Исломда “Оммавий маданият”га муносабат.
Ҳозирги вақтда “Оммавий маданият”нинг вужудга келишида реклама, мода, дизайн ва онгга таъсир этувчи воситаларнинг аҳамияти жуда катта. Бу каби зарарлардан таҳдидлардан ёшларимизни асраш учун уларда соғлом дунё қарашни шакллантириш ҳар қандай воқеа, ходисаларга тўғри муносабат билдира олиш кўникмасини ривожлантириш зарур. Ахлоқий бузуқлик ҳолатларни кўпайганлиги бизнинг шариатимизга ёт бўлган холатлардан биридир. Бу фаолият энг бузуқ, тубан фаолият бўлиб эркин мухаббатдан аста-секин “бир жинслиликлар” никоҳи босқичигача кўтарилади. Ёшларни тарбиясини бузиб, маънавий жиҳатдан айнитиб минг йиллардан буён ардоқланган мухаббат ришталари ўрнига зинокорликни тақдим этади. Бунга мисол АҚШда 30 фоиз аёл никоҳгача икки марта аборт муолажасини ўтказар экан, чунки қизлар шу руҳда тарбия топишади. Ислом динида эса, зино улкан гуноҳлардан бири бўлиб хисобланади. Қуръони каримда “Зинога яқинлашманглар! Албатта у фохиша иш ёмон йўлдир” – дейилади. (Исро сураси 32-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хадисларида келишича, зино насли насабнинг бузилиши, оилаларнинг парчаланиши, муносабатларнинг ёмонлашуви, турли касалликларнинг тарқалиши, ахлоқнинг қулаши, фақирлик ва мухтожликнинг келиши ва бошқа бало офатларга сабаб эканлиги тўғрисида тушунтирилади ва бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қайси қавмда зино тарқалса Аллоҳ таоло уларни ота-боболари билмаган касалликка мубтало қилади”-деб мархамат қилганлар.
Ислом дини зинони олдини олиш учун барча чораларни кўради ва қуйидаги талабларни жорий этади:
Жинсий эхтиёжни фақат халол йўл билан қондириш;
Бегона эркак ва аёлларни зарур холатлардан бошқа вақт аралашувларини чеклаш;
Ўзга жинсга шахват билан қарашдан тийилиш;
Аёлларни иффатли кийинишлари ва ўзларини тутишни жорий қилиш;
Фохиша хабар тарқатувчи ва фохиша ишларини қилувчиларга қарши мунтазам кураш олиб бориш.
Ҳаё аввалги пайғамбарлардан ўтиб келган мерос сифатида таърифланади. Демак уятли ишлардан нафсни тийиш зарур. Халқимизда “Ҳаё кетди, бало етди” – деган нақл бор. Айтилганидек, ҳаёсизлик, андишасизлик касофати нафақат кишининг ўзига балки чор-атрофдагиларга ҳам урушини англаб етиши керак. Кийиниш борасида ҳам ислом динида бошқа масалалар каби алоҳида хукмлар жорий қилинган. Зотан кийиниш инсонни ички дунёсини акс эттирувчи воситадир. Барча соҳада бўлгани каби кийиниш борасида ҳам, ривожланиш давом этмоқда. Ёшларимиз бу иллатга берилиб, миллий, диний қадриятларимизни ифода этадиган либослардан юз ўгирмоқдалар. Ислом дини кийиниш борасида мутадил ва ўрта холликни тарғиб қилади. Бу борада Шайх Шабъий “Ахмоқлар устингдан кулмайдиган фақиҳлар (шариат билимдонлари) айбламайдиган кийимларни кий деганлар”. Демак кўриниб турибдики, ислом кийиниш борасида ҳам махсус кўрсатмаларни тақдим этади. Кийим тиббий жиҳатдан танага зарар етказмайдиган, эгасини мақтанчоқлик, ўзини кўз-кўз қилишдан нари ва эркакларга тор, аёлларга харир, ялтироқ, юпқа нарсалар кийишни тавсия этмайди. Ҳар биримиз шариатимизга ҳамда ўзлигимизга мос-хос бўлган маданият, ибо, ҳаё борасида бир-биримизга намуна бўлмоғлигимиз лозим. Гўзал хулқ ва тарбияга эга бўлмаган киши ҳеч қачон муваффақиятларга эриша олмайди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, “Оммавий маданият” бузғунчи ғояларни ноанъанавий қадриятларни тарғиб қилувчи воситага айланиб бормоқда. Бу маданиятнинг соясида кириб келаётган ахлоқсизлик, беҳаёлик, зўравонлик, бузуқлик каби иллатлар ҳеч бир халқнинг маданиятига ҳам, қадриятига ҳам тўғри келмайди. Аслида ажойиб, гўзал қадриятларимиздан хисобланган ор-номус, андиша, шарму-ҳаё каби тушунчаларни ҳаётимизнинг мазмунига айлантиришимиз, садоқат, жасурлик, вафо, ота-онага хурмат, аёлга эхтиром, Ватанига мухаббат туйғуларини қалбимизга ва ёшларимиз вужудига сингдирмоғимиз лозим.
ЎМИ Навоий вилояти вакиллигининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси: У.Холова