Ислом ихтилоф ва тафриқага қаршидир

5-09-2021, 00:26 admin Мақолалар 358

Ислом ихтилоф ва тафриқага қаршидир
Жамиятнинг ҳар бир аъзоси фитна урчимаслигига ҳаракат қилиши, фитначиларнинг кирдикорларига қарши туриши керак. Имом Доримий ривоят қиладилар: Субайғ ал-Ироқий номли бир киши мусулмон аскарлар орасида Қуръондаги турли нарсалардан сўраб, аскарлар орасида фитна қўзғаб юрарди. У Мисрга келганида Миср ҳокими Амр ибн Ос уни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга юборди. Умар розияллоҳу анҳу Субайғдан “Одамлардан нималар ҳақида сўрайсан?” – деди. У айтиб берди. Сўнг Умар ибн Хаттоб хурмо шохини келтириб, Субайғнинг орқасига яра бўлгунча урдирди. Яраси битгач яна урдирди. Бу ҳол бир неча марта такрорланди. Шунда Субайғ: “Эй мўминларнинг амири, агар мени ўлдирмоқчи бўлсангиз, чиройли қилиб ўлдиринг. Агар таъзир бермоқчи бўлсангиз, ақлим кирди”, - деди. Умар ибн Хаттоб Субайғни ўз юртига жўнатиб юборди ва ўша юрт волийсига ҳеч ким у билан суҳбатлашмаслигини қаттиқ тайинлади. Субайғ авваллари ўз қавмининг саййиди эди. Бу воқеадан кейин эса ҳақир бўлди. Сабаби, у Қуръондаги баъзи оятлардан ихтилофли масала чиқаришга уринар эди.
Кўриниб турганидек, ҳазрати Умардек зот фитна урчимаслиги учун одамлар орасида фитна-фасод қўзғайдиган кимсаларга қарши мана шундай қаттиқ чораларни кўрган эдилар.
Яна бир катта фитна мусулмонлар орасида эътиқодий ва фиқҳий масалаларда ихтилофлар чиқаришдир. Қуръони каримда баъзи кишилар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига кўра маъно бериш учун муташобеҳ оятларни ўзларига дастак қилиб олиши хабар берилади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:.
 “Аммо дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар. Ҳолбуки, ундай оятлар таъвилини (асл маъносини) фақат Аллоҳнинг Ўзигина билур...” (Оли Имрон сураси, 7-оят).
Ҳозирги кунимизда ҳам одамлар орасига турли ихтилоф уруғларни сочаётган кишилар асосан муташобеҳ оятларни ўзларига далил қиладилар. Минг йиллардан бери амал қилинаётган мазҳабларни ташлаб, мазҳабсизликка даъват этадилар.
 Бундай фитнадан сақланишнинг йўли, ислом уммати қабул қилган, тўғрилигига ижмо қилган фиқҳий мазҳабларга амал қилишдир. Фирқаланишни қўйиб, иттифоқ бўлишга қизиқтирувчи далиллар жуда кўп. Ихтилоф чиққанда кўпчиликка эргашиш тўғрисида Пайғамабаримиз алайҳиссаломдан шундай буйруқ келган:
      “Қачон ихтилофни кўрсангиз, катта жамоатни маҳкам тутинглар” (Имом Ибн Можа ривояти).
“Катта жамоат”дан мурод тўрт фиқҳий мазҳабга амал қиладиган ва кўпчиликни ташкил қиладиган мусулмонлардир. Ихтилоф чиққанда уларнинг йўлидан юриш керак бўлади. Ибн Аббосдан ривоят қилинади, Умар разияллоҳу анҳу хутбаларида шундай деганлар:ُ
 “Жамоатни маҳкам тутинглар, фирқаланишдан сақланинглар. Чунки шайтон бир киши билан бирга бўлади. Икки кишидан эса узоқроқда бўлади”.
 Ихтилоф ва фитнадан қочишнинг яна бир чораси, билмаган нарсаларини ишончли, мазҳабни маҳкам тутган аҳли сунна олимларидан сўраб олишдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
        “...Билимсизликнинг давоси сўрашдир”, – дедилар.
 Фитналар домига тушиб қолмаслиги учун ёшларимиз биринчи навбатда дўст билан душманнинг фарқига боришлари керак. Ким бизга тўғри маслаҳат беради, хато-камчиликларимизни тўғрилайди-ю, кимлар бизнинг қоқилишимизни пойлайди. Ўзини дўстдек тутиб, фурсат келганда орқадан пичоқ уради? Бунинг фарқига бориш лозим.
Яна ҳар кимнинг гапини ҳақиқат деб эргашиб кетавермаслик керак. Бирор янгиликни ўқиганда, унинг манбасини яхшилаб текшириш, бу қанчалик ҳақиқат экани, у кимнинг фойдасига хизмат қилишини аниқлаш даркор. Баъзан ёшларимиз ижтимоий тармоқ сайтларида эълон қилинган ёлғон-яшиқ маълумотларни ҳам бошқаларга тарқатадилар, уни муҳокамага қўйиб, одамларни чалғитадилар. Бу эса динимизда қаттиқ қораланган амалдир. Имом Муслимдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилдилар:
 “Ким ҳидоятга чақирса, унга (ўз ажри билан бирга) эргашувчиларнинг ажрича ажр бўлади, бу нарса эргашувчиларнинг савобини камайтирмайди. Ким залолатга чақирса, унга (ўз гуноҳи билан бирга) эргашувчиларнинг гуноҳича гуноҳ бўлади, бу нарса эргашувчиларнинг гуноҳини камайтирмайди”.
Фитналар қаршисида ҳар кимнинг асл қиёфаси фош бўлади. Ҳақиқий ватанпарвар, имонли кишилар кимлар-у, хоин-худбинлар ким - ҳаммаси аниқ бўлади.
Яқин тарихимизда, юртимиз мустақилликни энди қўлга киритган йилларда ёш давлатимизга нисбатан турли фитналар уюштирилди. Сир эмаски, ўша фитналарга аралашганлар, тинчлик-осойишталигимизни бузиб, ғаразли мақсадлар йўлида ҳаракат қилганлар жазога тортилди. Лекин давлатимиз доим кечиримлилик йўлини тутиб келди. Айниқса, кейинги йилларда муҳтарам Юртбошимиз томонидан кетма-кет афвлар эълон қилинди. Минглаб кишилар оила аъзолари бағрига қайтиб, тинч-осуда ҳаёт кечирмоқда. Улар ҳаётда ўз ўринларини топиб кетишлари учун ҳар томонлама ёрдам берилмоқда, иш билан таъминланмоқда, моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Зеро динимиз кечиримли бўлишга тарғиб қилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
 “...Уларни афв этинг ва кечиринг! Албатта, Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади” (Моида сураси, 13-оят).
 Ўз навбатида, бундай инсонлар ҳам берилган имкониятларнинг шукронасини қилиб, жиноят йўлларидан узоқ юришлари, оиласи, маҳалласи, Ватани хизматида камарбаста бўлишлари зарур.
 Мусулмон ўлкалар, жумладан, бизнинг жонажон ватанимиздаги тараққиёт, бугунги ижобий ўзгаришлар кимларгадир ёқмаслиги ва улар бизни чалғитиш учун фитналар уюштириши табиий. Биз эса бу фитналарга алданмаслигимиз керак. Фитналарнинг нечоғли зарарли, ёмон оқибатларга олиб келишини ҳаётда кўрдик. Бу хатони такрорлашга асло ҳаққимиз йўқ.
Халқ ичига фитна солмоқчи бўлганларга ҳар биримиз насиҳат қилиб, ўтган оғир кунларни эслатиб, бугунги тинч-хотиржам ҳаётимизга шукр қилишни тарғиб қилишимиз керак.
Тинчлик, саломатлик катта неъмат. Улар бор жойда ривожланиш, эркинлик бўлади. Ваҳоланки, шу кунларда ҳам фитна ўчоқларида қурбон бўлаётган, уй-жойсиз қолиб, қочоқ бўлиб юрган, урушдан қўрқиб, болаларини мактабга ҳам чиқармай қўйган миллионлаб инсонлар бор. Бу воқеаларни тафаккур қилган киши, аслида инсон ўз уйида хотиржам истироҳат олиши ҳам улкан неъмат эканини англайди.
Аллоҳ таоло фитна ва қийинчиликда қолган инсонларга ҳам хотиржамликни қайтарсин! Жонажон ўлкамизни турли хил фитна-фасод ва бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин, халқимизнинг тинч-хотиржам ва фаровон ҳаётини бардавом қилсин!
(Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси фатво ҳайъати маърузалар тўплами асосида тайёрланди).
 
Навбаҳор туман “Ғойиб Ота” жомеъ масжиди имом хатиби: С.Темиров
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш