Румо қудуғи

12-05-2022, 00:24 admin Мақолалар 494

Румо қудуғи


Мадинада бир қудуқ бор. Исми “Румо”. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг қудуқлари. 1400 йилдан бери суви тўхтамайди. Бугунги кунда Саудия Арабистони атроф-муҳит, қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги назорати остида. Ушбу қудуқ Масжидун Набавийдан тахминан 5 км узоқликда, Мадинанинг шимоли ғарбидаги Ҳаййул азҳарий минтақасида жойлашган. Аллоҳ таолонинг фазли билан қудуқнинг суви кўп, соф ва чучукдир.
Қудуқ тарихи
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг мусулмонлар сув озлигидан қийнала бошладилар. Шаҳарда яҳудийга қарашли бир қудуқ бор эди. Суви кўп ва чучук эди. У кимса сувни мусулмонларга пулга сотарди. Мусулмонлар орасида сувни сотиб олишга қийналадиганлар бор эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қудуқни мусулмонлардан бирор киши сотиб олиб, Аллоҳ таолонинг йўлида мусулмонлар учун текин қилиб қўйишини орзу қилдилар.
Усмон розияллоҳу анҳу “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида унда Румо қудуғидан бошқа чучук сувли қудуқ йўқ эди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким Румо қудуғини сотиб олса ва челагини бошқа мусулмонларнинг челаклари билан бирга қилса, унга жаннатда ундан яхшиси бўлади” деганлар. Мен молимнинг яхшисига ўша қудуқни сотиб олдим ва унда челагимни мусулмонларнинг челаклари билан бирга қилдим” дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
Усмон розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орзуларини амалга ошириш ва ваъда қилинган жаннатдаги мукофотни қўлга киритиш умидида қудуқни сотиб олишга шошилдилар. Яҳудийнинг олдига бориб қудуқни сотиб олмоқчи эканларини айтдилар. Аммо у сотишдан бош тортди. Усмон розияллоҳу анҳу қудуқнинг ярмини сотиб олишларини айтганларида у сотишга рози бўлди. Шундан сўнг қудуқнинг ярмини 12 минг дирҳамга сотиб олдилар ва мусулмонларга унинг сувини текин қилиб қўйдилар. Қудуқдан бир кун Усмон розияллоҳу анҳу, бир кун ҳалиги яҳудий фойдаланарди. Мусулмонлар Усмон розияллоҳу анҳунинг навбатлари куни икки кунлик сувни олиб кетишар, яҳудийнинг навбати куни ҳеч ким сувга келмасди. Бу ҳолни кўрган яҳудий Усмон розияллоҳу анҳуга “Бозоримни касод қилдинг. Қолган ярмини ҳам сотиб ол” дейди. Усмон розияллоҳу анҳу қудуқнинг қолганини 8 минг дирҳамга сотиб олдилар ва қудуқнинг ҳаммасини мусулмонлар учун текин қилиб қўйдилар. Шундай қилиб ушбу қудуқ қиёматга қадар Усмон розияллоҳу анҳунинг вақфлари бўлиб қолди.
Бугунги кунда ушбу қудуқ атрофида боғ бўлиб, ундаги хурмолар сони 15500 тупдан кўпроқ. Вазирлик маълумотига кўра, қудуқнинг чуқурлиги тахминан 37 метрни, кенглиги тахминан 4 метрни, сувнинг баландлиги тахминан 29 метрни ташкил этади.
Аллоҳ таолонинг фазли билан ушбу вақфнинг савоби 14 асрдан бери Усмон розияллоҳу анҳуга бориб турибди. Модомики, ушбу қудуқ мавжуд экан, ундан мусулмонлар манфаат олишар экан, Усмон розияллоҳу анҳуга савоб бориб туради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин кишига унинг ўлимидан кейин ҳам етиб турадиган амали ва гўзал ишларидан; ўргатган ва тарқатган илми, ортидан қоладиган солиҳ фарзанди, мерос қолдирган Қуръони, бино қилган масжиди, ғариб мусофирлар учун қурган уйи, оқизган ариғи ёки ўз молидан қилган жорий садақаси бордир. Соғлик ва тириклик чоғида мазкур нарсаларни қилса, уларнинг савоби ўлимидан кейин ҳам етишиб туради», дедилар».
Орамизда моддий имконияти бор диндошларимиз ана шундай вақф ишларини йўлга қўйсалар, қабрда ҳам тўхтовсиз савоб бориб турадиган амални бажарган бўладилар.

Манбалардан фойдаланиб
Туман бош имом хатиби З.Орипов

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш