Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Одам фарзандининг барчаси кўп хато қилувчидир. Хато қилувчиларнинг яхшиси тавба қилувчиларидир " - деб биз умматларни жаҳолатдан маърифатга, зулмдан адолатга, ҳалокатдан нажотга бошлаганлар. Хато қилиш, адашиш бандага хос одатдир. Бундан қочиб қутулишни иложи йўқ. Одам алайҳиссаллом отамиз ҳам Аллоҳ тақиқлаган мевани еб қўйиб, хатога йўл қўйганлар. Ва дарҳол, кечиктирмай тавба йўлини тутганлар. Ҳидоятга етиш йўли - тавба йўлидир. Аллоҳ кўксига иймонни мустаҳкам жойлаган инсонлар ҳар қадамларида ўзларини ислоҳ қилиб, нафсларини тергаб, нафслари билан курашадилар ва нафсларини енгадилар. Аллоҳ кимнинг қалбини Исломга очиб саодатманд этган экан, у Парвардигори томонидан бўладиган нур устидадир. Уларнинг қалби Қуръон ва иймон нури билан ёғду сочади. Бундайлар озгина хатоларидан, адашишларидан ёки бировларни хатоларини кўриб ҳам хулоса чиқариб, дарҳол тавба эшикларини очадилар. Нафс ва дунё истакларига қул бўлиш, бевафо матоҳларга меҳр қўйиш, Аллоҳ таоло дийдоридан узоқлаштиради. Қалби пок, тоза инсонлар, тавбага шошадилар. Аксинча қалби кирланган, занг босган, қалб кўзи кўр бандалар тавба нималигини билмай ўтадилар. Гуноҳни нақд, тавбани насия қилган бадбахтлар, абадий хорлик, азобга дучор бўладилар."Мудом гуноҳ ишлар қилиб, юриб қачонки (бировларига) ўлим келганида:"Энди тавба қилдим " - дейдиган ва кофир ҳолда ўлиб кетадиган кимсаларнинг тавбалари қабул қилинмас. Улар учун аламли азобни тайёрлаб қўйганмиз" (Нисо сураси 18 оят). Ўз гуноҳларини англаб, дарҳол тавба қилмоқ вожибдир. Либосдаги ифлос кирни совун ва сув кетказганидек, гуноҳлар туфайли қалбда ҳосил бўлган доғларни, кирларни, тавба кўз ёшлари, тоат ва надомат ўти билан ювиб покламоқ жоиздир. "Дарҳақиқат, уни (қалбни) поклаган киши, нажот топди" (Ваш - Шамс сура 9 оят). Гуноҳлардан тавба қилиб, гуноҳга қайтмаслик, нафсга қарши-жиҳоддир. Киши гуноҳ қилганда, қалбида бир доғ ёки меваси заҳарли бир ниҳол униб чиқади.Тавбани кечиктираверса, ҳар йили гуноҳлар кўпайиб,.қалбидаги доғ, у заҳарли ниҳол илдиз отиб, қўпариб бўлмас катта, баҳайбат дарахтга айланади. Гуноҳкорнинг ўзи эса йилдан -йил қариб заифлашади. Тавба қилиш, бу улкан гуноҳлардан қутулишга, покланишга кучи етмайди, имкони қолмайди. Нафас бўғизга тиқилиб жон ғарғарага келганда, тавба эшиги ёпилган бўлади. Шунда ғуссага ботган ноумид кўзлар, умрнинг зое кетганидан аччиқ надомат ва сўнгсиз ҳасрат ила жавдирайди. "Агар билсалар, охират азоби шак шубҳасиз янада каттароқдир" (Қалам сураси 33 оят ). Тавба қилган инсон, шариат кўрсатмаларига оғушмай амал қилиб, ўз - ўзини ислоҳ қилиб юрса, Аллоҳнинг розилигига эришади. Ибн Масъуд разиаллоҳ шундай деганлар: "Жаннатнинг саккизта эшиги бор, биттасидан бошқа барчаси очилади ва ёпилади фақат битта тавба эшигигина доимо очиқдир. Эшикнинг ёпилмасдан очиқ туриши учун битта фаришта тайинланган. Бас, ноумид бўлма, солиҳ амал қил! ". Аллоҳ Таоло Нур сураси 31оятда :" Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! шоядки (шунда) нажот топсангизлар ". Таҳрим сураси 8 оятда : "Эй мўминлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар", Бақара сураси 222 оятда : "Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни ва ўзларини мудом пок тутувчиларни севади", Нисо сураси 17 оятда " Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилиши фақат бирор гуноҳни нодонлик билан қилиб қўйиб, сўнгра дарҳол тавба қиладиган кишилар учундир. Аллоҳ ана шундай кишиларнинг тавбасини қабул қилур" ва Тавба сураси 112 оятда эса (Улар) Тавба қилувчилар (Аллоҳнинг ўзига ) ибодат қилувчилар, шукур қилувчилар, рўза тутувчилар, рукуъ-сажда қилувчилар, яхшиликка буюрувчилар, ёмонликдан тўхтатувчилар ва Аллоҳ белгилаб қўйган қонун-қоидаларга доимий риоя қилувчи (мўминлар) дир " - деб марҳамат қилган. Жаннат башорати берилган буюк саҳоба Умар розияллоҳу анҳу, ҳар кеча ўзларини ўзлари ҳисоб-китоб қилар ва ўз оёқларига қамчи билан урар эканлар. Хўш, биз ўзимизни қанчалар ҳисоб - китоб қилаяпмиз, хато ва гуноҳларимизни, заиф томонларимизни тузатишга ва ислоҳ қилишга нечоғлик интилаяпмиз. Вақт ғанимат тавбага шошилайлик. Тавбаси қабул бўлишини истаган киши, шубҳадан ҳоли, ҳалол касб қилмоғи, ҳалол еб - ичиши, кам гапириб, кўп ўқиши, кам ухлаб, фарз амалларни тўлиқ адо этиб, ибодатли бўлиши муҳим. Тавбани бошланишида қийин бўлади. Тавбага сабрли бўлиб, ёмон одатларни, яхшиликларга айлантирсак, қалбимиз нурга тўлиб, ҳузур, ҳаловат топади. Гуноҳлардан тавба қилиб Аллоҳ тоатига юзлансак, ибодат лаззатини топамиз. Аллоҳ маърифати ила Уни дўстига севимли қулига айланайлик. Ундан қўрқиб, гуноҳларимиздан ҳаё қилайлик. Унинг нуридан баҳра олиб дунё ва охират саодатига эришайлик. Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи, тавбаларни қабул қилувчи, лекин Унинг азоби ҳам қаттиқ ва муқаррардир.
Навоий шаҳар Дўстлик МФЙ отинойиси Сувонова Ш.