Муҳаррам ойи Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Кечагина 1443 йилни қарши олган эдик, бугун эса хайрлашиб, янгисини - 1444 йилни - қарши олиб турибмиз. Ҳа, инсоннинг ҳаёти шу зайлда ўтиб бораверади. У доим хайрлашиб, қарши олишда ... Бир кун билан хайрлашади, янги кунни қарши олади, бир ҳафта билан хайрлашади, янги ҳафтани қарши олади, бир ой билан хайрлашади, янги ойни қарши олади, бир йил билан хайрлашади, янги йилни қарши олади. Буларнинг барчаси инсоннинг азиз умри ҳисобланади. Йиллар, ойлар, кунлар, соатлар, лаҳзалар ўтиб, белгиланган ажалга етиб борамиз. ... Демак, ўтаётган ҳар бир кун, ҳафта, ой ва йиллар умримизнинг тугаши, ажалимизнинг яқинлашишидир. Роббимизга рўбарў бўладиган кунимиз қисқариб боряпти. “Ҳар бир уммат учун (муайян) ажал (муддат) бордир. Ажаллари етганда, бирор соат кечиктира олмайдилар ҳам, олдинга ҳам сура олмайдилар” (Юнус сураси, 49-оят)Ўзимизни сарҳисоб қилайлик. Ҳеч бўлмаганда ҳар йил якунида ҳисоб қилайлик ва келаси йил учун янги режалар тузайлик. Нима яхши амаллар қилдим, нима ёмон ишларга мубтало бўлдим, фойда қанчаю, зарар қанча, нима учун фойда бўлдию, нима учун зарар бўлди, келаси кун, келаси ҳафта, келаси ой ва келаси йил фойда кўрган нарсаларни кўпроқ қилиб, зарар кўрган нарсаларни эса қилмасликка ҳаракат қилишимиз лозим. ... Муҳаррам ойининг фазилатларидан бири бу ойда кўпроқ рўза тутиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазондан кейин рўзаларнинг энг афзали Аллоҳнинг муҳаррам ойи (рўзаси)дир”, дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган. Ибн Ҳожар раҳматуллоҳи алайҳ айтади: Имомларимиз шундай дейишган: “Нафл рўза учун ойларнинг энг афзали – муҳаррам ойи, сўнгра қолган (уруш) ҳаром қилинган – ражаб, зул-ҳижжа ва зулқ-қаъда ойларилар”. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Рамазондан сўнг рўза тутиш учун энг афзал ойлар (уруш) ҳаром қилинган ойлардир; Зул-қаъда, зул-ҳижжа, муҳаррам ва ражаб”.
Учқудуқ тумани “Мустақиллик” МФЙ отинойиси Файзиева З
Учқудуқ тумани “Мустақиллик” МФЙ отинойиси Файзиева З