ҲОЗИРГИ КАРАНТИН ҲОЛАТИДА ҚУРБОН ҲАЙИТИ НИШОНЛАНИШИНИНГ ОДОБЛАРИ

29-07-2020, 11:06 admin Мақолалар / Янгиликлар 528

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Яратган Парвардигоримиз Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду-санолар бўлсин! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаламга, асҳобаларига ва аҳли байтларига саловату –дурудлар бўлсин. Алҳамдулиллаҳ мусулмон халқимизнинг ажойиб байрамларидан бири бўлган Қурбон ҳайити яқинлашмоқда, муборак Қурбон ҳайити байрами билан барча юртдошларимизни чин юракдан табриклайман. Роббим яқинларимизни, биродарларимизни, жамики ер юзидаги мусулмонларни Ўз паноҳида асрасин. Феълимизга кенглик, динимизга ривож берсин илоҳим. Қурбон ҳайити байрами ҳижратнинг иккинчи йили Мадинада қабул қилинган. Қурбон ҳайити байрами қамарий ойлардан зулҳижжанинг ўнинчи куни бошланади. Бу кунларда фарз намозлардан кейин такбир айтамиз. Яъни: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Аллоҳу акбар ва лилла-ҳил ҳамд” деб ташриқ такбирларини айтиш вожибдир. Қурбон ҳайити намози ҳам жума намози каби ижтимоий ибодатларимиздан бўлганлиги сабабли одатда якка ҳолда ўқилмайди. Лекин ҳозирги каронавирус пандимияси туфайли, эпидимиалогик ҳолатга кўра инсонлар саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Уламолар кенгашининг фатвосига мувофиқ, ҳар бир мусулмон Ҳайит куни қуёш чиқгач, Зуҳо намози вақтида ҳайит намозини, ўз-ўзини яккалаш ва ҳимоя қилиш дастурига амал қилган ҳолда ўз уйида ўқийди. Байрам кечаларини дуо ва ибодат билан ўтказиш, истиғфор ва саловатлар айтиш билан мукаммал қилайлик. Чунки Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи вассалам): “Рамазон ва Қурбон ҳайити кечаларининг савобидан умид қилиб, ибодат билан ўтказган кишининг қалби, қалблар ўлган кунда ўлмайди”-деб марҳамат қилганлар. Ҳайит куни эрталаб вақтли туриб сочларни ювмоқ ғусл қилиб покланмоқ, тоза янги кийимларни киймоқ, хушбўй ҳидли гул сувларидан ёки мушканбар сепмоқ, такбир айтмоқ, яқин инсонларини ҳайит билан қутламоқ, совғалар улашмоқ Аллоҳни рози қиладиган амаллардандир. Бидъатчи-хурофатчи саводсиз кимсалар икки ҳайит орасида никоҳ ўқитилмайди деб эзгу, яхши ишларни орқага сурадилар. Бидъатчилар динимиз душманларидир. Ҳайит куни вафот этганларни хонадонига бориш ҳам бидъатдир. Динимизда буюрилмаган, кўпгина маросимларни ўйлаб топганлар. Момооши, мушкулкушод каби буларнинг барчаси Ислом дини аҳкомларига хилофдир. Ислом шиорлари ўйинчоқ эмас, уларни камситишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бугунги кунда эса айниқса юртимизда авж олиб, аҳолини соғлигига хавф солаётган каронавирус пандемияси туфайли қаттиқ карантин жорий қилинган бир пайтда кўчага бемақсад чиқиш, яқинларни айниқса касалларни кўргани бориш, қабристонларга зиёратга бориш қатиян тақиқланади. Ҳайит байрамида имкони бор одамлар етим-есирларга, фақирларга, камхарж-муҳтож оилаларга эҳсон-ҳадяларини бериб қайтадилар. Барчамиз Аллоҳдан касалларга шифо беришини, каронавирусни ер юзидан даф қилишини сўраймиз. Яна бир яхши, севимли ибодатларимиздан бири-Қурбонликдир. Қурбонлик-Қурбон ҳайити кунларида ибодат нияти билан қўй, эчки ёки мол сўйиб амалга ошириладиган ибодатдир. Қурбонлик Аллоҳ таолонинг беҳисоб берган неъматларига банданинг шукронасини билдиради. Қурбонликни тарихи Иброҳим алайҳиссаломга боғлиқ. Иброҳим алайҳиссалом бир ўғилли бўлсам, уни Аллоҳ йўлида қурбон қиламан деб айтадилар. Йиллар ўтиб Исмоил алайҳиссаллом дунёга келадилар. Бир куни Иброҳим алайҳиссаломни ёдларига Аллоҳга берган ваъдалари тушади. Ва Исмоил алайҳиссаломни Аллоҳ йўлида қурбон қилмоқчи бўладилар. Шунда Аллоҳ таоло Ўз қудрати билан Жаброил алайҳиссалом орқали бир қўчқор юбориб, инсон ўрнига қўчқорни қурбон этишларини билдиради. Ҳазрати Исмоилнинг ўрнига қўчқорни қурбон этишни буюрилиши Аллоҳнинг инсониятга берган неъмати буюк лутфидир. Аллоҳ бандаларини Ҳазрати Иброҳимдек пайғамбар орқали “инсонни қурбон қилиш”дан сақламаса эди, ҳанузгача “инсон қурбон қилиш”дек даҳшатли бир одат сақланиб қолар ёки инсоният оғир бир мажбурият остида қолиб кетар эди. Қурбонликдан мақсад, Аллоҳнинг ризолигига етишдир. Қурбонлик ибодати орқали банда Аллоҳ йўлида ҳар қандай фидокорликка тайёрлигини билдиради. Қурбонлик ибодати кишилар ўртасида ўзаро ёрдам ва меҳр оқибатнинг Исломдаги гўзал намунасидир. Аллоҳ таоло ҳаж сураси 36-37 оятларда шундай марҳамат қилади: “Қурбон қилинадиган туя-молларни Биз сизлар учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик. Сизлар учун уларда яхшилик бордир. Бас уларга (сўйиш учун)тизиб қўйилган ҳолларида Аллоҳ номини зикр қилингиз! Энди қачон ёнбошлари билан тушганларида, улардан еяверингиз, тиланчига ва сўраёлмай турган муҳтожга ҳам едиринглар! Шукр қилишингиз учун Биз уларни (чорва молларини)сизларга бўйсундирдик Аллоҳга қурбонлик гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин, у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли У Зотни улуғлашларингиз учун уларни бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг.” Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) одам ўғли учун қурбон ҳайити куни Аллоҳ йўлида қон чиқазиш (қурбонлик қилиш) дан ҳам севимли ва мақбулроқ амал йўқдир. Шубҳасиз у кесилган жонлиқ, қиёмат куни шохлари ва жунлари билан (гувоҳликка) келади. Ҳеч шубҳа йўқки, қурбонликнинг қони ерга тушмасдан олдин (бу ибодат) Аллоҳ даргоҳига қабул бўлади (Бас шундай экан )қурбонлик қилиш билан дилларингизни хушнуд этинг” ва “Кимнинг шароити яхши бўлатуриб қурбонлик сўймаса, у намозгоҳимизга яқинлашмасин”-деб уқдирганлар. “Расули Акрам оқ рангли шоҳдор икки қўчқорни қурбонлик қилардилар “(ҳадис). Қурбонлик-вожиб амал. Қурбонлик сўйиш муқим, ва фитр садақа нисоби миқдорида бойликка эга бўлган ҳар бир мусулмон учун вожибдир. Фақирларга вожиб эмас. Сафардагиларга ихтиёрий. Қурбонлик сўйсалар жоиз, сўймасалар гуноҳкор бўлмайди. Қурбонликнинг вожиб бўлиши ақлга ва балоғат ёшига боғлиқ эмас. Балоғатга етмаган болалар ва ақли заифлар учун оталари ёки яқинлари қурбонлик сўйишлари мумкин. Қурбонлик нисоби кишининг асосий эҳтиёжидан ташқари орттирган йигирма мисқол яъни 80, 18грам олтин ёки шу қийматдаги пулдир. Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар яъни: туя беш ёш, қорамол икки ёш, қўй ва эчкилар бир ёшли бўлмоғи жоиз. Қурбонлик ниятида товуқ, курка сўйиш макруҳдир. Туя ва қора молларни беш ёки етти киши биргалашиб сўйсалар бўлади. Кўзи кўр, қулоғи, шохи, думини учдан бири кесиб ташланган, жуда ориқ, касал, бурни кесилган ёки нажосат еб тоза емиш билан боқилмаган ҳайвонлар қурбонликка ярамайди. Ёши ўтиб наслдан қолган ёки эмадиган боласи бор ҳайвонларни қурбонлик қилиш макруҳдир. Қурбонлик сўйиш кунлари-ҳайит намози ўқилгандан кейинги уч кундир. Арафа куни ва ҳайитни дастлабки уч кунидан кейин сўйилган жонлиқ қурбонлик ўрнига ўтмайди. Ҳайвонни сўймасдан тирик ҳолида бир йўқсилга бериш қурбонлик ибодати ҳисобланмайди. Киши қурбонликка келтирилган ҳайвонни суя олса ўзи, бўлмаса бошқага сўйдиради. Жонлиқ сўйилган вақтда ўзини ўша ерда бўлиши маъқул. Чунки Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) қизлари Фотима розийаллоҳу анҳога: “Қурбонликка олган жонлиғинг сўйилаётганда ўзинг ҳам ўша ерда бўл, зеро ҳар бир гуноҳинг ҳайвоннинг илк томчи қони ерга тушиши билан кечирилади”-деб марҳамат қилганлар. Туядан бошқа ҳайвонлар қиблага қаратиб, чап ёни устига ётқизилади. Аввал такбир айтиб, кетидан “Бисмиллаҳи Аллоҳу акбар”-деб ўткир пичоқ билан сўйилади. Сўйилган қурбонликни учдан бирини садақа қилиш, учдан бирини едириш ҳозирги карантин даврида эса бу қисмини ҳам тарқатиш лозим. Охирги учдан бир қисмини ўзига олиб қолиш мустаҳабдир. Серфарзанд оила бўлса ҳаммасини ўз фарзандларига қолдириши мустаҳабдир. Ҳайвонни терисини ҳам садақа қилинади. Қурбонлик қилувчи киши Зулҳижжа ойини кўрингандан бошлаб, то қурбонлигини сўйиб бўлгунича соч ва тирноқларини олмай туриши мустаҳабдир. Аллоҳ таоло барчамизга ушбу Қурбон ҳайити байрами кунларимизни муборак қилсин.

Навоий шаҳар “Дўстлик” МФЙ отинойиси Ш.Сувонова
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш