Эсимда, ота-онам мени турмушга узатаётганда онам кўп насиҳатлар қилган эдилар. Тўй хурсандчилиги, янги оилага кўникиб кетиш ташвиши билан бўлибми, баъзи айтган гапларини яхши англаб олмаган эканман. Узоқ кутилган тўй ҳам ўтди, ташвишлар унутилди. Янги оилам энди мен кўниккан, талпинадиган масканга айланди. Бор куч-ғайратим, шижоатим ва меҳримни мана шу оилам учун бағишлардим.
Эрта туриб, ҳамма ерни саранжом-саришта қилар, овқатланиш вақтида дастурхонни меҳмон кутадиган ҳолатга келтириб қўяр эдим. Қайнонамнинг севимли келинига айланиб борар эдим. Ёши улуғларнинг дуосини олишим умр йўлдошимни хушнуд этарди. Аллоҳ таоло кетма-кет ўғил фарзандлар ато этди. Фарзандларимни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказишга ҳаракат қилар эдим. Табиийки, болалар ташвиши билан баъзан ўзимга, уй ишларига қарашга вақтим етмай қолар, гоҳида вақт топилса-да чарчоқ устунлик қилиб қолар эди. Бунинг устига ёш келинлик даврим ўтиб, оиланинг катта бир аъзосига айланган эдим.
Кунларнинг бирида турмуш ўртоғим қўнғироқ қидилар:
- Онаси?
-Лаббай?
-Онаси, тузукмисизлар?
-Раҳмат, шукр. Тинчликми, дадаси?
- Ҳа, тинчлик... Шу десанг, бугун уйга меҳмонлар келадиган...
-Тушундим. Нима тайёрлай? Нозик меҳмонлар шекилли?
-Фаросатингга балли! Жуда нозик меҳмонлар... Ҳалиги... Ҳовли-жойларга қара. Меҳмонхона ҳам рисоладагидек бўлсин, ўйинчоқлар, кийимлар сочилиб ётмасин-а?!
- Ҳўп бўлади, тушундим. Кўнглингиз тўқ бўлсин. Унақада мен тезроқ ҳаракатни бошлай!?
- Яхши, кечки овқатга бирор ўзингга қулай бўлган тансиқ таом пиширсанг. Хуллас, дастурхонни дид билан безат. Биз эса кечки пайт борамиз.
- Хўп бўлади, яхши келинглар!
Ана энди, меҳмон хабарини эшитгач, уни у ёққа, буни бу ёққа ташиб, кийимлар ва ўйинчоқларни тартиблай бошладим. Пешингача меҳмонхона, ҳовли-жой ва кўчаларни янги келин тозалагандай меҳр билан саранжомладим. Сўнг ошхонага отилдим-у, хамир қориб манти пиширишга киришдим. Мантиларни тугиб, пиширишга қўйдим, унинг ёнига енгилгина ширинлик тайёрлай бошладим.
Кейин янги сабзавотлардан салат ҳам тайёр бўлди. Орада анчадан буён меҳмонхонага бормай қўйган биллур идишларга писта-бодомларни, ширинликларни солиб дастурхонни безата бошладим. Дастурхон солишда сарпога қўйилган, фақат "ҳурматли” меҳмонлар учун ёзиладиганини танладим. Хуллас, соат тўрт-бешларга овқат ҳам, ҳовли-жой ҳам тахт бўлди. Ҳовлига енгилгина сув сепгач, ошхонада ёғ ҳидига чўмилган киймимни алмаштирдим-у, хўжайиним йўлларига кўз тика бошладим. Кўчадан машина овози эшитилди. Дастлаб болаларим югуриб киришди. Кейин хўжайиним ҳам кириб кела бошладилар. Саломлашдик. Секингина кўча тарафга мўраладим. Ҳеч ким кўринмасди. Ҳайрон бўлиб сўрадим:
-Дадаси, ёлғиз келдингизми?
-Йўқ, мана болалар билан келдим.
- Меҳмонимиз...?
- Ҳа, меҳмонми? У йўлда, ҳамма нарса тахтми?
-Албатта,биркўринг!
-Вой-бўў! Танимай қолдим...
- Шунақа, биласиз-ку, бир ишга киришсам, ҳамма ерни боғга айлантириб юбораман!
- Қани, уйга кирайлик. Меҳмон учун ҳозирлик кўрамиз.
Болалар билан меҳмонхонага ўтиб, кам-кўстларга қараб чиқдик. Бироздан сўнг хўжайиним меҳмонхонага кириб, эрталабдан бери дид билан безатилган дастурхонни томоша қилиб турдилар-да алқаб қўйдилар. Болаларни ҳам чақириб, чой ичишга таклиф қилдилар.
- Ҳай, ҳай! Болажонларим, бу нимаси? Кўрмаяпсизми? Бугун уйда меҳмон бор. Дастурхонга қўл чўзманг, ҳамма нарса ошхонада етарли. Қани кетдик. Бугун дадангизни меҳмонлари билан холи қўямиз.
- Онаси, қўявер, болаларни койима. Олинглар, ширинтойларим. Қани,онаси,чой дамла.
-Ие, меҳмон келсин,ахир.
- Меҳмон билан гаплашдим. Маҳалламизга яқин қолибди, дамлайвер.
Битта кўк, битта қора чойни "меҳмон чойнак”ка дамладим. Қарасам болалар ҳам дадаларига қўшилиб танаввулга киришиб кетишибди. Яна танбеҳ бердим. Хўжайиним хотиржам оҳангда мантиларни сузишимни буюурдилар. Яна жаҳлим чиқа бошлади.
-Дадаси, бу нимаси? Мантилар меҳмон келгунча совиб қолади-ку!
-Совимайди, сузавер. Мана,эшикдан кириб келади ҳозир. Болалардан ҳижолат қилма. Биз билан ўтираверишади. Тезлик билан мантини лаганларга суздим. Хўжайиним ва болалар анчадан бери манти соғинишган эканми, қарсак чалиб юборишди. Энди тезлик билан хонани тарк этмоқчи бўлиб турсам, хўжайиним кулиб:
-Ҳай,онаси, қаерга кетяпсан?! Кел,биз билан ўтирмайсанми?!
- Нималар деяпсиз, эркаклар билан-а?!
- Эркаклар ўзингнинг умр йўлдошинг ва икки ўғлинг-ку!
- Тушунмай қолдим...
-Нимага тушунмаяпсан? Меҳмон мен ва болаларимиз-ку! Биз сени ҳар куни ишдан, ўқишдан келганимизда худди шундай назокат билан, дид билан, меҳр билан ҳамда орасталик билан кутиб олишингни хоҳлаймиз!
-Мен... Мен...
Йиғлаб юбордим. Уятдан ерга кирай дедим.
- Қўй, онаси, йиғламагин. Мантилар совиб қолса, исситиб бўлмайди. Қани, дастурхонга яқинроқ кел... Мана бу ширинликни қойиллатибсан! Бахтимизга омон бўл!
Шу-шу оилам келишини байрамдек кутиб оладиган бўлдим. Умр йўлдошимнинг бундай тарбиялари бир умрлик сабоқ бўлди.
Еҳтимол, дугонамнинг ҳаётида содир бўлган бу воқеа сизга оддий ҳолдек туюлиши мумкиндир, аммо инсоний фазилатлар соҳибаси бўлишдек олий мақсадларни кўзлаётган муслима аёл учун ҳаёт мактаби сабоғидаги ажойиб дарс бўлади десам, ўйлайманки, ҳеч муболаға бўлмайди.
Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим юрти
услубий бирлашма раиси Мирахмадова Нодира