Исҳоқхон Ибрат номидаги ёдгорлик мажмуаси барпо қилинмоқда

4-10-2017, 18:31 admin Янгиликлар 2 040

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 апрелдаги “Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида атоқли маърифатпарвар Исҳоқхон Ибрат номидаги ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Улуғ маърифатпарвар Исҳоқхон Ибрат номи Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва алоҳида эътибори туфайли бутун мамлакатимизга танилди. Бунгача Ибрат ҳақида, унинг ижоди ва фаолияти ҳақида тор доира, яъни мутахассис олимларгина билар, айрим кичик илмий тадқиқотлар қилинган бўлса-да, халқимиз маданий тараққиётига қўшган ҳиссаси, улкан хизматларидан кенг омма бехабар эди.

Прездентимиз 2016 йил 2 ноябрь куни Наманган вилояти сайловчилари билан сайловолди учрашувда бир қатор наманганлик тарихий шахслар қаторида Исҳоқхон Ибрат ҳаёти ва фаолияти, унинг маънавий-маърифий ҳаётимизда тутган ўрнига кенг тўхталди. Давлатимиз раҳбари ўша учрашувда алломанинг тарихий аҳамиятга молик ишларини эътироф этиб, йиғилганларга шундай мурожаат қилди: “Тўрақўрғонда Ибрат домла ҳаёти ва фаолиятига бағишланган музей борлиги яхши, албатта. Лекин савол туғилади: шундай улуғ зотнинг халқимиз учун қилган буюк хизматларини бутун мамлакат миқёсида ўқиб ўрганиш, меросини тарғиб қилиш, авлодларга етказиш учун шунинг ўзи етарлими? Менимча, Тўрақўрғонда у кишига атаб замонавий боғ яратиб, ёдгорлик мажмуасини ташкил қилсак, буюк бобомиз олдидаги қарзимизни узган бўламиз!”

Миллий уйғониш даврининг етук намояндаларидан бири, юрт истиқлоли ва халқ маърифати йўлида жон фидо қилган улуғ бобомиз Исҳоқхон тўра Жунайдуллахон Тўра ўғли Ибрат 1862 йилда Тўрақўрғон яқинидаги Сайрам қишлоғида туғилган. Араб, форс, рус, ҳинд, урду, инглиз ва француз тилларини яхши билган, энг қадимий финикия, яҳудий, сурия, юнон ёзувларини ўрганган. Серқирра ижодкор сифатида “Луғати ситта ал-сина” (“Олти тилли луғат”), “Жомеъ ул-хутут” (“Хатлар мажмуи”), “Тарихи Фарғона”, “Тарихи маданият”, “Мезон уз-замон” ("Замон тарозуси"), “Санъати Ибрат, қалами Мирражаб Бандий” каби ўндан ортиқ илмий-тарихий ва маърифий асарлар яратган. Ибрат домла 1886 йилдаёқ эски мактабга нисбатан бирмунча илғор бўлган мактаб очган. 1907 йилда эса янги “усули савтия” мактаби ташкил этиб, қишлоқ болаларини ўқитган.

Исҳоқхон Ибрат дунё кезиб, Шарқ ва Ғарб илм-фани, маданияти ва санъати билан яқиндан танишган, юртимизга илғор маданият ва техника янгиликларини олиб киришга ҳаракат қилган, бу борадаги амалий ишлари билан мазкур соҳалар ривожига катта ҳисса қўшган. Хусусан, Ибрат домланинг 1908 йилда Оренбург шаҳридан литографик машина келтириб, ўз ҳовлисида “Исҳоқия босмахонаси” ташкил қилгани юртимизда матбаачилик соҳасида улкан қадамлардан бири бўлган. Бу босмахона ўтган асрнинг 60-йилларигача фаолият кўрсатган ва бир қатор илмий-маърифий китоблар, рисола ва газеталар чоп этилган, уларни тарқатиш учун Фарғона водийси бўйлаб ўнлаб китоб дўконлари ташкил этилган.

манба:uza.uz
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш