Tил – қалб ойнаси

15-12-2016, 12:41 Istamjon Khamrayev Хадис / Сийрат / Руҳий тарбия 1 784

Tил – қалб ойнаси
Тил инсоннинг ақл идроки ва маънавиятини намоён қилувчи асосий восита бўлиб, унинг таъсири каттадир. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин кишининг тили қалбининг орасида бўлади. Мунофиқнинг тили эса қалбининг олдида бўлади. Мўмин киши аввал ўйлаб кейин сўйлайди. Мунофиқ эса, аввал сўйлаб кейин ўйлайди”, деганлар.
Парвардигорнинг биз бандаларига берган бехисоб неъматларидан бири – тил. Бу неъмат бизнинг ўзаро муомаламизда фикирларимизни баён қилиш хамда ички кечинмаларимизни ифодалаш учун берилгандир. “Ар –Рахмон (мехрибон зот). Қуръонни таълим берди. (у) инсонни яратди. Унга баённи (нутқни) таълим берди” (Ар-Рахмон,14). У Аллохни зикир қилиш, Қуръон тиловат қилиш, одамларни хидоят йўлига чақариш каби Аллох рози бўладиган ўринда ишлатилса, савоби бехисоб бўлиб, унинг акси бўлган ёлғон, ғийбат, фахш ва беандиша сўзлрда ишлатилса, гунох амаллардан хисобланади.
Тил – қалб ойнаси, қалб эса инсон ҳаёти учун зарур бўлган энг нозик ва ҳассос аъзодир. Шунинг учун хам муқаддас динимизда қалбни турли иллатлардан асраш тарғиб қилинган. Қалбни асрашда аввало тилга алохида етибор бериш лозимлиги таъкидланади. Чунки, тил қалбга яқин жойлашган бўлиб, унинг ростгўй ва тўғрилги ёки аксинча бўлишлиги қалбга таъсир ўтказади.
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Банданинг қалби тўғри бўлмагунча имони комил бўлмади. Тили тўғри бўлмагунча қалби Тўғри бўлмайди ». Имом Ахмад ривояти.
Тилимизнинг тўғри бўлишлиги бошқа аъзоларимизнинг иши яхши бўлишлигига сабаб бўлади.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтганлар: “Одам боласи тонгда уйғонганида барча аъзолари тилидан талаб қилишиб, бундай дейишади: ”Бизнинг ҳаққимизда Аллоҳдан қўрқ! Биз сенга боғлиқмиз, сен тўғри бўлсанг, биз ҳам тўғри бўламиз” (Имом Термизий ривояти).
Бошқа аъзоларга қараганда тилимизнинг имконияати кенг бўлганлиги боис, динимизнинг таълимотида тилга алоҳида еътибор билан қаралади. Шунинг учун Расулулуоҳ (с.а.в.):” Ким менга икки жағи ва икки оёғи орасидаги нарсани нарсани сақлашга кафолат бераса унга жаннатга киришни кафолат бераман”,деб марҳамат қилганлар.
Парвардигор ўзининг ”Мутакаллим”, яъни сўзловчи деб аталмиш сифатида башариятга хам озгина улуш берган екан, биз инсонлар буни катта неъмат деб билиб, ундан фақат хайрли мақсадларда фойдаланмоғимиз лозим. Бу неъматнинг қадри қанчалик баланд бўлса, унинг ҳақи хам, шукри ҳам шунчалик буюк бўлади. Аллоҳ таоло инсонга унинг оғзидан чиқаётган ҳар бир сўзи ҳисобга олиниши, у Аллоҳ таолонинг назаридан беэътибор қолмаслигини эслатади.
“Зотан, ўнг ва чап (томон) да ўтирган икки (ёзиб турувчи фаришта) қабул қилиб (ёзиб) турурлар. У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир” (“Қоф”, 1718).
Оғиздан чиқаётган ҳар бир гап номаи аъмолга ёзилишини ҳис қилган киши хақиқий мўмин бўлади ва у ҳеч қачон беҳуда сўзларни сўзламайди.
Сўзамоллик ва сергаплиқ маҳмадоналик ва эзмалик динимизда қораланган қусурлардандир. Айримлар сохта қофиялар билан нутқларни безаб, ёдлаб олинган иборалардан ҳаддан кўп фойдаланиб атрофдагиларга ёқмоқчи бўлишади. Ҳолбуки, Расулуллоҳ (с.а.в.): «ҳақиқатда, сергап, бехуда жаврайдиган ва езмаланадиганлар менга ёмон кўринганлардандир ва қиёматда мендан енг узоқлашганлардир», деганлар.
(Имом Термизий ривояти).
Қолаверса, фойдасиз гап – сўзлар ҳаммамизнинг вақтимизни олиб, фойдали ишларимиздан қолдиради. Кайфиятимизга салбий таъсир қилиб, руҳимизни туширади. Улуғ аждодларимиз:”Кўп ўйла, оз сўйла, бўлмаса тек тур”, дейишган. Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Тилингдан бошқа узоқ вақт қамаб қўйишга лойиқ ҳеч нарсанг йўқ”, деганлар.
Ҳазрат Аҳмад Яссавий вайсақи ва сергаплардан безор бўлиб қуйидаги байтни битганлар:
“Оғзи очуқ, нафси улуғ мисли лаққа,
Нодонлардин қўрқуб Сенга келдим мано”.
Солиҳ салафлар оз сўзлашни, сўзлашса ҳам фақат рост, зарур ҳамда фойдали сўзлашни ўзларининг одатларига айлантириб, қолганларни ҳам шунга даъват этишган.
Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в): “Кишининг ҳар бир эшитган нарсасини гапириши ёлғонлигига кифоя қилади”, деганлар (Имом Муслим (р.а.) ривояти).
Тилимизни бошқара олмаслигимиз сабабли бошимиз узра доимо ташвиш ва хатарлар чарх айланиб туради. Шунинг учун ҳам мўмин мусулмонларнинг меҳрибон йўлбошчиси ва улуғ муаллими жаноби Пайғамбаримиз cаллоллоҳу алайҳи васаллам ҳар хил олдиқочди сўзлар билан Парвардигорнинг неъмати бўлган умримизни исроф қилмасликни маслаҳат берганлар.
Расулуллоҳ cаллоллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳуга: “Эй Муоз, барча яхшиликларнинг калити нималигини айтайми?” дедилар. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу: “Айтинг, эй Аллоҳнинг расули”, деганларида, жаноби Пайғамбаримиз муборак тилларига ишора қилиб:
“Мана бунга эҳтиёот бўлгин”, деб таъкидладилар. Шунда Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу: “Эй, Аллоҳнинг расули, гапираётган гапларимиз учун ҳам жавоб берамизми?”, деганларида Расулуллоҳ cаллоллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Муоз, инсонларнинг юз тубан жаҳаннамга улоқтирилишларига сабаб тилларидан бошқа нима ҳам бўлиши мумкин?” деб жавоб бердилар Имом Термизий ривояти.
Ҳақиқатан, бизнинг бу дунёдаги ҳаётимиз ва охират майдонидаги мартабаларимизни белгилаб борувчи омил – тилимиздир.
Биз қайерда бўлмайлик: оиламизда, дўстлар даврасида, жамоат ўртасида доимо сўзлаётган гапларимизни назорат қилмоғимиз ва тилимизда хушёр посбон бўлмоғимиз шартдир. Бу борада Расули Акрам cаллоллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда марҳамат қилиб айтадилар: “Гапи кўп одамнинг хатоси кўп бўлур, хатоси кўп одамнинг еса гунохи кўп бўлади, хатоси кўп одамнинг еса борар жойи жаннат бўлиши мушкул, кимки Аллох таолоа ва қиёмат кунига иймони бўлса, яхшиликдан гапирсин, яхши гапи бўлмаса сукут салақсин”.
Расулуллоҳ cаллоллоҳу алайҳи васалламнинг сукутлари узун буларди. Гапирсалар, орқама – орқа сўзламасдилар, балки тўхтаб тўхтаб ва яхши тушунилиши учун сўзларни такрорлаб – такрорлаб гапирардилар.
Тилимизда ҳазил – мутойиба, қочириш, шама, киноя мубоҳ бўлса – да, меъёрини сақлаган маъқул. Агар рост сўзланса, бир оз ҳазил мутоибадан қайтарилмайди. Пайғамбаримиз cаллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳазил қилардилар ва рост сўзни айтардилар.У зот бир кишига:”Эй икки қулоқ эгаси!” – деганлар Имом Термизий ривояти. Бошқа бир кишига: “Мен сени туянинг боласига миндираман”, дедилар Имом Термизий, Абу Довуд ривояти.
Тилга бефарқлик ва эътиборсизликнинг бир кўриниши сўзни гуноҳ ишларда қўллашдир, яъни сирни ошкор этиш ва ваъдага вафо қилмаслик, сўз ва қасамда ёлғон гапириш, бировларни мазах ва кулги қилиш, ғийбат ва миш – мишларни тарқатишнинг ҳаммаси динимизда ман этилган.
Икки дунёда нажот топишимизнинг асоси ҳамда камолотимиз белгиси лағв бемаъни, беҳуда гаплардан сақланишимиздир. Аллоҳ таоло Қурони каримда бу ишнинг муҳим еканлигига ишора қилиб, уни икки фарз амал, яъни намоз ва закотнинг ўртасида зикр қилган:
“Мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида ўзларини камтар тутувчилардир. Улар беҳуда (сўз ва ишлардан) юз ўгирувчидирлар. Улар закотни адо этувчидирлар”. (“Муъминун”, 14).
Улуғларимиз, саҳобалар, алломалар кам гапириб, кўп эшитишган, тилга эрк беришдан қочиб оғизларига баъзан тош солиб юришган. Уларнинг бу ибратли ишлари барчамизга одат булиши лозим.
Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Ичиндаги ичиндадир” деб номланган асарида гўзал бир ривоят бор: Хазрати Усмон розияллоҳу анҳу халифа бўлиши билан минбарга чикди ва халк: “Ажабо, нима дер экан?” деб кутди. Бироқ Хазрат Усмон розияллоҳу анҳу индамади. Ақалли бир сўз ҳам айтмади. Фақат боқди ва халкда шундай бир ҳол пайдо булди, ҳеч кимда таш қарига чиқишга мадор қолмади. Шу вақтгача қилинган юзлаб хутбалар чоғи бундай ҳол ҳосил бўлмаган, мўминлар бундай ҳол соясида ўзлари учун фойда ва сирларни хеч качон бунчалик куп кашф этишмаган эди. Усмон розияллоҳу анҳу йиғин тугагунча гапирмади. Фақат минбардан тушаётганида: “Сиз учун фаол имон маҳмадона имондан хайрлидир”, деди. У ҳак гапни айтди. Чунки, сўз айтмокдан мақсад бир фойда бермоқ, қалбга таъсир этмоқ, ахлоқни узгартирмоқ ва ҳоказо яхшиликлар қилмокдир.
Ҳолбуки, Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ломмим демаса хам, гапирган вақтидагидан купроқ фой¬да келтирди.
Исломнинг асоси Куръони карим оятларида, Пайғамбаримиз cаллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида тилга эрк бериш ёлғон ва хато, ғийбат ва чақимчилик, риё ва нифоқ, фаҳш ва ифлослик, хусумат ва ажралиб кетиш, ахлоқсизлик ва дилозорлик каби офатларга олиб келиши маълум қилинади. Шунинг учун:
“Ким тилини тийибди, нажот топибди”, - дейилади.
Лекин тилни сақлайман деб, бутунлай жим туриш лозим эмас, сўзларни эса ушбу турт қисмга ажратиш мумкин:
Биринчиси: фақат зарарли.
Иккинчиси: фақат фойдали.
Учинчиси: зарар ҳам, фойда ҳам бор.
Тўртинчиси: униси ҳам, буниси ҳам йуқ.
Биринчи ҳолатда мутлақо сукут зарур. Иккинчисида сўзлаш лозим.
Учинчисида агар фойдали томони ғолиб бўлса, сўзлаш керак. Тўртинчисида сукут лозим. Чунки, фойда ҳам зарар ҳам йуқ нарса билан шуғулланиш вақтни зое кеткизишдан ўзга нарса эмас.
Тилни тия олмаганимиз оқибатида бошимизга катта фалокатлар келиши мумкин. Шунинг учун бизнинг ғамхўр ҳабибимиз Расули акрам тилимизга хўжайин бўлишни ва ўйлаб сўзлашни буюрганлар ва тилга эътиборли бўлган, уни ғийбат, бўҳтон, ёлғон ва бошқа гуноҳга сабаб бўлувчи гапсўзлардан сақлаган кишига жаннат кафолатини берганлар. Шундай екан ҳамма вақт ва ҳамма жойда ёлғон сўзлаш маслигимизни, ўзгаларнинг ғийбатини қилиш, уларнинг гўштини ейиш билан баробарлигини ҳамда туҳмат ва ёлғон гувохлик беришимиз энг катта гуноҳлардан эканлигини доимо есда тутмоқлигимиз лозим, тилдан узаро муомалаларимизда фикрларимизни баён қилишда, ички кечинмаларимизни ифодалашда чиройли ва меъёрида фойдаланишимиз мақсадга мувофиқдир.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ cаллоллоҳу алайҳи васалламнинг: “Гапирганда худди сигир тилига хашак ўрагани каби сўзни бураб гапирувчиларни “Аллох, таоло ёмон кўради”, деганлари келтирилади. Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти.
Қалбни асраш, тилни эхтиёт қилишдир. Қалб эса ҳамиша эзгу ва ширин сўзларга доимо ташна бўлади. Мана шу ташналикни мулойимлик ва ширинзабонлик билан қондиришимиз бизнинг мўминлик хусусиятларимиздандир.
Одамзоднинг асли зуваласи сувдан ва тупрокдандир. Бир кишининг табиатида сув унсури ғолиброқ бўлади. Уни латифлик ва риёзат билан тарбиялаш лозим. Агар унга қаттиққўллик билан муомала қилинса, у ўзгаради, айнийди, сўнг мақсадга етиб бўлмайди. Бошқа бир кишининг табиатида эса тупроқ унсури ғолиб бўлади, унга қаттиққўллик билан муомала қилмоқ лозим.
Бу борада Куръони каримда шундай дейилади: “Сизларга Раббимнинг топшириқларини етказаяпман ва мен сизларга ишончли насихатгўйдирман” (“Аъроф”, 88).
Ушбу оятда жоҳил кишилар билан хам дағал муомалада бўлмаслик, балки мунозара, ширинсўзлик билан гап уқтириш лозимлиги баён этилган.
Афлотун айтади: “Баданнинг куввати овқат, ақлнинг қуввати эса хикматли сўзлардир, донолик ва донишмандликдир. Овқатсизликдан бадан ҳалок бўлгани каби акл ҳам яхши, ҳикматли сўзлардан айрилса, ҳалок бўлади”.
Мулоҳазалилик ва андишалик донолик белгисидир. Доно диққат билан тинглайди ва фойдали сўз айтиб оқиллигини намо ён этади. Меъёридан ортиқ сўзлаш, тингловчини бездиради, окибатда сўзлар меҳрга эмас нафратга сабаб бўлади. “Севдирган ҳам тил, бездирган ҳам тил деган мақол бежиз айтилмаганда! Бузургмеҳрнинг “Зафарнома” асаридаги ушбу ҳикматли сўзни эътибор билан эшитайлик: “Дедим: “Оқил ким?” Деди: “Кам гапириб, кўп тинглайдиган, кўп биладиган одам””. Парвардигор барчамизга оқиллар билан хамсуҳбату ҳамнишин бўлишни насибу рўз айласин.
Ислом динининг маърифат намояндаси форстожик адабиётининг сардафтари, шариф шаҳримизда ихлос ва эътиқод ила ижод килган Абу Абдуллоҳ Рўдакийнинг:
“Кўп сўз айтиб бўлдим пушаймон,
Айтмаганимдан доимо шодман”
деган бебаҳо сўзларини асло унутмайлик.
Тилимизни тафсиру таъриф қилар эканмиз, яна бир карра сўз заргари ҳазрат Румийни эслаб, бу улуғ мутафаккирдан тилни авайлабасрашни, сўзнинг қадрига етишни ўрганайлик: “Ул қизил юзнинг сўзи — шукри сано, лек сариқ юз нолиши — жабру жафо”, “Муддао сўз сўзламоқдан — англатиш”, “Бузуқ сўзлар бузуқ кўнгилларга хуш ёкар”, “Бир оғиз сўз мурдага бағишлар жон”, “Суз — кийим, маъно — кийим ичра яширин сирлардир”, “Жавоб бермаслик ҳам ўзига хос жавобдир”.
Агар бизларнинг ақлимиз гапсўзимиз микдори билан ўлчанганида эди, энг сергапимиз ақлли ҳисобланардик. Саодат асрининг бошида мусулмонларда тортишув кам, амал кўп бўлган. Илк мусулмонлар сўзга бахил, молга сахий бўлганлар. Кейингиларда эса тортишув кўп, амал оз бўлди. Сўзда сахий, молда бахилга айланишди. Сўфи Оллоёр айтади:
Ямон тил икки оламда зарардир,
Гаҳи исён, гаҳи хавфу хатардир.
Ямон тил шумлиги гоҳ жонга ургай,
Гаҳи жондин ўтиб имонга ургай.
Аллоҳ таоло биз бандаларининг ташқи кўринишимизга, айтаётган сўзларимизга эътибор қилмайди, балки қалбимиз, ҳолимизга қарайди.
Лекин энг муҳими фикримизни ифодалаётган сўзимиз чин кўнгилдан чикдими ё йўқми? Кўнгил бу бир боғ. Боғнинг боғбони бу фикр бўлиб, у сўз куроли билан уни обод этади. Ана шу боғ яшнамаса, тур¬фа меваларга сероб бўлмаса, сўзда таъсир бўлмайди.
Оқил инсонларнинг суҳбатини тинглаб, вақтида ўринли жавоб бера билиш одамга ҳурмат келтиради. Аммо ҳеч ким кўп сўзлаб доно бўлган эмас.
Лекин кўп эшитиб кўпчиликка бош бўлганлар бисёр. Камгаплик доноликнинг белгисидир.
Ҳаммамиз ҳар куни ҳамма ибодатларимизда Парвардигордан аҳамиятсиз сўзлардан сақланишни сўрайлик. Охиратимизда ҳадиси шарифда баён қилинганидек: “Қиёмат кунида гунохи кўп бўладиган киши бу дунёдалик вақтида аҳамиятсиз сўзни кўп сўзлаган кишидир”, деганлардан бўлиб колмайлик.
Шоир айтганидек,
Ҳар ким ўз аҳволига сўзга киришса яхшидир,
Бемаҳал сақлаб сукут ўлтирса девор нақшидир.





“Ҳожи Маҳмудхон Валихон ўғли”
жоме масжиди имом хатиби К.Шодмонов
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар фаолиятларидан лавҳалар
Ўзбекистон мусуомонлари идораси Навоий вилояти шаҳар ва туманларда фаолият юритаётган отинойилар учун 1 кунлик ўқув семинари ташкил қилинди.
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш