Тошмасжид меъморий мажмуаси (XVI аср)

15-12-2016, 15:50 admin Кизилтепа тумани 3 103

Тошмасжид меъморий мажмуаси (XVI аср)
Тошмасжид меъморий мажмуаси (XVI аср)

Ванғози қишлоғидаги меъморий мажмуа. Санъатшунос олима Мавлуда Юсупованинг тадқиқотларида ёзилишича, Тошмасжид XVI асрда қурилган, лекин бузилиб кетган мадраса ва ҳаммомдан иборат меъморий мажмуанинг марказий биноларидан ҳисобланган. Мажмуа текис жойда жойлашган, унинг шарқ томонидан ариқ оқиб ўтган, шимол томонида йўл бор, мажмуанинг жануб томонида эса қабристон жойлашган. Масжид Навоий вилоят адлия бошқармаси томонидан 11.08.1998 йил №11 сон билан рўйхатдан ўтган.
Мажмуа таркибида қабристон, шунингдек, мадраса ва ҳаммомнинг мавжудлиги Бухоро воҳасининг ўрта асрлар меъморчилиги тараққиётига таяниб, қуйидаги хулосага келиш имконини беради. Яъни қабристонга авлиё дафн этилади. Сўнгра тавоф жойига айланган қабристон атрофида меъморий мажмуа вужудга келади. Бу жой ҳовли ўртасида (ҳозир майдон) ҳовуз жойлашган сўфийлар маркази ҳам бўлиши мумкин, эски масжид эса, сўфийлар учун хонақоҳ вазифасини ўтаганлиги шубҳадан ҳоли эмас. Мажмуага кирувчи бинолар юз йиллар давомида бир неча марта қайта қурилган, уларнинг бир қисми бузилиб кетган.
Тошмасжиднинг Ўрта Осиё меъморчилигидаги аҳамияти. Масжид биносини қурилиш конструкциялари ва тарихий ечими ўзига хос, шунингдек, Ўрта Осиёда пишиқ ғиштдан ишланган устун-гумбазли маҳобатли иншоотлар ривожининг чўққиси дейиш мумкин. Бу XVI аср Масжиди жомеъ (Жомеъ масжидлари) учун ноёб кўриниш эди. Негаки, бу давр ва бу ҳудудда асосан кенг ички ҳовлили анъанавий меъморчилик тарзидаги Жомеъ масжидлари қурилган.
Ванғозидаги Тошмасжид ва миноранинг қурилиши тарихига оид қимматли маълумотлар Бадриддин Кашмирийнинг “Ривзат ар-Ривзон ва ҳадиқат ал-ғилмон” тарихий асарида келтирилган. Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланаётган бу асарни исломшунос олим Бахтиёр Бобожонов топган ва таржима қилган: “Ванғози қишлоғида синчли масжид бўлган ва у вақт ўтиши билан нураб тушган. Хожа Саъд Жўйборий эса ушбу масжидни буздириб, унинг ўрнига пишиқ ғиштдан янги масжид ва унинг ёнида баланд минора қурдирган”.
Бадриддин Кашмирий асарида биринчи масжиднинг меъморий тузилиши қандай бўлганлиги ҳақида аниқ маълумот берилмаган. Аммо изоҳланишига кўра, уни XVI асрга келиб эскириб қолган қўшсинчли йирик иншоот бўлган эканлигини тасаввур қилиш мумкин. Тахминан 1580 йили Хожаи Калонхожа масжидни қайта қуриш ҳақида кўрсатма берган. Эски синчлар олиб ташланиб, унинг ўрнига янги кўп устунли зал қурилган. Энди ушбу бинонинг конструкциялари тўлалигича пишиқ ғиштдан кўп устун ва кўп гумбазли қилиб барпо этилган эди. Масжид қурилишига “олти йил вақт кетди ва у ҳижрий 993 йили (1585-1586 й.) тугатилган”.
Масжиднинг меъморий қурилмаси. Ванғозидаги Тошмасжид баланд (тахминан 70 см) супага қурилган ва олд томони бўйлаб чўзилиб кетган маҳобатли бинодир. Унинг кўркам ҳажмий-маконий композициясининг марказий қисмида баланд пештоқ ва йирик мовий гумбаз ажралиб туради. Масжиднинг 24х40 м катталикдаги умумий биносида 2 та йирик ва 16 та бир хилдаги майда гумбазлар билан ёпилган ягона хона бор. Бинонинг ички қисмида марказий (ўрта) ва унга икки томонидан туташган ён бўлмалари ажралиб туради. Бинонинг ўрта бўлмасида: маҳобатли пештоқ; асос айланаси 3,8 м гумбаз билан ёпилган даҳлиз; асос айланаси 5 м йирик мовий гумбаз билан ёпилган масжиднинг марказий қисми жойлашган. Пештоқ қаршисидаги орқа-ғарбий деворда равоқли меҳроб бўлиб, у Маккага томон йўналган. Икки ён томондаги бўлмалар бир-бирига ўхшаш бўлиб, учта мустаҳкам устунга ўрнатилган саккиз гумбазли бир хил қисмлардан иборат. Асос айланаси 3,2 м бўлган 16 та бир хилдаги кичик гумбазлар бурчакларида қалқонсимон бағалли равоқларга таянган. Масжиднинг барча деворларига (марказий пештоқдан ташқари) яна 4 тадан қўшимча эшик ўрнатилган, фақатгина, анъанага кўра ёпиқ саҳнли меҳробли девор бундан мустаснодир.
Масжиднинг бош қисми шарққа қаратилган бўлиб, кириш жойи баланд пештоқлидир. Ушбу пештоқнинг икки томонини унча чуқур бўлмаган равоқсимон тоқчалар, пештоқ тепа сатҳини эса эпиграфик нақшли горизонтал панно-китоба безаб туради. Бинонинг тўрттала тарз (фасад) деворлари ғиштин сатҳга эга. Ғарбий орқа тарз девори бурчакларида гулдаста шаклидаги минорачалар ўрнатилган. Ушбу тарзнинг марказида меҳроб чуқурлиги даражасида бўртма ҳажм, унинг икки томонида эса, чўққили равоқсимон туйнуклар жойлашган.
1970 йилларда ҳам бино деворидаги мозаик паннолар, ички қисмида эса, хусусан, “меҳробнинг муқарнасли безаклари, шунингдек, ганч ўймакорлиги ва қирма усулидаги безаклар (гирих ва гултуваклар)” мавжуд бўлган.
Мустаҳкам устунлар билан бўлинган бинонинг ички қисм деворлари ва тоқлари ганч билан сувалган. Масжид зали катта гумбазнинг баланд пойигумбазидаги туйнуклар орқали яхши ёритилган. Бу эса хонанинг ички қисмида ёруғлик ва соя ўйинини ҳосил қилади. Туйнукларга ганч панжаралар ўрнатилган. Эшиклар ўйма безаклар билан, меҳроб токчаси эса нақшлар билан безатилган. Бино 29х29х5 см ўлчовли тўртбурчак пишиқ ғиштдан қурилган. Полларига ғишт ётқизиб териб чиқилган.
Ванғози минораси.
Ванғозида 1585-1586 йилларда Тошмасжид ёнида қурилган минора XVI асрда бунёд этилган шу типдаги иншоотлар орасида энг баландидир. Унинг баландлиги – 24 м, пастки қисми асос айланаси – 3,8 м, пойдевори тошдан терилган. Бино ўзаги олти қаторли бўртма ғиштин белбоғ билан, унинг тепасидаги саккиз равоқли қафасаси эса, пастки ва якунловчи қисмида муқарнасли шарафалар билан безатилган. Шуниси қизиқарлики, Бухоро шаҳридаги Гавкушон минораси Арслонхон минорасининг кичик нусхаси, Вобкент шаҳри яқинидаги Ванғози қишлоғи минораси эса Вобкент минорасининг кичрайтирилган нусхасидир.
Истиқлол туфайли Тошмасжид ҳам қайта ёшарди. 2002 йилда бўлиб ўтган халқ депутатлари Навоий вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Тошмасжидни ҳам алоҳида тилга олгач, вилоят ҳокими Б.Рўзиевнинг фармойишига биноан уни асосли таъмирлаш ишлари бошланди. Бу мақсадда жамғарма тузилди. Жамғармага вилоят ва туман ташкилотлари, аҳолининг беш юз миллион сўмга яқин маблағи йиғилди. Вилоят ҳокими Б.Рўзиев ва туман ҳокими Ш.Набиев қурилиш боришини мунтазам назоратга олишди. Беш ой деганда мажмуа гўзал қиёфани кашф этди. Хуллас, ноёб меъморий ёдгорликларга эга бўлган Ўзбекистоннинг XVI асрга мансуб яна бир қадимги зиёратгоҳи қайта тикланди.
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш