Ота-она хизмати
Бир киши қишлоқда истиқомат қилар, унинг кекса отаси бўлиб фақат отасининг хизматида эди. Аллоҳ таоло у кишига отасига хизмат қилаётгани учун ризқини бенуқсон етказиб турарди. Баъзан аёли: “Бирор бир касб ҳунар ўргансангиз бўларди отангиздан сўнг нима қиласиз” деса: “Мен касбим билан машғул бўлиб қолсам отам қаровсиз қолади, Аллоҳ ризқимизни беряптику” деб жавоб қайтарарди. Ул киши узоқ йиллар отасининг хизматини қилиб, дуосини олди. Бир неча йиллардан сўнг отаси қазо қилди. Отасига хизмат қилаётгани сабаб келаётган ризқ тўхтади. Аёли: “Мен сизга айтгандим отангиз тириклик чоғида бирон бир касбни қилмадингиз, мана отангиз ҳам ўтди, энди тирикчилигимиз нима бўлади, фарзандларингиз оч, егулик учун бирор нима топиб келинг” деди. У киши мардикор ишлаб уйига егулик олиб кирмоқчи бўлиб шаҳарга тушди. Аксига олиб уни ҳеч ким мардикорликка олмади. Уйига егулик топа олмаганидан афсусланиб, ғамгин бўлиб, бир дарахт соясида ухлаб қолди. Тушида отасини кўрди, отаси: “Ҳа ўғлим, нега ғамгинсиз” деди. Ўғли ўз ҳолини баён қилди. Отаси ҳонадоннинг баракоти бўлиб турганини, вафотидан сўнг отасининг хизмати сабаб келаётган ризқ тўхтаб қолганини айтди. Отаси: “Ўғлим, сиз хафа бўлманг, уйда мен доим ётадиган жойимнинг бош тарафида 100 дирҳам тилло танга кўмиб қўйилган, шуни олиб тирикчилигингизга ишлатинг, лекин у пулларнинг баракаси йўқ-да” деди-ю ўғил уйқудан уйғониб кетди. У киши уйига борди. Аёли егулигимиз учун бирор нима топдингизми деган сўзига йўқ бугун топа олмадим, худо ҳоҳласа эртага топиб келаман, деб жавоб берди. Эртаси куни яна шаҳарга йўл олди. Бироқ эртаси куни ҳам бирон юмуш топа олмади. Яна ғамга ботиб, кечаги дарахт соясида мудраб қолибди. Яна туш кўрибди, тушида отаси: “Ҳа ўғлим, нега ғамгинсиз” деди. Ўғли ўз ҳолини баён қилди. Нега бош тарафимдаги 100 дирҳамни олмадангиз? – деб сурабди. Ўғил отажон ўзингиз у пулларнинг баракаси йўқ дедингизку, баракаси бўлмаса олиб нима қиламан, деб жавоб берибди. Шунда отаси бўлмаса оёқ тарафимни қаранг, ўша ерда 10 дирҳам бор, шуни ишлатинг, лекин бунинг ҳам баракаси йўқ дебди. Ўғли уйғониб қараса туши экан. Отам баракаси йўқ деди деб у пуллларни ҳам олмабди. Учинчи кун яна шу ҳол такрорланибди. Ота ўғлидан нима учун 10 дирҳамни олмаганини сўрабди. Ўғли ўзингиз баракаси йўқ дедингиз шунинг учун олмадим деб жавоб берибди. Шунда отаси ўғлига уйимиздаги мевали дарахт остида 1 дирҳам бор ана ўша пулни баракаси бор, шуни олинг дебди. Ўғли уйқудан уйғониб уйига йўл олибди. Дарахт тагини кавласа хақиқатда 1 дирҳам бор экан. Пулни олиб аёли билан бозорга борибди. Бозорни роса айланишибди бозорда бу пулга бир дона балиқдан бошқа ҳеч нарса бермас экан. У киши балиқ олмоқчи бўлибди, шунда хотини бир дона балиққа ким тўярди сизми, менми ёки болаларимизми? -дебди. У киши хотиржамлик билан худо ҳоҳласа ҳаммамиз тўямиз отам бу пулда барака бор деган деб жавоб қилибди. Уйига келиб балиқни тозаламоқчи бўлибди. Балиқнинг қорнини ёрса ичидан икки дона қимматбаҳо дур чиқибди. Отам баракаси бор деган эди, баракаси шу бўлса керак деб дурни сотиш учун бозорга чиқибди. Бозорда вазир айланиб юрган экан, ҳалиги дурни кўрибдию шохни бир ҳайрон қолдирай деб уни тўрт хум тилло эвазига сотиб олибди. Шоҳ вазирдан фуқароларининг аҳволини ва бозорда нима янгилик борлигини сўраганида вазир шоҳга ҳалиги қимматбаҳо дурни кўрсатибди. Шоҳ ақлу заковатда етук киши экан вазиридан буни кимдан сотиб олдингиз деб сўрабди. Вазир бир кишидан нима сабаб буни сўраяпсиз шоҳим дебди. Шоҳ одатда бундай қимматбаҳо дур ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди, қолаверса буни яна бир шериги бор дур аксарят ҳолларда иккита бўлади менга ўша одамни топиб келинглар мен у билан гаплашмоқчиман дебди. Вазир навкарлари билан у одамни қидириб топиб, шоҳнинг ҳузурига келтирибди. Шоҳ ундан дурларни қандай қилиб топганини сўрабди. У киши бошидан ўтган барча воқеаларни шоҳга сўзлаб берибди. Шоҳ у одамнинг сўзларини эшитгач, сиз отангизнинг хизматини қилиб, дуосини олган одам экансиз, сиздек инсонларга Аллоҳнинг марҳамати кўп бўлаверади, менинг саройимда ҳам сиздек Аллоҳнинг розилигига эришган инсонлар кўпроқ бўлишини истайман, бугундан бошлаб сиз менинг саройимда вазир бўласиз бўласиз дебди.
Ушбу қиссадан олинадиган фойда шуки, ота онанинг хизматини қилиб дуосини олиш Аллоҳнинг буйруғи ва розилигига сабаб бўладиган улуғ иш, бу ишни уддалай олган фарзанд ҳеч қачон кам бўлмайди, Аллоҳ томонидан кўп яхшиликлар билан мукофотланади. Зеро, муқаддас динимизда ота-онанинг розилиги Аллоҳнинг розилигига сабаб бўладиган улкан савобли иш эканлиги таъкидланган.
Ушбу қиссадан олинадиган фойда шуки, ота онанинг хизматини қилиб дуосини олиш Аллоҳнинг буйруғи ва розилигига сабаб бўладиган улуғ иш, бу ишни уддалай олган фарзанд ҳеч қачон кам бўлмайди, Аллоҳ томонидан кўп яхшиликлар билан мукофотланади. Зеро, муқаддас динимизда ота-онанинг розилиги Аллоҳнинг розилигига сабаб бўладиган улкан савобли иш эканлиги таъкидланган.
Хатирчи туман “Майдон ота Мирхалил” жоме масжиди имом хатиби Бобоев Мансур