Садақаи жория

2-08-2017, 22:08 admin Мақолалар 2 712

Садақаи жория

Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло ҳар бир жонзотга кераклича умр берган. Ўша умрдан қандай фойдаланишлик ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ. Нима амал қилса ҳам ё ўзининг фойдасига ё зарарига бўлади. Буюк халифалардан, одил, Худодан қўрқинчи юксак даражада бўлган зот Умар ибн Абдулазиз бир куни хутбада дедилар:
- Эй инсонлар! Билинки, сиз бекорга яралмадингиз ва ҳеч қачон бекорга ташлаб қўйилмайсиз. Ваъда қилинган кун, албатта, келади. Аллоҳ таоло у кунда барчангизни тўплайди, ҳақни ноҳақдан ажратиб, ҳукмини жорий этади. Умрини зое қилган бадбахт бандани эртага Аллоҳ ўзининг ҳар нарсадан кенг раҳматидан, осмонлару ерни сиғдирган жаннатидан тўсади. Аллоҳдан қўрққан, тақво қилган, озга кўпни, фанога бақони, шақоватга саодатни сотиб олган банда эртага нажот топади. Сизлар вафот этиб кетган отангизнинг пушти камарида эдингизлар, сиздан сўнг фарзандларингиз қолажак, ибрат олмайсизми?! Ибратланмайсизми ҳар куни муддати битган, орзу-умиди сўнган бир кишини улуғ ва қудратли Зот ҳузурига кузатасиз. Уни ёстиқсиз, тўшаксиз қаро ер бағрига қўясиз, унинг аҳволи оғир тириклик сабабларидан узилган, дўстларидан ажралган, ҳисоб билан юзма-юз турибди.
Кунимиз ўтаяпти, уни ҳеч бир маблағ билан тўхтата олмаймиз. Ҳеч қандай илож йўқ. Қанчалик бой бўлмасак ёки қандайин мансабга эга бўлмасак ёки қанчалик даражада Парардигорга яқин бўлмасакда бир кунимизни на молу дунё билан, на фармону буйруқ билан ва на ижобатли дуо билан ўтаётган вақтимизни тўхтата ололмаймиз. Кунлар ўтаяпти, вақт бераҳмларча умримизни қилич каби кесиб ҳаммамизни ортда қолдирмоқда. Нима қиламиз, Олий кузатувчи бизларни умримизнинг охирида кутиб турмоқда. Қилган ҳар бир сониямизни сўрашга тайёр. Ҳар доим савобли ишларни қилишга қувватимиз, тоқатимиз етмайди. Бу тилсимнинг жавобини суюкли Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам очиб бердилар:
«Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарса туфайли унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради: садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд».
Садақаи жория нима дегани? Савоби доимо оқиб турувчи хайрли иш. Халқ учун хизмат қиладиган манфаатли бирор нарса. Мисол учун, йўлни яқинлаштирадиган кўприк, бирор ерга сув етиб бормаган бўлса, ўша ерга сув қувури тортиш ёки газ етиб бормаган бўлса, газ қувури тортиш, ёки маҳаллангиз йўли талабга жавоб бермайдиган бўлса, уни тузатиш. Яна қурилган масжидларга таҳоратхона қуриш ва ҳоказо мана шуларнинг барчаси доимо савоби оқиб турувчи хайрли иш – садақаи жория дейилади.
Садақа - нима дегани? Садақа сўзи сидқ сўзидан олинган. Яъни банда мана шу қилган иши билан ўзининг Аллоҳга бўлган садоқатини кўрсатади.
عن عثمان بن عبيد الله بن رافع أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ : "لَوْ كَانَتِ الدُّنْيَا عِنْدَ اللَّهِ فِي الْخَيْرِ بِمَنْزِلَةِ جَنَاحِ بَعُوضَةٍ ، مَا أَعْطَى مِنْهَا كَافِرًا شَيْئًا".
“Агар дунё Аллоҳ таоло назарида чивиннинг қанотичалик қадрли бўлганида эди, кофирга бу дунёда бирор бир нарса берилмас эди”.
Ҳозирги пайтда бизларга берилган бойлик бу фақат охиратдаги амалларимизни кўпайтириш учун берилган бир имконият. Абу Бакр розияллоҳу анҳудан сўраган эканлар: Эй Амирал мўъминийн! Биз бу дунё ҳақида ва у дунё ҳақида қанчалик даражада Худодан сўрайлик? Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Қайси дунёда қанчалик қолишингиз қадар сўранглар” деб жавоб берган эканлар.
“Агар одам боласи ихтиёрида икки водий тўла олтин бўлса ҳам, у учинчисини истайди. Одам боласи кўзини фақат тупроқ тўлдиради, холос”.
Аллоҳ таоло бизларга яна бир имтиҳонини эслатмоқда:
“Шайтон сизларни (агар инфоқ-эҳсон қилсангиз) камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқитади ва фаҳш ишларга буюради. Аллоҳ сизларга ўз тарафидан мағфират ва фазлу карам (бойлик) ваъда қилади. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва билгувчидир”.
Ҳар биримизни азроил жонимизни олади, бир ўзимиз қабрда қоламиз, бир ўзимиз қабрдан турамиз, бир ўзимиз қиёматда жавоб берамиз. Шунинг учун ҳамма нарсани қўяйликда аввало ўзимизни ўйлаб бир садақаи жорияни имконини ўйлайлик. Буни динимизда вақф дейилади.
Вақф – бу доимо савоби оқиб турувчи бир нарсани фарқи йўқ у хоҳ тижорат бўлсин, ёки бир иншоот бўлсин нимаики бўлса, иложи борича кўп йиллар инсонларга хизмат қиладиган бир амал бўлиши керак. Вақфда мазкур нарса асли ўзида қолади-да, фойдаси эса бирон қариндошгами, толиби илмгами, маҳаллагами, мактабгами, мусулмонларнинг фойдасига бўлиши лозим.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Муҳожир ва ансорлардан Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг қодир бўлган ҳар бир саҳобалари молидан бир қисмини сотиб олинмайдиган, мерос қилинмайдиган ва ҳадя эитилмайдиган қилиб вақф этиб қўяйрдилар”.
Исломдаги илк вақф мана булар: Аллоҳ таоло ушбу оят нозил қилганида:
مَّن ذَا الَّذِي يُقْرِضُ اللّهَ قَرْضًا حَسَنًا فَيُضَاعِفَهُ لَهُ أَضْعَافًا كَثِيرَةً وَاللّهُ يَقْبِضُ وَيَبْسُطُ وَإِلَيْهِ تُرْجَعُونَ
“Аллоҳга “чиройли қарз” берадиган (унинг йўлида ўз бойлигидан сарфлайдиган) киши бормики, унга бир неча баробар кўп қилиб қайтарса? Ҳолбуки, Аллоҳ (ризқини) танг ҳам, кенг ҳам қилур ва (сизлар) Унинг ҳузурига, албатта, қайтажаксизлар” (Олий имрон 92).
ҲИКОЯТ: Абу Даҳдаҳ розияллоҳу анҳу ушбу оятни эшитиб сўрадилар: “Ё Расулаллоҳ, Аллоҳ таоло биздан қарз сўраяптими?” Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, эй Абу Даҳдаҳ”, дедилар. “Қўлингизни беринг, Эй Аллоҳнинг Расули”, деди у киши. У зоти бобаракот қўлларини бердилар. Абу Даҳдаҳ: “Мен Роббимга боғимни қарз бердим”, дедилар. У кишининг боғларида 600 туп хурмо дарахти бор эди. Кейин келиб хотинларини чақириб: “Ҳой Умму Даҳдаҳ, чиқ, боқдан чиқ, мен уни Роббимга қарз бердим”, дедилар. Хотинлари ҳам: “Хўш”, деб болаларини олиб чиқдилар.
Йўлда у кишини кетаётганиии кўриб, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам. “Ким жаннатдаги энг катта боғ эгасини кўрмоқчи бўлса, Абу Даҳдаҳга қарасин”, дедилар. Аллоҳ таоло нафақат охиратда, балки шу дунёнинг ўзида Абу Даҳдаҳга яна кўркам боғни насиб этди.
“Сахий Аллоҳга яқиндир, жаннатга яқиндир, одамларга яқиндир ва дўзахдан узоқдир. Бахил Аллоҳдан узоқдир, жаннатдан узоқдир, одамлардан узоқдир ва дўзахга яқиндир. Албатта, сахий жоҳил бахил обиддан кўра Аллоҳ азза ва жаллага маҳбубдир”
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга ушбу оят нозил бўлганда:
لَن تَنَالُواْ الْبِرَّ حَتَّى تُنفِقُواْ مِمَّا تُحِبُّونَ
“Яхши кўрган нарсаларингиздан хайру эҳсон қилиб бермагунингизча, ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз” деганлар.
Абу Талҳа Мадинада ансорийларнинг энг моли кўп, бой киши эдилар. У кишининг бойликлари ичида энг яхши кўрган нарсалари “Байруҳо” номли қудуқ эди. Чунки у Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари олдида эди. У қудуқнинг суви жуда ҳам ширин бўлганлиги учун Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳар ўтганларида ундан ичардилар. Абу Талҳа розияллоҳу анҳу бу оят нозил бўлганини эшитиб, дарҳол Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига югурдилар.
“Аллоҳ таоло ўз китобида: “Яхши кўрган нарсаларингиздан хайру эҳсон қилиб бермагунингизча, ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз” демоқда, менинг учун молларимнинг энг маҳбуби “Байруҳо”дир. У Аллоҳ учун садақа бўлсин! Аллоҳ таоло ҳузурида унинг яхшилигини ва савоб захирасини умид қиламан. Ё Расулаллоҳ, уни нима хоҳласангиз, шундай қилинг” дедилар.
“Жуда яхши. Бу фойда келтирувчи молдир! Бу фойда келтирувчи молдир! Унинг ҳақида айтган нарсангни эшитдим. Менимча, унинг фойдасини қариндошларингга эҳсон (вақф) қил”.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Сиз ўткинчи бир ҳаёт уйидасиз. Умрингизнинг қолган қисмини ҳам ўтишини кутмоқдасиз. Шу ҳолда ҳануз ўлим келмай туриб, ишларнинг энг афзалини қилиб олишга шошилинг. Бир қарабсизки, кутилмаган бир соатда ушланиб қоласиз. Унутмангки, бу дунё ёлғон ва алдов устига бино бўлган”.
عن سعيد الجريري ، قال : سمعت غنيم بن قيس ، قال : « كنا نتواعظ في أول الإسلام : ابن آدم اعمل في فراغك لشغلك ، وفي شبابك لكبرك ، وفي صحتك لمرضك ، وفي دنياك لآخرتك ، وفي حياتك لموتك »
“Мусулмончиликни бошида бир-бировимизга насиҳат қилардик: Эй Одам фарзанди, бемалолчилигингда амал қилиб қол, машғул бўлиб турганингда фойда беради, ёшлигингда амал қилиб қол, кексалигингда осон кечади, саломат бўлганингда ибодат қилгин, беморлигингда фойда беради. Дунёнгда яхши амал қилиб қол, охиратингда фойда қилади. Тириклигингда амал қилиб қол, ўлимигингда фойда беради”.


Нурота туман “Осиёбаланд” масжиди
имом хатиби Саидов Рустамжон
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш