“Шайтон фитналаридан огоҳ бўлайлик!!!”
Аъузубиллаҳи минаш-шайтонир рожийм.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Алҳамдулиллаҳи Роббил ъаламийн.Вассолату вассаламу ъала саййидина Муҳаммадин ва ъала ъалиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн.
“Агар сизни шайтоннинг васвасаси йўлдан урмоқчи бўлса, Аллоҳдан паноҳ сўранг! Албатта у эшитгувчи, билгувчидир” (Аъроф сураси 200-оят)
Шайтон инсон учун энг катта душмандир. У инсонларни то қиёматга қадар йўлдан уриб адаштиради. Инсонга ҳаром-ҳаришни чиройли суратда кўрсатади. Мол-дунёга ҳирс қўйдиради. Кибрга бошлайди. Унинг мақсади шу. Банданинг хаёлини бузиб ширкка йўналтиради. Кўзига қилаётган ишини чиройли кўрсатади. Қимматбаҳо кийимлар, ичкилик, аёллар .... Хуллас инсон тўғри йўлдан чиқиб кетганини ўзи ҳам сезмай қолади. Суюкли пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васаллам ”Шайтон инсон боласининг қон томирларида юради”- деганлар. Демакки, инсонга шайтон билан курашиш осон кечмайди. Бунинг учун доимо аллоҳ таoлодан шайтондан паноҳ беришини сўраб юришимизга тўғри келар экан. Шайтон шунчалик кучли васваса қилар эканки, ҳатто обид, художўй кишиларни ҳам йўлдан уриб, абадий дўзахга маҳкум этгани ҳақидаги ривоятлар мавжуд.
Шайтоннинг кириш йўлларини билган одамгина унинг васвасаларини даф эта олади. Шайтоннинг эшиклари кишининг сифатлари ва ёмон феъл-атвори устига қурилади. Шулардан баъзи бирларини кўриб чиқамиз.
Ғазаб ва ҳавойи нафс.
Ғазаб бир онда ақлни ишдан чиқаради. Инсон ғазабланганда шайтонга ўйинчоқ бўлади. Айни шу ғазабни енга олмаслик неча -неча инсонлар бошига фалокат келтиради. Қанча оилалар бузилиб кетади. Неча инсонлар жаҳолат қурбони бўлади. Оддий мисол. Ижтимоий тармоқларда бериб борилаётган хабарларнинг қанчасида жанжал ва пичоқбозлик оқибатида ўлдирилганлар бор. Кечагина эълон қилинган хабарда бухоролик аёл маст бўлиб келган турмуш ўртоғини каравотга боғлаб қўйиб қаровсизлик натижасида ўлдириб қўйганлиги айтилди. Қўшнисини, ўгай фарзандини ва бошқа адовати бор инсонларни ўлдириб қўяётганлар, турли хил ахлоқсиз ҳаракатларни қилиб фожеъа содир этаётганлар шайтон бўлмай, ким ахир?
Ҳасад ва ҳирс.
Ҳасадчи инсонларни кўрмаган, билмаганлар кам. Бундайлар ҳамма ерда учрайди. Бировнинг муваффақияти унга кулфат бўлади. Ўз ичини ўзи ейди. Бунақалар доимо яхши инсонларга ёмонлик қилиб ўзи хурсанд бўлади. Ҳарис одам эса шайтон чиройли кўрсатган мол-дунёга ҳирс қўяди. Шу йўлда истаган чегарани бузиб ўтади. Мақсадига етса бўлди. Ҳалолми , ҳаромми унга фарқи йўқ. Бировларни уйини куйдириб бўлса ҳам мақсадига етса бўлди. Мана шайтоннинг ғалабаси.
Ҳикоят қиладиларки: “Нуҳ алайҳиссалом , Аллоҳ таоло амри билан, ҳар жонивордан бир жуфтдан олиб кемага чиқсалар, бир чол ўтирганмиш. Унинг шайтонлигини билиб, кемадан тушириб юбормоқчи бўлганларида, шайтон “беш нарса борки, улар билан инсонларни тўғри йўлдан чиқаришини, учтасини айтиб, иккитасини айтмаслиги”ни билдиради. Нуҳ алайҳиссалом ўша иккитасини айтишни талаб қилганларида , бу ҳирс ва ҳасад эканлигини айтади.Чунки шайтон ҳасад туфайли жаннатдан қувилган ва Одам алайҳиссаломни ҳирснинг ёрдами билан ерга туширган эди.
Тўқлик ва мечкайлик.
Ейдиган овқатингиз ҳалол бўлса ҳам узлуксиз еявериш меъдани қорайтиради.
Шаҳвоний ва ҳавойи истакларни кучайтиради. Бундай инсонларни шайтон осонгина қўлга туширади.
Уй, жиҳоз , кийимга ўчлик.
Шайтон бундай инсонларни ҳою ҳавасга чорлайди. Бунақа табиатли инсонлар ҳою ҳавас деб чет элларгача чиқиб кетишади. Айримлари сарсон бўлиб, ўша ёқларда қолиб ёки ўлиб кетишади. Бунга мисоллар жуда кўп ва бундайлар деярли ҳамма жойда топилади.
Шошма-шошарлик, ҳовлиқмалик.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам.) :
-Ҳовлиқиш шайтондандир, бамайлихотирлик ва мўътадиллик Раҳмондандир. Мўътадиллик ўрнига ҳовлиқмалик бошланганда, шайтон инсонга секингина бир тарафдан , идрок ҳам қилдирмай ,гуноҳни қабул эттиради.-деганлар.
Мол-мулк ва пул.
Бунга ортиқча изоҳ керакмас менимча. Кўп пул ва бойлик аксарият инсонларни таназзулга учратади. Бойлигига маҳлиё бўлиб , Аллоҳни унутади.
Хасислик ва қашшоқликдан қўрқиш.
Бундай инсонлар ҳеч кимга ёрдам бермайди. Мол-мулкини қўриқлаб умрини ўтказади. Ризқини Аллоҳ таоло етказаётганини унутиб қўяди.
Таассуб ( чекланганлик).
Бундайлар ўз фикрининг тўғри-нотўғрилигидан қатъий назар, ўзлари билан фикри тўғри келмаган кишиларга душманлик қиладилар. Бундай ҳатти-ҳаракатлар жамиятни кемирувчи касалликдир. Иблиснинг шундай дегани ривоят қилинади:
-Мен уммати Муҳаммадни алдаб бир қанча гуноҳлар қилдирдим. Лекин улар тавба қилиб белимни синдиришди. Бу сафар уларни тавба қилмайдиган гуноҳлар билан алдадим. Булар ботил эътиқодлар таассуб ва кекдир.
СУ-И ЗАН (Гумонсираш ишончсизлик) .
Мусулмонларга “су-и зан” дан қочиш вожибдир. Қачон бировни айбини ковлаштираётган кишини кўрсангиз, билингки, бу одамнинг ичи қора юpаги кирдир. Афсуски, бундайлар ҳам ҳар қадамда учрайди.
Мана азизлар сизлар билан шайтоннинг адаштириш йўлларини имкон қадар кўриб чиқдик. Агар биз шайтон макрларидан огоҳ бўлсак, жамиятимизда рўй бераётган қанчадан-қанча фожеъаларнинг олди олинарди. Қанча оилалар сақлаб қолинар, қанча болаларнинг беғубор болалиги асраб қолинарди. Аллоҳ таоло барчамизни шайтон васвасаларидан ўз паноҳида асрасин илоҳим! Атрофимизда ҳар сонияда учраб турган салбий иллатлардан, шайтоний амаллардан ўзи ислоҳ этсин оллоҳим!
Жабборова Карима .
Навоий вилояти Навбаҳор тумани “Сарбозор” маҳалласиотинойиси.