Бугун Навоий вилоятининг педагогика институтида Навоий вилоятида фаолият юритаётган барча имом-хатиблар ва имом ноиблар учун 1 кунлик қўшимча ўқув семинари ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 апрелдаги 278 – сонли “2019 йилда агентликлар, қўмиталар, марказлар, давлат инспекциялари ва бошқа давлат бошқаруви органларининг фаолияти самарадорлигини ва мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонлари тўғрисида”ги қарори 10-илова 1-бандида “Барча имом-хатиб ва ноибларининг диний ва дунёвий билимларини оширишга қаратилган қўшимча ўқув семинарларини ташкил этиш” вазифаси юклатилган.
Мазкур топшириқ ижроси юзасидан ҳудадларда имом-хатиб ва имом ноиблари учун ўтказилиши режалаштирилган қўшимча ўқув семинарларининг дарс жадвали ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда тасдиқланди.
Ушбу ўқув семинар-тренингида Навоий вилоятида фаолият юритиб келаётган барча жоме масжидлари имом-хатиб ва имом ноиблари иштирок этишмоқда.
Семинарни Навоий вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Ғ.Мусурманов “Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари”, “Ўзбекистонда сайловлар тизими: хорижий тажриба ва миллий уйғунлик” тўғрисидаги ўзининг нутқи билан очиб берди.
Ундан сўнг Навоий давлат педагогика институти ўқитувчиси, фалсафа фанлар номзоди Н.Сафарова ҳамда Навоий давлат педагогика институти ўқитувчиси, тарих фанлари номзоди Х.Қурбонов “Ўзбекистон Республикасида диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар: мазмун ва моҳияти”, “Диний мутаассибликка берилишнинг ижтимоий ва психологик сабаблари” ҳамда “Дунёнинг диний-конфессионал манзараси ва глобаллашув жараёнида дин омили” ҳақида ўзларининг чуқур фикр-мулоҳазалари ва ушбу мавзуларда ўз мутахассисликлари юзасидан илмий ёндашувлари орқали кенг жамоатчилик билан ўртоқлашдилар.
Имом-хатиблар ва имом ноиблар учун ташкил этилган 1 кунлик қўшимча ўқув семинари давом этмоқда. Эслатиб ўтамиз, ушбу ўқув семинари ниҳоясида Навоий вилояти бош имом-хатиби Т.Рўзиев ҳам иштирок этиб, маъруза қилиши кўзда тутилган. Бу ҳақида кейинроқ батафсил хабар берамиз, иншааллоҳ!