Жўнатилмаган мактуб

24-04-2019, 09:29 admin Мақолалар 924

(Ибратли ҳаётий воқеа)
Қўлимда бир мактуб тушиб қолди. Қизиғи, хат менга битилмаган, лекин эгасига ҳам жўнатилмаган. Келинг, мақсадга ўтишдан олдин ушбу мактуб билан танишиб оламиз.
Ассалому алайкум дадаси!
Мана сиз сабабли бегона юртларни кезиб, номаҳрам эркаклар орасида ишлаб юрибман. Тўғри, бунга ўзим рози бўлдим. Чунки оилавий муаммоларимизга сиз бирор ечим тополмагач, мен шундай хатарли сафарга отландим. Қарзларимиз бўйнимиздан ошиб, қарз эгалари остонамизда туну-кун қўриқчилик қилишларига қарамай, сиз масъулиятни бўйнингизга ололмадингиз. Мен эса лоақал уч болам қийналмаслигини истаб, ўзга юртда мардикорликка чидадим.
Истамбулга келганимдан буён ҳар қандай қийинчиликларга дош бериб ишлаётган эдим. Аммо бугун ҳаммасига тупуриб, уйга, ўз юртимга болаларим бағрига қайтишга қарор қилдим. Сабаби пул топаман деб, энг қимматли нарсаларимдан айрилишни истамайман. Юртимга қайтгач, майли фаррош бўлай, кўча супурай, майли кимнингдир эшигида чўри бўлай, фақат аёллик шаъним, ор-номусимга доғ туширмасам бўлгани.
Мен ишлаётган кафе хўжайини уйини тозалаб беришимни, эвазига яхши ҳақ тўлашини айтди. Иккиландим, аммо пул топишга бўлган эҳтиёжим унинг таклифини қабул қилишга ундади. Вазифаларимни тушунтиргач, ортига қайтди. Ишга киришдим. Негадир кўнглим жуда ғаш торта бошлади. Эндигина юмушларни тамомлаб бўлганимда, кўча эшикдан уй эгаси кириб келди. Ойнадан унинг эшикни қулфлаётганини кўриб қолдим. Кўнглимдаги ғашлик ортди. Бурилиб улгурмасимдан келиб белимдан қучди. Дод солиб эшик томон отландим. У эса –Сени илк кўрганимдаёқ ёқтириб қолдим. Аёлим билан ажрашганман. Гапларимни эшит. Илтимос, мен билан қол, сени бахтли қиламан, -деди. Мен эрли аёлман! Тилимга келган биринчи жумла шу бўлди. У турган ерида қотиб қолди. Дарҳол мени қўйиб юборди. Таажжуб билан:-Эринг бор?... Алдамаяпсанми? –деди.
-Эрим, болаларим бор...
Эрим бўлмаганида ҳам менга номаҳрамсан! Худодан қўрқмайсанми?- дедим-да қулфни очиб бор кучим билан кўчага отландим. Ғира-ширада югуриб кетарканман, ортидан унинг овози келди. Бироқ тўхтамадим, қайрилиб ҳам қарамадим. У менга етиб олиб, тиз чўкканича:
- Тўхта,буни кийиб ол! Мени кечир... Кечирдим, деб айт? Истасанг, эртагаёқ юртингга жўнатиб юбораман. Фақат кечирсанг бўлди! Бу иш қиёматга қолмасин- деб ялинди.
Оёқяланг эканимни шундагина билдим. Қолган бирорта гапи қулоғимга кирмади. Бир амаллаб кафега етиб олдим. Хўрлигим келди, аёл эканимдан илк бор пушаймон бўлдим. Болаларим кўз ўнгимдан ўта бошлади. Гарчи бирор ножўя иш қилмаган бўлсам ҳам энди сизни, болаларимизни кўзига қандай қарайман деган ўй ичимни кемирди. Унинг уйида қолиб кетган сумкам эрталаб эшигим тутқичига осиб қўйилганидан билдимки, мнга рўпара бўлишга журъати етмаган. У ваъдасида турди. Ниҳоят учмоқдаман. Йиғлаётганимни билдирмаслик учун рўмолчамни ахтарарканман, бармоқларим букилган қоғозга тегди. Ажабландим. Хат экан. Орасига солиб қўйилган “кўк қоғозлар”ни кўриб ҳаммасини тушундим. Хат қисқагина эди. “Синглим! Мени тавбага, саждага, намозга қайтардинг. Сендан қарздорман. Бундан кейин бегона юртларга ҳеч қачон ёлғиз борма... Эрингга айт, сендек аёлини асрай олмаса, бадали оғир бўлади. Шуни билки, юрагимга ҳайкал ўрнатиб кетдинг-номуснинг ҳайкалини, иффатнинг ҳайкалини”.
Ҳар икки мактуб шу ерда тугайди. Ушбу хат аёл билан ўртамизда кўринмас ришта боғлади. У билан яқиндан танишдим, кейинги ҳаёти билан қизиқдим. Айтишича, уйга қайтгач анча пайтгача ўзига келолмай қийналган. Алам билан, кўз ёшлар билан битган мактубини эса эрига ўқитишга жазм қилолмаган.

-Мана юрагимни тошдек босиб ётган, ҳеч кимга айтолмаган сирларимдан воқиф бўлдингиз. Буларни ёзишингизни истайман. Эҳтимол кимгадир фойдаси тегар? Эримга ўхшаш эркарлар ўқиса, ибрат олар? Чет элда ишлашга бориб қийинчиликлардан қочиб, фахш йўлни танлаётган аёлларнинг йўлидан қайтишига туртки бўлар? Эрим ҳам ўқиб қолар? , деди у. Мен ёзишга ваъда бердим. Бир куни уни хафа ҳолатда кўрдим. Сабабини билгим келди. –Яқин ўртоғимнинг эри мени ёқтиришини айтиб қолди. Унга муносиб жавоб қилдим. Лекин у: “Бу нима нозми? Чет элга чиқиб келган аёлларни яхши биламан!”-деди, сурбетлик билан. Уни дўкондан қувиб чиқардимда:”Яна бир марта келсангиз дугонамга айтиб бераман!” дедим.
Менга алам қилгани у менинг эрим борлигини билади-ку? Наҳот хорижлик бир бегона эркакчалик бўлолмаса? Энди сиз ростини айтинг. Мен енгилтак аёлга ўхшайманми?-деди. Дафъатан берилган бу савол қаршисида жим қолдим. Киприкларимни кўтариб ғамгин нигоҳига қарашга мажолим етмади. Фақатгина –дугонангизнинг эри ҳатто ор-номусга ҳам ҳайкал ўрнатиш мумкинлигини, бу ҳайкал фақат Аллоҳдан қўрқувчи қалблардагина жой олишини афсус, билмайди.
Аллоҳ ўрнатган ҳалол-ҳаром чегараларидан ҳам ғафлатда. Билганида, у ҳам тавба эшигини қоқиб, нафси амморасини енгиш илинжида истиғфор арқонини маҳкам тутган бўлармиди...дея олдим.
Мактуб баҳона бир аёлнинг изтиробини, кечинмалари, ҳамда хиёнатдан, харомдан ҳазар қилувчи пок қалби, метин иродаси билан танишдингиз. Аммо буларни нега ёзяпман?
Муҳтарам аёл! Ўз жуфтингиз учун номаҳрам аёлларга ҳатто унинг ҳаёли ҳам кетишига йўл қўймайдиган даражада садоқатли, фидойи рафиқа, аёл бўла олдингизми? Фарзандларингизга улар бошини тик тутиб, сиз билан фахрлана оладиган она бўла олдингизми?
Сизчи, оиланинг устуни, фарзандларининг суянган тоғи, аёлининг икки дунёдаги қалқони бўлиши лозим бўлган марди майдон эркаклар!
Сизга қорачиқлари ёниб турган фарзандларни туғиб берган ожизангизга ҳам дунё, ҳам охират қийноқларидан ҳимояловчи парда(либос) бўла оляпсизми? Шундай бўлса, шараф сизга муборак бўлсин!

Навоий шаҳар отинойиси Ҳайитова Маҳбуба

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш