Буюк саҳобалар ҳаётидан

3-04-2022, 22:59 admin Мақолалар 485

Буюк саҳобалар ҳаётидан
Ҳазрат Усмон ибн Аффон розийаллоҳу анҳу ҳаёти ва фаолияти.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога зотига лойиқ ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳи алайҳи васалламга тугал дуруди салавотлар бўлсин.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ дедилар:
Расулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васаллам:
“Ҳар бир пайғамбарнинг дўсти бор. Менинг жаннатдаги дўстим Усмондир- деганларини эшитдим”
-Эй Али! Эртага одамлар биздан Усмон ҳақида сўрайди.Унда уни одамларга қандай танитамиз?
-У имон келтирган ва яхши ишлар қилган, Аллоҳга имонини мустаҳкамлаган,
кейин Аллоҳга ҳурматли бўлиб, эҳсон мартабасига эришган кишидир дегайсиз.
Балозурий. “Ансобул ашроф” 7/8.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Ҳазрат Усмон ва ҳазрат Али халифа бўлган давр Ислом тарихидаги энг мураккаб ҳамда тушуниш қийин бўлган давр саналади. Ҳазрат Абу Бакр ва ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳумолар даври эса нисбатан содда . Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин ҳазрат Абу Бакр 2 йил,ҳазрат Умар 10 йил халифалик қилдилар.
Ҳазрат Усмон халифалик қилган 12 йил мусулмонлар учун яхши давр бўлди.Ҳазрат Усмон ўта сахий, очиқ кўнгил инсон эдилар.Ҳазрат Абу Бакр даврида қурғоқчилик бўлиб одамлар қаттиқ изтиробга тушди.Шу пайтда Мадинага етиб келган ҳазрат Усмон карвони кўпчиликнинг эркин нафас олишига сабаб бўлди.Чунки ҳазрат Усмон тижоратни яхши тушунадиган инсон эдилар.У зотда алдамчилик сифати йўқ эди.Имкониятдан фойдаланиб молларини юқори баҳода сотишни хаёлларига хам келтирмасдилар. Аммо Мадина савдогарлари -нинг хаммаси хам бундай эмасди.Улар ҳазрат Усмоннинг юкларини туширмас -дан катта фойда эвазига сотиб олмоқчи бўлишди.У зот эса “Сиздан кўпроқ фойда берувчи Зот бор” дедилар. Улар нархни ошириб бир неча бор келишди ва ҳар гал ўша жавобни эшитишди. Савдогарлар халифа Абу Бакрга шикоят қилишди. Халифа сўрадилар:
-Эй Усмон , булардан ҳам кўпроқ фойда таклиф этган зот кимлигини мен ҳам билмоқчиман?
-Эй Халифа , ўша юксак зот – Аллоҳдир. Аллоҳнинг бир яхшилик эвазига камида ўн баробар фойда бериш ваъдаси бор.Бу одамлар ҳам гувоҳ бўлсинки мен шу карвоннинг борини Аллоҳ ризоси учун садақа қилдим.Уни хоҳлага -нингиздек тарқатишингиз мумкин.
Бундай воқеалар Ҳазрат Усмон ҳаётида кўп бўлган.Ҳазрат Усмон ниҳоятда саховатпеша, ҳаёли, уятчан, ҳалим эдилар.Пайғамбаримиз соллаллоҳи алайҳи васалламнинг икки қизларига уйланган, шу туфайли “Зиннурайн” ( Икки нур эгаси) номига эга бўлган оила бошлиғи сифатида Пайғамбаримиз соллаллоҳи алайҳи васалламни жуда мамнун қилган эдилар.Расулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васаллам, ҳазрат Руқайядан сўнг ҳазрат Умму Кулсум вафот этганда , “Агар яна бир қизим бўлганида албатта уни Усмонга никоҳлаб берардим”-деганлар.
Ҳазрат Усмон фил воқеасидан олти йил ўтиб туғилганлар тўлиқ исмлари Усмон ибн Аффон ибн Абу Ос ибн Абдушшамс ибн Абдуманноф (туғилган йиллари 577 йил Тоиф- вафоти 656 йил Мадина) дастлабки тўрт халифанинг учинчиси. Қурайшнинг Бану Умайя уруғидан.Оналари Арво эса Пайғамбар соллаллоҳи алайҳи васалламнинг аммалари Байзонинг қизидир.У киши Пайғамбаримиз соллаллоҳи алайҳи васалламга ҳам ота, ҳам она томондан қариндош бўладилар.Усмон (р.а.) 35 ёшда Хадича онамиз ҳазрат Абу Бакр Али ва Зайддан сўнг бешинчи бўлиб исломга кирдилар.Бу йўлга қийинчиликлар тортиб ўлиб кетишларига оз қолсада, таслим бўлмаган имони мустаҳкам инсон эдилар. Ҳазрат Усмон илк исломга кирганлар орасида оилавий томондан энг кўп тазйиққа учраган инсон эдилар.Отаси ўлиб кетган , онаси бошқа инсонга турмушга чиққан , ўгай отаси Уқба ибн Муайт ислом динининг ашаддий душман-
ларидан бири эди. Расулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васаллам намоз ўқиётган -ларида саллани бўйниларига ўраб бўғиб ўлдирмоқчи бўлган, яна бир ибодат пайтида туянинг ичак-чавоқларини бошларига келтириб ташлаган жоҳил шу эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васалламнинг оталари Абдуллоҳ ҳазрат Усмоннинг оналари Арвонинг тоғаси эди.Онаси Байзо билан Абдуллоҳ эгизак эдилар. Шундай бўлсада Арво ўғлининг ислом динини қабул қилганини эшитиб қаттиқ ғазабланди ва аразлаб қариндошиникига кетганича бир йил уйга қайтмади. Ҳазрат Усмон мансуб бўлган қабила Умавийлар унга жуда кўп тазйиқ ўтказишди, аммо ҳазрат Усмон ислом динига содиқ қолди. У киши бой отанинг фарзанди бўлиб тижорат билан машғул эдилар. Вақти келиб (тахм. 610 йил) пайғамбар алайҳиссаломга куёв бўлдилар. Маккада мусулмонларга қилинаётган зулм орта боргач, аёллари Руқайя бинти Муҳаммад ( сав) билан Ҳабашистонга ҳижрат қилдилар. Барча бойликларини ташлаб ўн тўрт кишилик гуруҳ билан Ҳабашистонга кетганларида, ўзларидан бошқа ўн уч кишининг қўлида ҳассасидан бўлак ҳеч вақоси йўқ эди . Уларнинг ҳам барча харажатини кўтардилар. Бу ҳол у кишининг ислом динига садоқатини кўрсатади. Ҳабашистонда тинч яшаётган пайтларида Маккада мусулмонлар жамоат бўлиб намоз ўқишяпти деб эшитиб юртга қайтишди. Қарашса аҳвол ўзгармаган. Яширин кириб ҳимоя сўрашди.Пайғамбаримиз соллаллоҳи алайҳи васаллам ҳимояларига олдилар. Орадан ўн бир йил ўтиб Руқайя розияллоҳу анҳо фарзандли бўлди. Исмини Абдуллоҳ қўйдилар. Мусулмонлардан биринчи бўлиб Ясрибга ( Мадина) ҳижрат қилганлар ҳам шулар эдилар. Бу ердаги халқ Румо қудуғидан сув ичар , қудуқ эса бир яҳудийнинг ер-мулки ичида бўлиб у сувни халққа сотарди. Бир куни Расулуллоҳ (сав) :
- Бу қудуқни сотиб олиб , халқ билан бирга фойдаланган кишига жаннатда янада хайрлироқ мукофот бор- дедилар. Шунда Усмон (р.а) бориб яҳудий билан савдолашиб, қудуқни сотиб олдилар ва халққа бемалол текинга фойдаланишла -ри мумкинлигини эълон қилдилар.
Бу орада Бадр жанги учун жиҳодга изн берилди. Аммо ҳазрат Усмон, аёллари оғир хаста бўлганлиги сабаб, Мадинада қолдилар. Мусулмонлар Бадр жангида ғолиб бўлиб қайтган пайтда ҳазрат Руқайя вафот этдилар. Расулуллоҳ соллалоҳи алайҳи васаллам яна бир қизлари Умму Кулсумни (623 йил) ҳазрат Усмонга никоҳлаб бердилар. Аммо вақти келиб ҳазрат Усмон 4-5 ёшли гўдак Абдуллоҳдан ҳам кейинги аёллари Умму Кулсумдан ҳам айрилдилар. Мусибат юки оғир эди. Аммо ҳазрат Усмон кетма-кет келган мусибатларга бардош бердилар. Ҳазрат Усмон ислом дини ёйилиши учун қўлларидан келган ҳамма ишни қилдилар. У киши сахийлар ичида энг сахий инсон эдилар. Қалби тоза , меҳрибон эдилар. Мана шу кўнглибўшлик, вақти келиб учинчи халифа бўлиб сайланганларида у кишининг зарарига ишлади. Умавийлар ҳазрат Усмоннинг кўнгли бўшлигидан ўз манфаатлари йўлида фойдаландилар. Бу эса мамлакатда фитнага сабаб бўлди.
12 йиллик халифаликдан сўнг ҳазрат Усмон Қуръон ўқиб турган чоғида фитначилар томонидан ўлдирилди. Тириклигидаёқ жаннат башорати берилган, ўн кишининг бири, “Зиннурайн” (Икки нур эгаси), хулафои рошидоннинг учинчиси ҳазрат Усмон ибн Аффон 656 йил шу тариқа 80 ёшларида вафот этдилар. Аммо ҳазратнинг барча яхшиликлари , ислом дини равнақи учун қилган фидойиликлари, қарийб 15 асрдан буён тиллардан тушмай, мусулмон аҳлига ибрат бўлиб келмоқда.
Аллоҳ таолога зотига лойиқ ҳамду-санолар , Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳи алайҳи васалламга чексиз дуруди салавотлар , у кишининг аҳли байтлари, саҳобаи киромларига чексиз дуои саломлар бўлсин!!!
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу.

Навоий вилояти Навбаҳор тумани Сарбозор маҳалласи
отинойиси Жабборова Карима
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш