Буюк имом - Абу Ҳанифа

24-08-2020, 15:00 admin Мақолалар 857

Диёримиз мусулмонлари амал қилаётган ҳанафий мазҳаби асосчиси Имом Аъзам Абу Ханифа ан-Нўъмон ас-Собит ал-Куфий 699-йилда Куфада туғилган. Отасининг исми Собит, бобосининг исми Зута. Фуқаҳолар устози бўлган хазрати Абу Ханифа Ислом самосидаги абадий порлоқ юлдуздир. Барча фақиҳлар у зотни Имом Аъзам-буюк Имом деб атаганлар. Имом Аъзам нафақат фиқҳ илмига, ақида ва калом илмига ҳам асос солган. 1 . Нақлий далиллар- оят , ҳадис, саҳоба ва тобийинларни ижмо ва ижтиҳодлари. 2. Ақлий далиллар – фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар . Аҳли сунна вал жамоа яъни сунийлик йўналиши –Ақида борасида Мотуридия ёки Ашъария талимотига амал қилади. Фиқҳда эса тўртта мазҳабдан ташкил топган. 1. Ҳанафийлик. 2. Моликийлик. 3. Шофийилик. 4. Ҳанбалийлик мазҳабларидир. Фиқҳ сўзи араб тилида фаҳм , тушунча деганидир. Шариатда қонун қоидаларни Қуръон, суннат , ижмоа ва қиёс каби шарий манбаларидан ишлаб чиқиш тушунилади Ислом қонунчилиги- фиқҳдир. Барча фақиҳлар устози Имом Аъзам ўрта бўйли, қадди бастлари келишган, катта бошли, кенг пешона, буғдой ранг, очиқ чеҳрали, оқи қорасидан мўлроқ бир тутам соқолли, мулойим боқишли, нур сиймоли зот бўлганлар. У киши юксак заковат, илм соҳиби бўлиб, ниҳоятда камтарин, софдил эдилар. Хушхулқларига гўзал аҳлоқларига, одамларга меҳр муҳаббат, куч-матонат бахш этувчи оҳангдор сўзларига барча мафтун бўлган етук, комил буюк фақиҳ эди. Узоқ ўй сурар, сукутларида буюк бир виқор, каломларида буюк ҳикмат бор камгап эди. Имом Аъзам доимо тоза пок либос кияр, хушбўй сурарди. Бошларига катта оқ салла ўраб, енглари кенг, узун тўн кияр эди. Эзмаликни хуш кўрмас, ҳаммани ҳатто душманларини ҳам хайрли дуо қилардилар. Қуръонга ошиқ бўлиб етти ёшида ҳофиз бўлди. У зот кўп Қуръон ўкувчи, кўп дуолар қилувчи эдилар. Тунлари бедор меҳробда ўтириб намоз ўқир ва силкиниб-силкиниб йиғлардилар. Абу Ҳанифа отаси Собитнинг амри билан кичик ёшдан тижоратга берилди. Худди Абу Бакр розийаллоҳ каби баззоз эдилар. Имом Аъзам ҳазрати Абу Бакр каби мустақийм, олим, фозил, аҳлоқи комил эди. Ипак жун аралаш мол олиб сотар, илмини пулга, хукмдорга сотмасди. Илмини эркин ёйиш, бировга муҳтож бўлмаслик учун тижорат қиларди.Имом Аъзам илмни фақат Аллоҳ учун ўқир ва ўқитарди. Тижорат сабаб мингларча инсонлар, кўплаб олимлар билан танишди.Авомларнинг истиробларини, айрилиқларини, йўқотишларини кўрди ва илм олишга бўлган истаклари янада ортиб борди. Куфа шаҳри марказида дўконлари бор эди. Молларини шариатга мувофиқ ҳолда сотарди. Савдога ҳаром, ёлғон аралаштирмасди, барокати ниҳоясиз эди. Ривоятга кўра у зотнинг бойлиги бир давлатни қайтадан қуришга етаркан. Ҳазрати Алининг “ Пулнинг қирқ мингдан зиёди болаларнинг нафақасидир”-деган сўзига эргашган Имом Аъзам ақчасини қирқ мингдан зиёдини ўқувчи талабаларига ва илм-ирфон йўлида тарқатар эдилар. Имом Аъзам катта илмга, риёсиз амалга эга маоний баён, бадиий калом, ҳикмати ҳадис, тафсир илмларида бой маълумот соҳиби эдилар. Тобеинлардан Имом Шабий бу улуғ йўлга у кишини даъват этганди. Ўн олти ёшли Нўъмон отаси билан Маккага боради. Макка ва Мадинада ҳар хил илм соҳибларининг дарсларида қатнашарди. Саҳобийлардан икки эркак, тўрт аёл, тобеинлардан тўқсон уч киши билан кўришади. Ўзлари ҳам тобеинлардан ҳисобланади. Имом Аъзам болалик пайтидаёқ ҳақни инкор этувчилар билан баҳсларга киришди. Тижорат завқини, илм завқига алмаштирди. Фиқҳ илми афзал эканини англаб шундай дейди:” Умримни маълум вақти ўтгач ақлимни йиғиб, барча илм ва фанлар ғоясини ўйладим. Илми фиқҳни ҳаммасидан афзал ва фойдали деб билдим. Калом илми ғояси гўзал ва фойдали бўлсада, унда хатога тушиш бор, мен шундан қўрқдим аммо фиқҳ илмини тадқиқ қилганимда унда бирор хавф кўрмадим, аксинча ҳузур ҳаловатим ортди. Дунё ва охират саодати, маош ва маод, интизом ва саломатлик, фиқҳ илми соясида юзага келишига ишондим ва умримни шу илм таҳсилига бағишладим”. Шу қарорларидан кейин яхши бир устоз ахтариб, замонасининг машҳур фақиҳи Ҳаммодни учратди.Устоз Ҳаммод Нўъмонга ҳар куни уч масала ўргатарди. Нўъмон талабаларни ҳатто устозини ҳайратга солиб юзларча масалани қамраб оларди. Устоз Ҳаммод Нўъмонда буюк зако борлигини англаб, уни Исломнинг қуёши бўлади дейди. Имом Аъзам йигирма икки ёшидан бошлаб, тўла ўн йил кеча кундуз дарс олди. Устози вафотидан сўнг устоз минбарида дарс бера бошлади. Устозини жуда яхши кўрганидан ўғлига устозини исмини қўяди. Имом Аъзам 30 йилда талабалар билан 64 минг масала ҳукмини ҳал этдилар.Масалаларни Қуръон ва суннат асосида ечар ва :” Менинг сўзим Қуръонга Расулуллоҳ алайҳиссалом суннатларига муофиқ бўлса олурсиз, мухолиф келса олмассиз”-деб айтганлар.Имом Аъзамнинг илмий силсиласи ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъудга туташади. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд вафотларидан кейин шогирди Алқама, Алқама вафотларидан кейин Иброҳим Анноҳа, бу зотнинг вафотларидан кейин ҳазрати Ҳаммод илмни ёйдилар. Устоз Ҳаммод вафотларидан кейин ҳанафий мазҳабининг асосчиси Абу Ҳанифа фиқҳ илмига асос солди. 4000 та шогирд етиштириб, 560 таси машҳур фақиҳ бўлди, 40 га яқини мужтаҳид даражасига етди.Имом Аъзам фиқҳ илмини тартиб билан тузиб чиқиб, биринчи бўлиб китоб ҳолига келтирдилар. Шогирдларидан Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад, Имом Зуфар, Ибн Абу Лайлолар мужтаҳид даражасига етишганлардандир. Имом Аъзамнинг асарлари: 1. Ал-Муснад-ижтиҳодлар учун далил сифатида келтирилган ҳадисларни жамлаган асар. 2. Ал- фиқҳ-ул Акбар. Ақоидга оид, аҳли сунна қарашларининг қисқача баёни. Бир неча шарҳлари бор. 3. Ал-фиқҳ ул Абсод. Ўғли Ҳаммод ва шогирдлари Абу Юсуф ва Абу Мути ал-Балхий тарафидан ривоят этилган. 4. Ал-Алим вал-Мутааллим. Аҳли сунна қарашларини изоҳлаб, ҳимоя қилиб, шогирди Абу Мукотил Балхий билан савол жавоб шаклида ёзилган. 5. Ар-Рисола. Басра қозиси Усмон ал Батига мурожати. 6.Ал-Васиййа. Ақоид мавзулари тилга олинган. 7.Ал-Қосидатун – Нўъманиййа. Ислом оламида ақоид масалаларига доир ёзилган асарларнинг энг қимматлиси, энг қадирлиси “ Фиқҳ Акбар” ва “ Васият” рисолаларидир. “Васият” -маъноси тавсия яъни ўгитдир.” Ўн икки иқрор” асари аҳли сунна эътиқодига доир “ Васият” номи билан шухрат топган. Боязид Валиюддин Жаруллоҳ кутубхонасида сақланади. Аҳли сунна ва жамоанинг мазҳаби ўн икки эътиқодий хусусият устига барпо бўлган. 1. Имон, у тил билан иқрор бўлиш ва дил билан тасдиқ қилишдир. Имон зиёда бўлмайди, камаймайди ҳам. Куфр ҳам шундай. Инсон бир вақтни ўзида ҳам мўмин, ҳам кофир бўлмайди. Ё кофир бўлади ё мўмин. 2. Биз амаллар уч хил фарз, фазилат, маъсият бўлишига иқрормиз. Фарз амаллар Аллоҳнинг амри, хохиши, ризоси, қазоийи-қадари, яратиши, ҳукми, илми, тавфиқи ва Лавҳул Маҳфузда битилиши билан содир бўлади. Маъсият амаллар. Аллоҳнинг амри билан эмас, хохиши билан, ризоси билан эмас, тақдири билан, тавфиқи билан эмас, илми ва Лавҳул Маҳфузда битиши билан лекин Унинг нусратисиз содир бўлади. Фазилатли амаллар. Аллоҳнинг бўйруғи билан эмас, Унинг хохиши,ризоси, ҳукми, илми, тавфиқи, яратиши ва Лавҳул Маҳфузда битиши билан содир бўлади . 3. Биз Аллоҳни Аршга бирор ҳожат учун ёки қўним топиш учун “ Истиво” қилган демаймиз. Аллоҳ ҳеч нарсага эҳтиёжманд эмас. У Аршни ва ундан бошқа нарсаларни ҳам ҳифзу ҳимоя қиладиган Зотдир. 4. Биз Қуръон Аллоҳнинг сўзи, маҳлуқ эмас , ваҳийи танзили, сифати деб иқрормиз. Каломуллоҳ мусҳафларда битилган, тил билан ўқилган, қалб билан ёдланган Аллоҳ ягона Унинг каломи Зотида йўқолмай, ўқилади, ёдланади. 5. Биз Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан кейин уммати Муҳаммадиянинг энг афзали Абу Бакр Сиддиқ, Умар, Усмон ва Али (Аллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин) деб иқрор қиламиз. 6.Биз ҳар бир банданинг амаллари, иқрори ва маърифати маҳлуқ эканига иқрормиз. 7. Биз Аллоҳ барча ҳалқларни яратганида , уларда куч-қувват йўқлигига ва улар заиф ва ожиз эканликларига иқрормиз. Одамлар уч тоифага бўлинадилар. 1. Имонда содиқ мўмин. 2. Кофирлигида қаттиқ оёқ тираб олган кофир. 3. Нифоқини яширган мунофиқ. 8. Биз “иститоъа” ни –қодир бўлмоқлик , қурби етмоқликни феъл (иш-ҳаракат) билан бирга, ундан олдин ҳам эмас кейин ҳам эмас деб иқрор бўламиз. “ Аллоҳ беҳожат, сизлар эса муҳтождирсизлар”. ( Муҳаммад 38 оят) яъни , бандалар доимо Аллоҳга муҳтождирлар, аксинча бўлиши мумкин эмас. 9. Биз оёқ кийимига масҳ тортиш муқим учун бир кеча кундуз ва мусофир учун уч кеча-кундуз жоиз эканига иқрормиз.Мусофирчилик вақтида намозни қисқартириб ўқиш ва рўза тутмасликка қуйидаги оятларга биноан рухсат этилган. “ Ер юзи бўйлаб сафар қилганингизда , гар кофирларнинг сизларга фитна ҳужум қилишидан қўрқсангиз , намозни қаср(қисқа) қилишингизда сизлар учун гуноҳ йўқ”. (Нисо 101 оят). “ Бас сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса , саноғи бошқа кунлардандир”. ( Бақара 184 оят) . 10. Биз Аллоҳ Таолонинг қаламга ёзишни буюрганига , қалам: “ Ё Роббим , нимани ёзайин – деганига ва Аллоҳ унга , қиёмат кунигача бўладиган нарсаларни ёз, деб амр қилганига иқрормиз. 11. Биз қабр азоби муқаррарлигига , мункар ва Накир фаришталари савол –жавоб қилишига ҳадисларга биноан иқрормиз. Шунингдек, Жаннат ва Дўзах ҳақ ва иккиси ҳам ўз аҳллари учун яратилиб қўйилганига , Аллоҳнинг :“Мўминлар учун тайёрлаб қўйилган . Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган”, деган мўминлар ва кофирлар хусусидаги сўзлари ҳақ эканлигига, Аллоҳнинг: “ Қиёмат кунида адолат тарозисини ўрнатамиз” деган сўзига биноан тарозу ҳақ эканлигига, Аллоҳнинг “Китобингни ўқи! Бугун ўз шахсинг ўзингга қарши етарли ҳисобчидир” ( Ал-Исро 14 оят) деган сўзига биноан номаи аъмол ўқиш ҳақ эканлигига иқрормиз. 12. Биз Аллоҳнинг “Қабрлардаги ҳар бир бандани Аллоҳ қайта тирилтиради“ деган каломига биноан Аллоҳ одамзотни ўлганидан кейин, уларни жазолаш, тақдирлаш, ҳуқуқларини адо қилиш учун узунлиги 50 минг йилга тенг кунда қайта тирилтиришига, жаннат аҳли Жаннатда , дўзах аҳли Дўзахда абадий қолажаклари ҳақ эканлигига иқрормиз. Аллоҳ таоло танҳо ҳокими мутлақдир. Бу оламни, баландни, пастни, юқорини, қуйини, Аршни, Курсини, еру-осмонларни, булар орасидаги барча маҳлуқотни яратган У дир. Барча нарса Унинг иродаси ила ҳаракат қилади. Унинг тенги йўқ. У Ҳайй ва Қойюмдир. Уни ғафлат ва уйқу олмайди (Оятул Курсий) ғойбу-ошкор Унга маълумдир. Еру кўкдаги бирор нарса Ундан яширин эмас. Муҳаммад (с.а.в)ни порлоқ шариати чўққисига етишган Имом Аъзам умриларини охиригача илм билан машғул бўлдилар. Буюк Имом Расулуллоҳ алайҳиссаломни ва аҳли байтни жуда севар, уларга ҳурматлари бениҳоя эди.Имом Аъзам Куфада амин сифати билан танилган зот эдилар. Макка ҳалқи Расулуллоҳ алайҳиссаломни қандай “ амин “ десалар, у зотни пок йўлидан келган Имом Аъзамни ҳам шундай атардилар. Халқнинг кўпчилиги ҳеч қандай гувоҳу-хужжатсиз пулларини, қимматли ашёларини буюк Имомга қолдириб кетишар ва омонатларини ўз ҳолича қайтиб олишарди. Имом Аъзам оналарини ниҳоятда севар, ардоқлардилар. Оналарини розилигини ҳар недан устун қўяр эдилар.Имом Аъзам Куфадан Бағдодга динни ёйиш мақсадида борганларида Бағдод халифаси Мансур, Бағдод қозиси Ибн Аби Лайлонинг вафотидан сўнг Имом Аъзамни Бағдод қозилигига тайинлади. Имом Аъзам Бағдод қозилигини қабул қилмадилар. Золим ҳукмдор томонидан Имом Аъзам ҳибсга олиниб, қаттиқ қийноққа солдилар. Имом Аъзам қамчиланар эканлар оналарининг фиғонли нолаларини эшитдилар ва” онамнинг кўз ёшлари қамчилар оғриғидан оғирроқ бўлди” деб ўйладилар . Имом Аъзам қамчилар зарбидан 767-йилда Бағдодда хибсхонада саждага бош қўйганча жон бердилар. Бағдоддаги Ҳайзурун қабристонига дафн этилдилар. Жанозага 50 минг киши қатнашди. Имом Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ҳазратларининг мазҳаби то рўзи қиёмат давом қилғусидир. Бу зоти шариф шариат тожи, миллат чироғидурлар. Аллоҳ раҳматига ғарқ айласин. Руҳлари шод бўлсин . Амин ё Роббул аъламийн.

Навоий шаҳар “Дўстлик” МФЙ отинойиси Сувонова Шоира Юлдашевна

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш