришта “Роббинг ким?”, деб саволга тутиши ҳодисаси баён қилинган. Улар “илоҳинг ким”, деб сўрашмаган. Бу эса, иккита тавҳид ҳам аслида битта эканлигига далолат қилади.
Шуниси ачинарлики, жангарилар бир мусулмоннинг олдига келиб, мусулмонлигига ҳужжат сўрайди. У “ла илаҳа иллаллоҳ” деб, калимасини айтса, Уни тавҳиди улуҳиятни эътироф қилиб, тавҳиди рубубиятни эътироф қилмаганликда ноҳақ ҳукм чиқариб, уларнинг қонини тўкиб, молини талашяпти.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, мазкур ҳолатларни эътиборга олган ҳолда, ҳозирги даврда ислом дунёсининг барча олим ва уламолари ҳамкорликда ислом таълимотини соф ҳолда асраб-авайлаш, унинг аҳкомларини бузиб кўрсатишга ҳаракат қилаётган ёвуз кучларга қарши янгича маърифий услублар билан курашишни янада фаоллаштиришни зарурий ишлардан деб ҳисоблайдилар.
Кармана тумани “Жалойир”
жоме масжиди имом-хатиби А.Ҳакимов