РЎЗАНИ БУЗАДИГАН НАРСАЛАР. Рўзанинг бузилиши икки хил бўлади. Биринчиси- қазо ва каффоратни вожиб қиладиган ҳолатлар. Иккинчиси - фақат қазони вожиб қиладиган ҳолатлар. Ким икки йўлдан бирига жинсий яқинлик қилса ёки унга яқинлик қилинса,рўзаси бузилади.Қасддан ғизо ёки даво бўладиган нарсани эса ёки ичса ҳам рўзаси бузилади. Бу ҳолатларда қазосини тутади ва худди зиҳор қилувчи каби каффоратни адо қилади. Каффоратни адо қилиш Рамазон фарзидир адо қилишни қасддан бузганда вожиб бўлади. Бошқасида вожиб бўлмайди. Хато туфайли, мажбурланиш оқибатида, кечаси деб гумон қилиб еб-ичганда, қорнига ёки димоғига терисининг тешикларидан бошқа тарафидан дори етганда, майда тошни ютганда, оғзи тўлиб қусганда фақат қазосини тутади.Агар қусқи рўзадордан ғолиб келса, ёки эсидан чиқиб оғзини очиб юборса, ёки эҳтилом бўлса, назар солиб туриб маний чиқарса, томоғига чанг, тутун ёки пашша кирса, қазо тутмайди. Агар ҳайвонга, ўликка ёки фарждан бошқа ерга жинсий яқинлик қилса ёхуд ўпса, ёки ушласа-ю маний нозил бўлса, қазо қилади, каффорат йўқ. Агар тишининг орасига кириб қолган нўхатдан кичикроқ нарсани еса, рўзаси бузилмайди. Аммо ўша нарса оғиздан чиқарилиб , кейин ейилса, рўза бузилади. Бир дона кунжутни чайнаб еса ҳам рўзаси очилмайди. Қусқининг ичига қайтиб кетиши, агар у кўп бўлса, рўзани бузади. Мисвок қилиш ва сурма қўйиш макруҳ эмас.Ўта қари одам рўза тутишдан ожиз бўлса, оғзини очади ва ҳар бир тутмаган куни учун бир мискинга садақаи фитр миқдорида таом беради.Кейин рўза тутишга қодир бўлиб қолса, қазосини тутади. Ҳомиладор ёки эмизикли аёл ва мусофир оғизларини очадилар ва фидясиз қазо қиладилар.Агар бемор тузалганидан мусофир муқим бўлганидан кейин сафар ва беморлик муддатича яшаб ўлса, меросхўри қазо қилган миқдорича фидя беради.Бунинг учун васият шартдир.Ҳар бир қазо қилинган намознинг фидяси бир кунлик рўзанинг фидяси миқдорича. Бировнинг ўрнига бошқанинг қилган ибодати ўтмайди. Нафл рўзани бошлагандан кейин охиригача тутиш лозим бўлади. Муқим сафарга чиқса, ўша куннинг рўзасини охирига етказади. Агар очиб юборса, унга каффорат лозим бўлмайди. Агар бир неча кун ҳушидан кетиб ётган бўлса, ўша кунларнинг қазоси тутилади. Илло, ниятини қилган кунни тутмайди.
Кармана тумани "Варқ" МФЙ отинойиси Нарзуллаева Зулайхо
Кармана тумани "Варқ" МФЙ отинойиси Нарзуллаева Зулайхо