НАФЛ НАМОЗЛАРИ

20-12-2019, 08:40 admin Мақолалар 2 663

Баъзи нафл намозлар ҳақидаги маълумотларни тақдим қилишга ижозат бергайсиз.
1. Таҳийяти масжид намози. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз масжидга кирса, ўтиришдан олдин икки ракъат намоз ўқисин», дедилар».
Бешовлари ривоят қилган.
Бу икки ракъатли намозни, таҳийяти масжид – масжид саломи - намози дейилади. Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабида таҳийяти масжидни қандоқ вақтда бўлса ҳам; намоз ўқиш макруҳ ёки имом хутба ўқиётган пайтда ҳам ўқиш керак, дейилади. Моликий ва Ҳанафий мазҳабларида эса, имом хутба ўқиётган бўлса таҳийяти масжид ўқилмайди. Шунингдек, Ҳанафий мазҳабида намоз ўқиш макруҳ пайтларда ҳам таҳийяти масжид ўқилмайди. Кириши билан фарз намозни ёки бошқа бир намозни ўқиса, ният қилмаса ҳам таҳийяти масжиднинг ўрнига кифоя қилади. Узр сабабли масжидга бир кунда бир неча бор кирадиган бўлса, бир марта ўқиса кифоя қилади. Бу намознинг ҳукмидан масжидул ҳаром истисно қилинган. Ул масжиднинг таҳийяти тавоф билан бўлади. Масжидга кирганда бирор узр билан таҳийяти масжид намозини ўқий олмаса, «Субҳаналлоҳи! Валҳамду лиллаҳи! Ва лаа илааҳа иллаллоҳ! Валлоҳу акбар»ни айтса кифоя қилади.
2. Шуруқ намози. Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то, чоштгоҳ намозини ўқигунча ўтирса. Фақат яхшиликдан бошқани гапирмаган бўлса, унинг хатолари, агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам мағфират қилинур», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Термизийнинг лафзида: «Ким Бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракъат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ», дейилган. Ушбу ривоятда васф қилинаётган намозни Салотуш Шуруқ – Шуруқ намози ҳам дейилади. Шуруқ, дегани эса қуёш чиқишини билдиради. Шуруқ намози чоштгоҳ намозининг энг аввалги вақтдаги намозидир.
3. Зуҳо-чоштгоҳ намози. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким чоштгоҳ намозини муҳофаза (бардавом) қилса, унинг гуноҳлари, агар денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Бу намоз икки ракъатдан саккиз ракъатгача бўлади. Аммо Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам кўпроқ тўрт ракъат ўқиганлар. Унинг вақти қуёш найза бўйи кўтарилгандан бошлаб то заволга яқин қолгунчадир. Энг афзал вақти наҳорнинг тўртдан бири ўтгандан кейиндир.
4. Таҳорат қилгандан кейин ўқиладиган намоз. Бу намозни шукри вузуъ – таҳоратнинг шукри ҳам дейилади.Уқба ибн Омир ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир одам жуда яхшилаб таҳорат қилса-ю, қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолда икки ракъат намоз ўқиса, албатта унга жаннат вожиб бўлади», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
5. Истихора намози. «Истихора» сўзи луғатда хайрни талаб қилиш, деган маънони англатади. Мусулмон киши икки ишдан қайси бирини қилишини билмай қолганда, хайрлисини танлаш учун Истихора намози ўқийди. Бу намозни ҳар бир мубоҳ ишдан олдин ўқиш мустаҳабдир. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора қилишни худди Қуръондан сурани таълим бергандек таълим берар эдилар. У зот: «Қачон бирингиз бир иш қилмоқчи бўлса, фарз намоздан бошқа икки ракъат намоз ўқисин. Сўнг, Эй, бор Худоё! Албатта, мен Сендан илминг ила истихора қиламан. Сенинг қудратинг ила қудрат сўрайман. Сендан улуғ фазлингдан сўрайман. Албатта, Сен қодир бўлурсан, мен қодир бўлмасман. Сен билурсан, мен билмасман. Сен ғайбларни ўта яхши билувчи зотсан. Эй, бор Худоё! Агар ушбу иш менга динимда, маошимда ва ишим оқибатида яхши эканлигини билсанг (ёки ҳозирги ишимдаю, келгусида) уни менга тақдир қилгин, менга осон қилгин, сўнгра уни мен учун баракали қилгин. Агар ушбу иш мен учун динимда, маошимда ва ишим оқибатида (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) ёмон эканлигини билсанг уни мендан буриб юбор, мени ундан буриб юбор. Ва менга қаерда бўлса ҳам яхшиликни тақдир қил. Сўнгра мени унга рози қил, десин ва ҳожатини айтсин», дедилар».
Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Ушбу намозни ўқигандан кейин мазкур иш ҳақида ўйламай, Аллоҳ ихтиёр қиладиган нарсани кутиб юради. Кейин кўнглига тушиб, ўзига маъқул бўлиб қилгиси келиб қолса қилади. Бу ҳақда туш кўриши ҳам мумкин. Агар иш бир тарафга бўлмай туриб қолса истихора намозини яна қайтадан ўқийди. Қайта ўқиш етти мартагача бўлади. Истихора намозининг биринчи ракъатида «Фотиҳа» сурасидан кейин «Кофирун» сурасини, иккинчи ракъатда «Ихлос» сурасини ўқийди.
6. Тасбиҳлар намози. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аббос ибн Абдулмутталибга: «Эй, Аббос! Эй, амаки! Сенга ато берайми? Сенга марҳамат қилайми? Сенга лутф кўрсатайми? Сени ўнта хислатли қилиб қўяйми? Қачон сен ўшаларни қилсанг, Аллоҳ сени гуноҳингни; аввалгиси-ю охиргисини, қадимгиси-ю янгисини, хатоси-ю, қасдданини, кичиги-ю каттасини, сирини-ю ошкорини мағфират қилади. Ўша ўн хислат; тўрт ракъат намоз ўқимоғинг. Ҳар ракъатда фотиҳаи китобни ва бир сура ўқийсан. Қачон биринчи ракъатда қироатдан фориғ бўлсанг, турган ҳолингда: «Субҳаналлоҳи Валҳамду лиллаҳи Валаа илаaҳа иллалоҳу Валлоҳу акбар» деб ўн беш марта айтасан. Сўнг рукуъ қиласан ва рукуъда турган ҳолингда уларни ўн марта айтасан. Сўнгра рукуъдан бошингни кўтариб ўн марта айтасан. Кейин саждага йиқиласан ва уларни сажда қилган ҳолингда ўн марта айтасан. Сўнг бошингни саждадан кўтариб, уларни ўн марта айтасан. Кейин сажда қилиб яна ўн марта айтасан. Сўнг бошингни кўтариб (ўтириб) уларни ўн марта айтасан. Ана ўша бир ракъатда етмиш бештадир. Буни тўрт ракъатда ҳам қиласан. Агар, бу намозни ҳар куни ўқий олсанг, шуни қил. Агар қила олмасанг, ҳар жумада бир марта. Агар уни ҳам қила олмасанг, ҳар ойда бир марта. Агар уни ҳам қила олмасанг, ҳар йили бир марта. Агар уни ҳам қила олмасанг, умрингда бир марта», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Агар сен ер аҳлининг энг катта гуноҳкори бўлсанг ҳам, албатта, у ила сенга мағфират қилинур» деган жумла зиёда қилинган.
Абу Довуд ривоят қилган. Термизийнинг иборатида: «Агар гуноҳларинг қумтепа мислича бўлса ҳам, Аллоҳ уларни сендан мағфират қилади», дейилган. Ушбу ҳадисни Абу Довуд ва Термизийдан бошқа, Ибн Можа, Байҳақий, Ибн Хузайма, ал-Ҳоким, Ибн Ҳиббон, Ибн Муборак, Табароний, ал-Хатиб, ал-Ожурий, Абу Саъид ас-Самъаний ва Абу Мусо ал-Мананий ва Имом Бухорий «Жузул Қуръон»да, ривоят қилган. Ибн Абус Сайф ал-Яманий «ал-Ламъа фии рағойиби явмил Жума» китобида Термизийнинг қуйидаги гапларини келтиради: «Тасбиҳлар намозини Жума куни завол пайтида ўқимоқ мустаҳабдир. Биринчи ракъатда «Фотиҳа»дан кейин «Такасур»ни ўқийди, икинчисида «Вал Аср»ни учинчисида «Кофирун»ни, тўртинчисида «Ихлос»ни»деб туриб охирида ўқийдиган қўшимча дуони ҳам келтирган. Абу Усмон ал-Хайрий аз-Зоҳид: «Қийинчиликлар ва ғам ғуссалар учун Тасбиҳлар намозидан яхши нарса кўрмадим», деган.
7. Ҳожат намози. Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг Аллоҳга ва Бани одамдан бирортасига ҳожати бўлса, яхшилаб таҳорат қилсин, сўнгра икки ракъат намоз ўқисин. Кейин Аллоҳга сано ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтсин. Сўнгра: «Ҳалийму Карим Аллоҳдан ўзга ҳеч илоҳи маъбуд йўқ. Улуғ Аршнинг Роббиси Аллоҳ покдир. Оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен Сендан: раҳматингни вожиб қилувчи, мағфиратингни тақозо қилувчи нарсаларни ва ҳар бир яхшиликдан ғанийматни, ҳар бир ёмонликдан саломатни сўрайман. Менинг ҳеч бир гуноҳимни қўймай мағфират қилгин, ҳеч бир ғамимни қўймай кушойиш қилгин, Ўзинг рози бўлган ҳеч бир ҳожатимни қўмай, албатта, чиқаргин. Эй, Арҳамар Роҳимийн», десин», дедилар».
Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган.
Аллоҳ билувчи. Имом Ибн Ҳажар бу намозни Шанба куни саҳар ўқиб, талаби ҳожат қилиш мандубдир, чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, ким шанба куни эрталаб талаби ҳожат қилса, талаби ҳал бўлади. Унинг ҳожати равон бўлишига мен зоминман, деб марҳамат қилганлар, деган. Албатта, дуонинг арабча матнини ёдлаб олган яхши.
8. Тавба намози. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис эшитсам, Аллоҳ менга ундан Ўзи хоҳлаганича нафъ берадиган одам эдим. Қачон У зотнинг саҳобаларидан бири менга ҳадис айтса, мен ундан (гапи тўғрилигига) қасам ичишни талаб қилар эдим. Агар у қасам ичса (гапини) тасдиқ қилар эдим. Албатта, шаън шулки, менга Абу Бакр бир ҳадис айтди. Зотан у содиқдир: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, қайси бир одам гуноҳ қилиб қўйиб, сўнгра туриб, таҳорат қилиб намоз ўқиса, кейин Аллоҳга истиғфор айтса, албатта, Аллоҳ уни мағфират қилади», деганларини эшитдим. Сўнгра У зот: «Улар қачон фаҳш иш қилсалар ёки ўзларига зулм қилсалар, Аллоҳни эсларлар ва гуноҳларига истиғфор айтурлар» оятини қироат қилдилар», деди».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Аслида тавба намозсиз ҳам хоҳлаган пайтда бўлиши матлуб. Лекин намоз ила бўлгани кучли ва қабули осондир. Намоз мўминнинг силоҳи, дейилгани ҳам шундан. Мўмин киши намоз ила ҳар қандай қийин нарсага ҳам осонлик билан эриша олади. Ожиз банда гуноҳ иш қилиб қўйса, иймони уни дарҳол тавбага чорлаши зарур. Қилиб қўйган гуноҳининг афсусида қолган мўмин инсон дарҳол таҳорат қилиб тавба намози нияти ила икки ракъат намоз ўқиб олишга ўтмоғи лозим. У гуноҳига надомат қилиб, намозида чин қалбдан тавба қилиб, Аллоҳга роз айтиб, иккинчи бу гуноҳни қайта қилмасликка қатъий аҳд қилса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳини мағфират қилади.
9. Aввобийн намози. Бу намоз Шом намозидан кейин ўқилади ва олти ракъат бўлади. Аввал тўрт, кейин икки ракъат ёки икки ракъатдан қилиб ўқилади. Аллоҳ таоло «Исро» сурасида:
«Албатта, У зот оввобийнларни мағфират қилувчидир», деган (25-оят). Имом Табароний Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Ким Шомдан кейин олти ракъат ўқиса, гуноҳлари мағфират қилинур, агар денгизнинг кўпигича бўлса ҳам», дейилган.
10. Таҳажжуд намози. Бу намознинг ози икки, кўпи саккиз ракъатдир.Аллоҳ таоло: «Кечасида таҳажжуд (намози) қил. Сенга нофила бўлур. Шоядки, Роббинг сени мақоми маҳмудда тирилтирса», деган. Ушбу оят ила таҳажжуд намозига тарғиб қилиш Қуръонда келгани эслатилмоқда. Кечаси бир ухлаб туриб ўқиладиган намозни таҳажжуд намози, деб аталади. Шунингдек, бу намозни қиём намози, деб ҳам айтилади. Аввал бошида бу намоз вожиб бўлган эди. Бир йилчадан кейин вожиблиги насх қилинган. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга кечанинг қиёми лозимдир. Чунки, у сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир. У Роббингизга қурбатдир. У ёмонликларга каффоротдир. У гуноҳларни қайтарувчидир», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «У жисмдан дардни қувувчидир» ҳам дейилган.
Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш