Икки куни бир хил – эгиз бўлган киши залолатдадир

12-02-2020, 10:59 muslim Мақолалар 490

Ўтаётган кунларим мени ҳолдан тойдира бошлади. Содир бўлаётган ҳар бир воқеа-ҳодиса, гап-сўз – барча-барчаси яшашдан бездирди. Ҳар куни янги муаммо, янги ташвиш! Ғалвасиз бош борми, дерсиз? Ҳар ҳолда ташвиши камроқлари бўлса керак.

Шу тарзда кўнглимдаги юксак орзу-интилишлар, меҳр, муҳаббат туйғуларига дарз ета борди. Талпинганларим сароб, мени кутаётган фақат изтиробдек туюлди. Кун ўтгани сайин ҳаётимни қора ранг қоплаётгандек эди, ишларимдан маъно тополмай қолдим. Умримда зарра мисқолича ёруғлик қолмаётгандек бўғилдим. Шунда Яратгандан бир умид беришини сўраб ёлвордим, қалбимга ёғду индир, дея илтижо қилдим...

Шундай ривоят бор. Тақдир деган бир донишманднинг фаҳм-фаросатда тенги йўқ, оқила ва гўзал қизи бўлган экан. Унга Ақл, Давлат ва Умиддан бир вақтда совчи келибди. Тақдир қизидан кимни танлашини сўрабди. Шунда қиз: “Отажон, Ақлга суяниб дўстни душмандан фарқлаш мумкин. Лекин унинг бир айби бор – кишини чалғитиб, хатарли йўлларга солиб қўйиши мумкин. Давлат – ишбилармон, хукмдор, лекин вафосиз. Мен Умидни танлайман. Чунки у ҳеч қачон инсонга хиёнат қилмайди”, деган экан. Менга ҳам шу дамларда ҳеч қачон хиёнат тиғини санчмайдиган, милтиллаган бўлса ҳам умид керак эди.

Кунларимдан-да маҳзунроқ бир тонг онгимда ҳадиси шариф жаранг берди: “Икки куни бир хил – эгиз бўлган киши залолатдадир”. Аслини олиб қаралса, уйда фарзанд тарбияси билан шуғулланиб ўтирган аёлнинг икки куни эмас, ҳар куни бир хил ўтишидан ҳам табиийроқ нарса бўлмаса керак. Шошганча ўзимни тафтиш қила бошладим. Ва англадим! Мени тушкунликка тушираётган, тинмай зорланишга мажбур қилаётган ўша ташвишлар кунларимни турлича қилиб турган экан. Уларга ечим топиш асносидаги ҳаракат, ўй-фикрларим савобга ҳам ноил қилгандир балки...

Шу аснода ҳар машаққат синовлигини минг бор такрорласам ҳам менга ён босмаётган иродам уйғонди, дилим ёришди. Бутун борлиғимни жонлантирган биргина умид таъсирида янги-янги, ёруғ фикрларни “топдим”:

– Мен ёмонлик, ғам деяётган нарсалар ортида бир хайр яширингандир?!

– Буларга сабр қилиш асносида савоб қозонаётгандирман?!

Аслида бу деярли барча инсонларда тез-тез бўлиб турадиган оддий ҳодиса. Шундай эмасми?! Аммо кимдир ундан чиқиб кета билади, ким эса йўқ. Биздан зарур бўладигани – чиқиш йўлини тополмаётган одамга оз бўлса-да умид бериш. Бу йўлда ёрдамчи бўлсак, бир инсонни тушкунлик, бадбинлик, алалоқибат, ёмонликдан қутқариб қолган бўламиз.

Нигора Мирзаева
“Ирфон” тақвимидан олинди
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш