Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди.

3-02-2022, 12:08 admin Мақолалар 812

Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди.

Бутун турк дунёси Алишер Навоийни «шамс ул-миллат» — миллат қуёши деб ҳамма даврларда эъзоз билан тилга олади. Бутун умрини туркий тил мавқейини кўтариш, туркий адабиёт имкониятларини дунёга тан олдириш, туркий давлатчилик асосларини мустаҳкамлашга, жамиятда ҳақиқат ва адолат мезонларини қарор топтиришга бағишлаган бобокалонимиз бу эътирофга тўла-тўкис муносиб ва ҳақлидир. У ҳақидаги биографик маълумотлар, ёзмишларининг деярли барчаси тўлиқ сақланиб қолган. Халқ ичида бу зотнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ривоят ва афсоналар ҳам талайгина. Чунки одамлар ўзларига ва келгуси авлодга яшаш тарзи, қилмишлари ибрат, айтмиш ва ёзмиш сўзлари ҳақиқат бўлган зотлар тўғрисида ҳам ҳурмат, ҳам ҳикмат маъносида мана шундай оғзаки ижод намуналарини тўқиб оладилар.
Алишер Навоий 1441-йил 9-февралда Хуросон ўлкасининг пойтахти Ҳиротда туғилди. Замондошлари уни «Низомиддин Мир Алишер» деб улуғлаганлар. «Низомиддин» — дин низоми деганидир. Кўпинча, мансаб эгаларига нисбатан айтилган «мир» — амир демакдир. Чунки у Ҳусайн Бойқаро саройидаги энг нуфузли амир бўлган. Алишер болаликдан маърифатли оила муҳитида тарбия топди. Навоийнинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад (уни «Ғиёсиддин кичкина» ҳам дер эдилар) темурийларга яқин амалдорлардан бўлиб, ўз даврининг обрўли ва маърифатли кишиларидан саналган. Адабиётшунос Давлатшоҳ Самарқандийнинг ёзишича, у ўғли Алишернинг тарбиясига, келажакда фазилатли одам бўлиб етишмоғи учун астойдил ҳаракат қилган. Онаси Кобул амирзодаларидан Шайх Абусаид Чангнинг қизи бўлган. Бўлажак шоирнинг тоғалари Мир Саид (Мирсайид) Кобулий яхши шоир, Муҳаммад Али Ғарибий шоир, созанда ва хаттот эдилар. Алишер оилада учинчи ёки тўртинчи фарзанд бўлиб, мактабда бўлажак султон Ҳусайн Бойқаро билан бирга ўқиди. У ерда савод чиқарди, шеър ўқиш ва ёд олиш, шеър битишга болаликдан ҳавас уйғонди. Кичик мактаб ёшида форс шоири Фаридиддин Атторнинг катталар ҳам тушуниши қийин бўлган «Мантиқ ут-тайр» достонини форс тилида ўқиб ҳам уқиб ёд олгани унинг ёшлик истеъдодининг муҳим қирраларидан эди.
1447-йилда подшоҳ Шоҳрух Мирзо вафот этиб, пойтахт Ҳирот нотинч бўлиб қолади. Алишерлар оиласи Ироққа кўчиб кетади. Йўлда Тафт шаҳрида Алишер машҳур тарихчи Шара-фиддин Али Яздий билан учрашади, зийрак ва ақлли болакайнинг зукколигидан мамнун бўлган кекса олим унинг ҳаққига дуолар қилади. Халқ орасидаги «Улуғлар дуоси қабул бўлади» деган нақл бежиз эмас.
Алишерлар хонадони 1451-йилда Ҳиротга қайтади. Кўп ўтмай, тахтга Абулқосим Бобур Мирзо ўтиради. Алишернинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад Сабзаворга ҳоким қилиб тайинланади. Алишер эса, ўқишни давом эттиради.
1453-йилда Алишернинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад вафот этди. Алишер Абулқосим Бобур хизматига кирди. Аввал Сабзаворда, сўнг Машҳадда яшади. Икки мактабдош дўст — Ҳусайн ва Алишер яна бирга бўлдилар. Бу йиллар ҳам ёш Алишер учун ўқиш ва билим эгаллаш йиллари бўлди.Шеърга меҳр Алишерни ижодга ундади. У 7-8 ёшларидан шеър ёза бошлади. Ўзбекча шеърларига «Навоий», форсча шеърларига «Фоний» таҳаллусини қўйди.Ўсмирлик даврларида Алишер ўқишда ва ёзишда тиним билмас, шеър мутоаласидан чарчамас эди. «Муҳокамат ул-луғатайн» асарида ўзининг ёшлик чоғида машҳур ўзбек ва форс шоирлари назмидан 50 минг байт (100 минг мисра) шеърни ёд билганини сўзлайди. Болалик вақтларидаёқ ўз даврининг Амир Шоҳий, Лутфий, Камол Турбатий каби шоирлари билан яқиндан алоқада бўлди. Отаси вафотидан сўнг таниқли илм ва адабиёт, санъат арбобларидан Саййид Ҳасан Ардашер, Паҳлавон Муҳаммад кабилар оталик қилдилар. Сабзаворлик олим ва шоир Дарвеш Мансурдан аруз бўйича таълим олди.1457-йилда Абулқосим Бобур Мирзо вафот этди. Унинг ўрнини Абусаид Мирзо эгаллади. Ҳусайн Бойқаро тахт учун курашга шўнғиб кетди. Навоий эса Машҳад мадрасаларида ўқишни давом эттирди. 1464-йилда Ҳиротга қайтиб келган шоир ҳаётида нохушликлар бошланди. Абусаид Мирзо тахтга даъвогар Ҳусайн Бойқаронинг яқин кишиларини таъқиб остига олади. Алишернинг ота мулкини мусодара қилади, тоғалари Кобулий ва Ғарибийларни қатл эттиради.

Канимех тумани "Наврўз" мфй отинойиси Н. Хаджарова.
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш